ЗАРАРЛИ ЧИГИРТКАЛАРГА ҚАРШИ КУРАШ КУЧАЙТИРИЛМОҚДА


Тахтакўпир туманида зарарли чигирткаларга қарши курашиш ва уларнинг тарқалишининг олдини олишга бағишланган махсус-тактик ўқув семинари бўлиб ўтди. Унда соҳа мутахассислари, қишлоқ хўжалиги вакиллари ҳамда тегишли ташкилотлар иштирок этди.

Бугунги кунда қишлоқ хўжалигидаги энг муҳим вазифалардан бири — экинларни зараркунандалардан ҳимоя қилиш ҳисобланади. Айниқса, чигирткалар каби тез кўпаядиган ҳашаротлар қисқа вақт ичида катта майдонларга зарар етказиши мумкин. Шу боис уларга қарши кураш ишларини олдиндан пухта ташкил этиш озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Семинарда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, Чигиртка ва тутпарвонасига қарши кураш хизмати, фавқулодда вазиятлар, соғлиқни сақлаш ҳамда ветеринария соҳалари мутахассислари иштирок этиб, ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.
Тадбир икки босқичда ташкил этилди. Дастлаб иштирокчиларга чигирткаларнинг ривож­ланиш босқичлари, уларнинг кўпроқ учрайдиган ҳудудлари ва профилактик чоралар ҳақида тушунчалар берилди. Шунингдек, кимёвий воситалардан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига алоҳида эътибор қаратилди. Эҳтимолий заҳарланиш ҳолатларида қандай йўл тутиш кераклиги ҳам амалий мисоллар орқали кўрсатиб берилди.
Семинарнинг амалий қисмида иштирокчилар дала шароитида зараркунандаларга қарши кураш жараёни, махсус техника ва ускуналардан фойдаланиш тартиби билан танишди.
Мутахассислар маълумотига кўра, Қорақалпоғистон ҳудудида чигирткалар ривожланиши мумкин бўлган майдон 3 миллион гектардан ортиқни ташкил этади. Ўтган йилги кузатувлар давомида 95 750 гектар майдонда чигиртка тухумлари аниқланган. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 2025 йилда 76 720 гектар майдонда кимё­вий ишлов бериш ишлари амалга оширилди. Ҳар йили ўртача 80–90 минг гектар майдон қамраб олинаётгaни масаланинг нақадар долзарб эканини кўрсатади.
— Айни пайтда респуб­лика бўйича 9 та махсус отряд шакллантирилган бўлиб, улар зарур техника ва воситалар билан таъминланган, — дейди Қорақалпоғистон ­Республикаси Чигиртка ва тутпарвонасига қарши кураш хизмати бошлиғи ўринбосари Атабек Даўков. — Жорий йилнинг 16 март санасидан бошлаб махсус отрядлар томонидан чигирткалар тухум қўйган ҳудудларни аниқлаш ишлари бошланди. Мутахассислар прогнозларига кўра, чигирткалар май ойининг иккинчи ярмида фаоллаша бош­лайди. Шу асосда асосий кураш ишлари ҳам айнан шу даврга ­режалаштирилган. Бу эса зараркунандаларга қарши кураш ишларини ўз вақтида ва самарали ташкил этиш имконини бермоқда. Чигирткага қарши кураш кечиктириб бўлмайдиган жараён. Вақтида кўрилган чоралар катта йўқотишларнинг олдини олади.
Тахтакўпир туманида ўтказилган мазкур семинар ҳам соҳада тажриба алмашиш, мутахассислар малакасини ошириш ва қишлоқ хўжалигида барқарорликни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ғ.МАДРЕЙМОВ.