АДОЛАТ ПОСБОНАЛАРИГА ЮКСАК ЭЪТИРОФ


Адолат — жамият барқарорлигининг мустаҳкам пойдеворидир. Унинг мустаҳкамлиги эса қонун устуворлигига садоқат билан хизмат қилаётган фидойи инсонлар, айниқса, ўзининг матонати, билим ва адолатпарварлиги билан юксак масъулиятни зиммасига олган судьялар фаолиятига бевосита боғлиқ. Айниқса, бу шарафли касбда фаолият юритаётган аёл судьяларнинг ҳиссаси сўнгги йилларда тобора юксак эътирофга сазовор бўлиб бормоқда.

Жорий Халқаро-хотин қизлар байрами арафасида Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг “10 март – халқаро аёл судьялар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармони асосида соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни чуқурлаштириш, одил судловни адолат, холислик ва шаффофлик тамойиллари асосида амалга ошириш орқали фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ аёл судьялар давлатимизнинг юксак орден ва медаллари билан тақдирланди.

Мазкур фармон билан Қорақал­поғис­тон Республикаси судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси Гулистан Ешназарова «Жасорат», Қорақалпоғис­тон Республикаси маъмурий судининг судьяси Жанат Аймаганбетова “Шуҳрат” медали билан тақдирлангани давлатимиз раҳбарининг қорақалпоғис­тонлик судья аёлларига кўрсатган ­эътибори ва уларнинг суд тизимидаги фидокорона меҳнатларининг муносиб эътирофи бўлди.

“Жасорат” медали соҳибаси Гулис­тан Ешназарова фаолияти давомида суд корпусининг нуфузини ошириш, иқтисодий муносабатларда қонунийликни таъминлаш ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида салмоқли ишларни амалга ошириб келмоқда.

— Судьялик бу — чуқур билим, холислик ва принципиалликни талаб этади, — дейди Гулистан Ешназарова.  — Судья учун энг катта масъулият — ҳар бир иш тақдири ортида инсон тақдири турганини англаб қарор қабул қилишдир. Адолатни таъминлаш — бу нафақат қонунни қўллаш, балки инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш демакдир.

Жумладан, 2023–2025 йиллар давомида у биринчи инстанция тартибида 13 та иқтисодий ишни кўриб чиқади. Шунингдек, апелляция, кассация ва тафтиш тартибида маъруза қилган иқтисодий ишлари 210 тани, раислик қилган ишлари эса 246 тани ташкил этди. Бу рақамлар судьянинг фаоллиги ва ишга бўлган масъулиятли муносабатини яққол намоён этади.

Сўнгги йилларда у суд амалиёти бўйича 7 та умумлаштириш ишларида бевосита иштирок этди. Бу каби таҳлилий ишлар суд амалиётидаги мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этади.

Судьянинг ҳар бир қарори нафақат муайян иш тақдирига, балки жамиятда адолатга бўлган ишончга ҳам таъсир кўрсатади.

Бугун мамлакатимизда аёлларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Суд тизимида фаолият юритаётган аёл судьялар эса ўзининг билим ва салоҳияти, принципиаллиги ва адолатпарварлиги билан бу соҳада ҳам юксак натижаларга эришиш мумкинлигини амалда намоён этмоқда.

Гулистан Ешназарова каби фидойи судьялар фаолияти шуни кўрсатадики, адолат йўлида хизмат қилиш — бу нафақат касб, балки юксак масъулият, матонат ва фидойиликни талаб этадиган ҳаётий вазифадир.

Гулайым Ганиева,

Қорақалпоғистон Республикаси судининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўйича бош консультанти.