
Жорий йилнинг 3 апрель куни “Оқ қуш” мажмуасида “Медиа ҳафталик” тадбирларининг якунига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази директори Қобилжон Аҳмедов сўзга чиқиб, ушбу йирик лойиҳанинг айнан Қорақалпоғистондан бошланаётгани бежиз эмаслигини таъкидлади. У сўнгги йилларда ҳудудда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари ва янгиланишларга алоҳида тўхталиб ўтди. Шунингдек, мазкур йирик медиа лойиҳа журналистлар, блогерлар ва матбуот котибларининг малакасини ошириш, балки соҳага қизиқувчи ёшларни замонавий миллий контент тайёрлашга ўргатишга қаратилгани қайд этилди. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Аппарати ахборот хизмати бўлими бошлиғи Азамат Ажимуратов ҳам сўзга чиқиб, сўнгги йилларда ҳудудда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни медиа соҳасида ёритиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан тақдимот қилди. Шунингдек, тадбирда иштирок этган журналистлар ва ёшлар ўз таассуротлари билан ўртоқлашиб, мазкур лойиҳа келгуси фаолиятларида янада жонли ва сифатли контент тайёрлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар. – Медиа ҳафталик давомида иштирокчилар иқтисодий таҳлил, статистик маълумотлар билан ишлаш каби қатор йўналишларда замонавий технологиялардан фойдаланиш бўйича тажриба оширишди, – дейди «Қарақалпақстан жаслары» газетаси бош муҳаррири Арухан Турекеева. – Шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни ёритиш, ижтимоий тармоқларда тезкор ахборот тарқатиш жараёнида фактларни текшириш кўникмалари бўйича ҳам амалий тавсиялар берилди. Мазкур ҳафталик мамлакатимиз тарихида илк бор барча ҳудудларни қамраб олган кенг кўламли медиа-таълим лойиҳаси сифатида алоҳида аҳамият касб этмоқда. Унда замонавий технологиялар ва сунъий интеллект воситаларини ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратилгани иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Алоҳида таъкидлаш жоизки, тадбир давомида замонавий ахборот маконида долзарб аҳамият касб этаётган масалалар — ижтимоий тармоқларда самарали ишлаш, фейк ахборотларга қарши курашиш ҳамда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш каби йўналишларга ҳам катта эътибор қаратилди. Тадбир иштирокчилари таъкидлаганидек, “Медиа ҳафталик” нафақат назарий билимларни ошириш, балки амалий кўникмаларни мустаҳкамлаш, соҳадаги долзарб муаммоларни муҳокама қилиш ва янги ечимлар ишлаб чиқиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилди. “Медиа ҳафталик” якуни: 230 нафардан ортиқ иштирокчига сертификат топширилди Маросим якунида семинарларда фаол иштирок этган 230 нафардан ортиқ теле, радио, газета журналистлари, блогерлар ва медиа соҳаси ходимлари ҳамда ёш иштирокчиларга сертификатлар тантанали равишда топширилди. Бу эса уларнинг саъй-ҳаракатлари ва фаоллигининг муносиб эътирофи сифатида алоҳида аҳамият касб этди. Қорақалпоғистонда ўтказилган “Медиа ҳафталик” медиа соҳаси вакиллари учун нафақат билим ва тажриба манбаи, балки янги ғоялар, самарали ҳамкорлик ва илҳом майдонига айланди. Ишонамизки, ҳамкасбларимиз ва ёшларнинг “Медиа ҳафталик”да олган билимлари миллий контент тайёрлашга, унинг тараққий этиши учун муҳим қадам бўлади. Ғ.Отажонов, журналист



