СИЗ БОРСИЗ — БАХТ БОР


Ҳар бир инсон ҳаётида онаси – беқиёс қимматга эга. Мен учун онам – ҳақиқий меҳри дарё, жаннатимдир. У ҳақида сўз кетса, кўзларимга беихтиёр ёш келади, болалик хотиралари кўз олдимда гавдаланади. Онажоним мени “ўзимнинг ойқизим, қуёшим” деб эркалатар, қўлларимни силаб, келажагим ҳақида орзу қилар эди. Унинг севги ва ишончи орқали мен ўз орзуим – беморларга ёрдам бериш бахтига эришдим.
Ҳамон эсимда, болаликда кўчамиздаги қўшни қизлар билан ўйнаганда ўзимча «шифокор» бўлиб, уларни даволардим. Шу орзу менинг ҳаёт йўлимни белгилаб берди: пойтахтимиздаги 1-сонли тиббиёт билим юртини муваффақиятли тамомладим ва ҳозир Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиалида ҳамшира сифатида фаолият юритяпман. Бундан ота-онам беҳад қувонарди.
Аммо ҳаёт ҳаммани бирдай синовдан ўтказади. Кутилмаганда, отам Генжебай Арзуов бу дунёни тарк этди. Ўшанда онам­нинг кўз ёшлари тўхтамай, уйқусиз тонг оттириб, фарзанд­лари ҳақида қайғурди. Қон босими кўтарилар, боши оғрирди. Шунга қарамай, у сир бой бермай, эрталаб мактабга шошарди. Ҳалиям отам ҳақида гап кетса, кўзларига ёш қуйилиб келади.
Онам Зинахон Хўжамуратова кўп йиллар пойтахтимиздаги 29-сонли умумтаълим мактабида ёш авлодга таълим-тарбия берди. Эндиликда нафака гаштини сурмоқда. “Она қадрини она бўлганда биласан”, деганлари ҳақиқатан ҳам рост.
Турмуш, фарзандлар ва касб – барчаси онамнинг орзулари билан боғлиқ.
Турмуш ўртоғим билан биргаликда икки ўғил ва бир қизни тарбиялаб, уларни вояга етказдик. Катта ўғлимни уйлантирдим ва неварали бўлдим. Уй, бола-чақа, иш – ҳаммаси бир-бирига боғлиқ. Касбимдан кўнглим тўқ. Буларнинг барчаси меҳри дарё онамнинг ҳиссасидир.
Азиз ва меҳрибон онажоним, қадрли опа-сингиллар гўзал ва мунис аёллар! Сизларни 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Она-меҳр тимсоли, сабр ва матонат намунаси.
Сизга узоқ умр, мустаҳкам соғлик тилайман. Сизнинг дуо ва меҳрингиз биз учун энг катта бахт ва таянчдир.
Салтанат АРЗУОВА,
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиали
неврология бўлими ҳамшираси.