«Ёрдамчи хўжаликлар» фаолияти кенгаймоқда


Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва унинг тизимидаги ташкилотларда ишчи-ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг даромадларини ошириш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида “Ёрдамчи хўжаликлар” ташкил этиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.

Бу борада Президентимизнинг тегишли фармон ва қарорлари асосида сув фонди ер майдонларидан самарали фойдаланиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Ҳамраев томонидан берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида барча тизим ташкилотларига тегишли кўрсатмалар берилган. Ушбу вазифалар асосида сув хўжалиги ташкилотларида чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, қуёнчилик, асаларичилик ҳамда иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш, шунингдек, соҳадаги мавжуд ер майдонларида қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ишлари амалга оширилмоқда.

— Айниқса, ишчи-ходимларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда, — дейди Қорақалпоғис­тон Респуб­ликаси Сув хўжалиги вазирлигининг ёрдамчи хўжаликларни ташкил этишга масъул ходими Алламберген Хожабеков. — Бунинг учун тизим ташкилотларида “Ёрдамчи хўжаликлар” ташкил қилиниб, ҳар бир ташкилот кесимида алоҳида “Бизнес режа”лар ишлаб чиқилди. Қора мол, қўй-эчки, парранда, курка, қуён, ғоз, ўрдак ва бедана бош сонини кўпайтириш, балиқчиликни ривожлантириш мақсадида сунъий ҳавзалар ташкил этиш ишлари йўлга қўйилмоқда.

Масалан, “Орол бўйи” дельта бош­қармаси томонидан Бўзатов туманида 0,75 гектар, Қирғоқ ҳимояловчи дамбалар ва ўзанларни тартибга солиш иншоотлар бошқармаси томонидан Элликқалъа туманида 0,5 гектарда сунъий балиқ ҳавзалари ташкил этилди ва балиқ чавоқлари ташланди. Сув хўжалиги ташкилотлари орасида “Суенли” ирригация тизим бошқармасининг “Киндик ўзак” гидроучасткаси, “Қувониш жарма” ирригация тизими бошқармасининг Нукус тумани ­гидроучасткасида ҳамда Беруний насос станциялари ва энергетика бошқармасининг Беруний тумани гидроучасткасидаги ёрдамчи хўжаликларининг ишларини бош­қаларга намуна қилиш мумкин. Мазкур ишларни барча ташкилотларда янада жадаллаштириш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш мақсадида 71,5 гектар майдонга кузги ғалла, 33,6 гектарга тўқсонбости экинлари экилиб, ҳозирги кунда парвариш ва суғориш ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, 31,3 гектарга картошка, 30,2 гектарга пиёз, 46,1 гектарга сабзавот, 28,0 гектарга ошқовоқ, 6 гектарга ­полиз экинлари экилди.

Бу каби амалий ишлар сув хўжалиги ташкилотларида қўшимча озиқ-овқат захирасини яратиш, ходимларни рағбатлантириш ва ички имкониятлардан самарали фойдаланишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Таъкидлаш жоизки, соҳада амалга оширилаётган бу каби ташаббус­лар ишчи-ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини оширишга хизмат қилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.