ТАРБИЯЛАНУВЧИЛАРИ ХАЛҚАРО МАЙДОНДА ЭЪТИРОФ ЭТИЛАЁТГАН МАКТАБ


Мамлакатимизда бугунги кунда маданият, санъат ва адабиёт соҳасига қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликлар ўз самарасини бермоқда. Президентимизнинг жорий йил 2 июндаги “Маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим қадам бўлди. Айниқса, фармонда белгиланган кенг кўламли чора-тадбирлар соҳа вакилларини руҳлантириб, ишга, ижодга бўлган масъулиятини янада оширмоқда.

Хўжайли туманида фаолият юритаётган “Mery dance school” мактабида тарбияланаётган ёшлар эришаётган ютуқлари нафақат мамлакатимиз балки халқаро миқёсида ҳам кенг эътироф этилмоқда. Жумладан, яқинда Қирғизистон Республикасининг Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган VI Халқаро “Наристе” номли ёшлар фольклор фестивалида мазкур мактаб тарбияланувчилари фаол иштирок этиб, махсус сертификат билан тақдирланди. Қолаверса, “Mery dance school” мактаби асосчиси Мерихон Утехановага Италия давлатида хореографлар ўртасида ўтказиладиган фестивалга йўлланма берилди. Ҳа, бугун мактабнинг бу каби ютуқлари жуда кўп.

2024 йилда туман “Мик­рокредитбанк”нинг имтиёзли кредит  маблағлари асосида ўз фаолиятини бошлаган ушбу мактабда бадиий гимнастика, миллий ва замонавий рақслар, фольклор рақслари каби 10 та йўналишда 116 нафар ўғил-қизлар малакали тренер ўқитувчилардан санъат сирларини ўрганиб келишмоқда. Мактабга ўқувчилар асосан 4 ёшдан бошлаб қабул қилинади. Битирувчиларга сертификат берилади. Эътиборлиси, бу ерда катта ёшдаги хотин-қизлар учун мусиқа терапияси ҳам ташкил қилинган. Бунда аёлларимизга гўзал ва соғлом ҳаёт тарзига амал қилиш борасида дарслар ўтилади.

— Ҳар бир миллат ва элатни дунёга танитишда маданият ва санъатнинг ўрни алоҳида, — дейди  “Mery dance school” мактаби директори Мерихон Утеханова. — Маданият, санъат ва адабиётга эътибор қаратилган мамлакатда албатта юксалиш, ривожланиш, тараққиёт бўлади. Биз ҳам ана шундай эътибордан илҳомланган ҳолда маданият ва санъатимизни янада ривожлантириш, дунё миқёсига олиб чиқиш, миллийлигимизни тараннум этиш, ёш авлодга касбнинг сир-асрорларини ўргатиш, уларда санъатга бўлган қизиқиш ва иштиёқ уйғотиш, иқтидорини юзага чиқаришга кўмаклашиш, халқаро майдонда мактабимиз брендини яратишни мақсад қилганмиз. Болаликдаги орзуларим бугун катта режа ва мақсадларга туташганидан жуда хурсандман, — дейди суҳбатдошимиз.

Дарҳақиқат, Мерихоннинг мана шундай интилиш ва изланиш­лари ўз самарасини бермоқда. Фаолиятига ҳали кўп вақт бўлмаган бўлса ҳам мактаб ўқувчилари мамлакат миқёсида ўтказилиб келинаётган кўрик-танлов, фестивалларда муносиб ўринларни эгаллаб келмоқда. Жумладан,  2024 йилнинг  29 июнь куни Тошкент шаҳрида ўтказилган “Узоры Азии” халқаро танловида мактаб жамоаси энг олий соврин гран-при соҳиби бўлди. Бундан ташқари октябрь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Dance battle” халқаро кўрик-танловида фахрли 1-ўринни эгаллаб, “Энг яхши хореограф” номинациясига эга бўлди. Шунингдек, ўтган йили июнь ойида ўтказилган “Summer fest Tаshkent” халқаро танловида жамоавий ҳамда якка тартибда гран-при соҳиби бўлишди. Бунда 10-15 ёш тоифасида А.Дунесбаева ҳамда 20-25 ёш тоифасида А.Дунесбаева, Д.Берданова, З.Жуманазаровалар олий совринни қўлга киритди.

Мерихоннинг мактабдан ташқари таълим сифатини ошириш, ёшларни касбга тайёрлаш борасидаги қатор  таклифлари шунингдек, тадбиркорликни ривожлантиришдаги лойиҳа ва ташаббуслари кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланмоқда. У ўтган йили Япониянинг тадбиркорлик йўналишидаги етук мутахассис ва профессорларини жалб қилган “Yori-I” лойиҳаси доирасида менторликка ўқишга қабул қилинди ва сертификатга эга бўлди.

Турли тадбирлардаги фаол иштироки, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни ўз қизиқиш ва иқтидорига кўра касб-ҳунарга йўналтириш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси учун у ўтган 2025 йилнинг июнь ойида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми қарорига мувофиқ “Умид учқуни” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Дарҳақиқат, юртимизда  ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва иқтидор эгаларини рағбатлантириш борасида тизимли ишлар олиб борилар экан, Мерихон каби ёшларимиз сафи тобора ортиб бораверади.

Феруза Нуруллаева.