ИНСОН ҚАДРИ ВА ТАРАҚҚИЁТ УЙҒУНЛИГИ — БУНЁДКОРЛИК РУҲИ ЮКСАЛГАН ЗАМИН


Қорақалпоғистон Республикаси улкан табиий бойликлар, кенг ҳудуд ва стратегик имкониятларни ўзида мужассам этган муҳим минтақадир. Марказий Осиё юрагида жойлашган ушбу ҳудуд сўнгги йилларда саноат, энергетика ва инфратузилма йўналишларида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар ҳисобига янги иқтисодий босқичга кўтарилмоқда. Нукус, Тахиатош ва Хўжайли каби ҳудудлардаги бунёдкорлик ишлари ишлаб чиқариш ҳажмини изчил оширишга хизмат қилмоқда.

— Агар бунга кимдир шубҳа билан қараса — марҳамат, Мўйноққа келиб кўрсин, – дейди Мўйноқ тумани ҳокимининг ўринбосари Мурат Жумабаев. – Бир вақтлар дунё харитасида экологик фожиа рамзи сифатида тилга олинган ушбу ҳудуд бугун мутлақо янги қиёфада намоён бўлмоқда. Олис овулларда ҳам кенг ва равон йўллар барпо этилмоқда, янги уйлар қурилмоқда, замонавий объектлар қад ростламоқда. Бу — Мўйноқда бошланган янгиланишлар самарасидир.

Бу каби ишлар изчил давом эттирилиши мақсадида Президент Шавкат Мирзиёев 2026 йил 20 февралда Қорақалпоғистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиши юзасидан йиғилиш ўтказиб, устувор вазифаларни белгилаб берди.

– Мазкур эътибор ҳудуднинг барқарор ривож­ланиши учун муҳим қадам бўлди, -дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулжан Халмуратова. – Бу ўзгаришлар тасодиф эмас. Сўнгги йилларда саноат, хизматлар, энергетика, туризм ва рақамли технологиялар соҳасида йирик лойиҳалар амалга оширилди. Янги саноат корхоналари, IT парклар ва энергетика қувватлари ишга туширилиб, иқтисодий ўсишнинг асосий драйверига айланди. Энг муҳими, бу янгиланишлар аҳоли ҳаётида яққол сезилмоқда: иш ўринлари кўпайди, даромад манбалари кенгайди, ёшлар ўз келажагини шу ернинг ўзида кўра бошлади.

2023 йил 2 февралдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Қорақалпоғис­тонда аҳоли учун муносиб турмуш шароитлари яратиш ва маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш чора-тадбилари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ шаҳар ва туманларда 21 мингдан ортиқ уйнинг томини таъмирлаш, 709 та авария ҳолатдаги уйни янгидан қуриш белгиланган эди. Бугунги кунга келиб, 17 мингдан зиёд уй таъмирланди, 326 та янги турар-жой янгидан қад ростлади. Маҳаллаларда йўллар таъмирланиб, муҳандислик тармоқлари яхшиланди, ичимлик суви ва электр таъминоти барқарорлашди. Илгари йиллаб ечим топилмаган муаммолар бугун ўз ечимини топмоқда. Энг муҳими, бу ўзгаришлар нафақат марказларда, балки чекка қишлоқларда ҳам амалга оширилмоқда.

 

САНОАТНИНГ ЯНГИ ДАВРИ

– Ҳудудимизда “Kungrad Salt Free Zone” саноат зонасининг ташкил этилиши тарихий воқеа бўлди, – дейди Қўнғирот тумани ҳокимлиги ­масъул ходими Айдос Нурдавлетов. – Бу ерда зарур инфратузилма барпо этилиб, тузни қайта ишлаш лойиҳалари йўлга қўйилмоқда. Жорий йилда камида 50 миллион долларлик инвестиция ўзлаштирилиши, йирик хорижий инвесторларни жалб этиш ва янги экспорт бозорларини очиш режалаштирилган. 2026–2030 йилларда эса 200 миллион долларлик сармоя ҳисобидан саноат ва инфратузилмани янада ривожлантириш кўзда тутилган.

Статистик маълумотлар ҳам бу ўзгаришларни тасдиқлайди. Хусусан, 2016 йилда 8,5 триллион сўмни ташкил этган ялпи ҳудудий маҳсулот ҳозирда 54,3 триллион сўмга етди. Хизматлар соҳаси ҳажми 35 триллион сўмдан ошди. Ўтган йилнинг ўзида 177 мингдан ортиқ аҳоли бандлиги таъминланиб, 83 минг нафар фуқаро камбағалликдан чиқарилди. Бу рақамлар иқтисодий ўсиш билан бирга, ҳар бир оила ҳаё­тидаги ижобий ўзгаришларни ҳам ифода этади.

 

“ТЎФОННИ ТЎСГАН ЯШИЛ ҚАЛҚОН

– Орол билан боғлиқ экологик ўзгаришлар ҳудуд тараққиётининг муҳим қисмига айланмоқда, -дейди Қорақалпоғистон Республикаси Экология қўмитаси раисининг ўринбосари Жубат Кушбанов. – Қуриб қолган денгиз тубида миллионлаб гектар яшил майдонлар барпо этилаётгани экологик вазиятни босқичма-босқич яхшиламоқда. Бу нафақат табиатни тиклаш, балки янги иш ўринлари яратишга ҳам хизмат қилмоқда.

Бу саъй-ҳаракатлар иқтисодиётда ҳам ўз самарасини бермоқда: экспорт улуши 30 фоизга етди. Ҳудуднинг табиий ресурслари — цемент, қурилиш тошлари, гипс, шиша хомашёси каби бойликлар йирик саноат кластерлари учун ­мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Шу билан бирга, ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, иқлимга мос янги экин турларини жорий этиш, доривор ўсимликлар етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш, агросаноат мажмуаларини ташкил этиш ҳам устувор вазифалардан саналади.

Қорақалпоғистоннинг келгуси беш йиллик ривожланиш параметрлари аниқ белгилаб олингани ҳудудлар ривожини янги босқичга кўтаради. Жумладан, ялпи ҳудудий маҳсулотни 102 триллион сўмдан ошириш, саноат ва хизматлар соҳасида 7 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Шунингдек, экспортни 900 миллион долларга етказиш, ишсизликни 4,2 фоизгача, камбағалликни эса 3,2 фоизгача камайтириш вазифалари қўйилган.

Айни пайтда  айрим шаҳар ва туманларни ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантиришга қаратилган манзилли чоралар бошлаб юборилди.

Келгуси йилларда ҳудудга тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажмини 2,5 баробар ошириш мақсад қилинган. Иқтисодиётни диверсификация қилиш мақсадида сунъий интеллект маркази, автомобиль бутловчи қисмлар кластери, базальт толаси ишлаб чиқариш ва чиқиндиларни қайта ишлаш каби йирик лойиҳалар йўлга ­қўйилмоқда.

– Ёшлар ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш мақсадида IT университети, стартап технопарклар ва интеллектуал марказлар ташкил этилмоқда, -дейди Қорақалпоғистон Республикаси  мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва рақамлаштириш бўлими бош­лиғи Бегдияр Телуов. – Бу марказлар ёшларни маҳаллий саноат, агро-технологияларда фаол иштирок этишга ундайди. Шу билан бирга, мактабларда IT ва компьютер технологияларни ўрганиш имкониятлари кенгаймоқда.  “Smart Class” синфлари ва рақамли муҳитдаги машғулотлар ўқувчиларни сунъий интеллект, дастурлаш ва замонавий технологиялардан фойдаланишга ўргатади. Уларни жамият ва иқтисодий тараққиётнинг фаол иштирокчиларига айлантиради.

 

“БОРСА КЕЛМАС” — ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАР МАНБАИ

Кейинги йилларда Президентимизнинг фақат Қорақалпоғистонга оид алоҳида фармон ва қарорлари қабул қилиниб, ҳудудни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар Оролбўйи аҳолисининг эртанги кунга бўлган ишончини янада оширмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 ноябрдаги “Қорақалпоғистон республикасида тузни қайта ишлашни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида Қорақалпоғистон Республикасидаги «Борса келмас» туз конининг мавжуд имкониятларидан самарали фойдаланишга қаратилган бир қатор йирик лойиҳалар амалга ошириш назарда тутилган. «Kungrad Salt Free Zone» саноат зонасини ташкил этиш, «Борса келмас» туз конида қўшимча инфратузилма барпо этиш орқали тузни қайта ишлаш учун қулай шароит яратиш, камида 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестицияларни ўзлаштириш, дунё бозоридаги йирик инвесторларни жалб қилиш ва янги экспорт бозорларини ўзлаштириш кабилар шулар жумласидандир.

Шунингдек, ушбу саноат зонасида икки йилда 50 гектар ер участкасида инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, келгуси йилларда эҳтиёж­дан келиб чиқиб, Саноат зонаси ҳудуди 200 гектаргача кенгайтириб борилиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, транспорт-логистика салоҳиятини ошириш мақсадида Қўнғиротда халқаро стандартларга жавоб берадиган “қуруқ порт” ташкил этиш, ичимлик суви таъминоти, йўл қурилиши ва коммунал инфратузилмани яхшилашга катта эътибор қаратилмоқда.

Энг муҳими, амалга оширилаётган бу ислоҳотлар мард ва бунёдкор халқнинг турмуш даражасини юксалтиришга, ҳудуднинг барқарор иқтисодий ўсишига мустаҳкам замин яратмоқда.

Ғайрат ОТАЖОНОВ.