МЕҲНАТ ЗАВҚИ ЖУРНАЛИСТЛАР ДОИМО ФАОЛ


Жамиятимиз ҳаётида юз бераётган воқеа-ҳодисаларни тезкор ва холисона ёритиш, аҳолини ҳаққоний ахборот билан таъминлашда газета ишончли манбаа саналади.

Қораўзак туманининг ижтимоий-сиёсий газетаси – “Мийнет байрағы” нашри чоп этила бошлаганига бу йил 80 йил бўлмоқда.

Шу ўринда тарихга назар солсак, Қорақалпоғистонда 1932 йилдан бошлаб Чимбой, Кегейли, Қораўзак ҳамда Тахтакўпир  туманлари учун “Иғалли” номи билан битта газета чоп этилган. Вақт ўтиши билан 1946 йилда ҳозирги “Мийнет байрағы” газетаси нашр этила бошлаган. Газетанинг дастлабки муҳаррири талантли журналист ва шоир  Разий Даўлеталиев бўлган. Албатта, туманнинг алоҳида ўз газетасига эга бўлиши маънавий ҳаётда жуда катта янгилик бўлди. Газетада ижтимоий-сиёсий, маънавий айниқса, қишлоқ ҳаётига оид бериб борилган мақолалари аҳолида катта қизиқиш  уйғотган. Газетанинг нашрдан чиққан даври Иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келганлиги таҳририятда фаолият юритаётган журналист ва ижодий ходимлардан янада фаол ва давр билан ҳамнафас бўлишни талаб этган.

Шу кунга қадар газетада Ж.Сейтназаров, Ш.Усенов, П.Алиев, С.Ержанов, К.Тилеўов, Б.Узақбаев, Н.Усербаевлар муҳаррир сифатида самарали меҳнат қилган.  Газета чоп этилганининг юбилей санаси муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан бир неча бор мукофотланган. 1994 йилда газета муҳаррири Н.Усербаев “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист”, масъул котиб сифатида фаолият юритган Утебай Шинибаев “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони билан тақдирланган. Бундан ташқари кўпгина журналистлар фаолияти ҳам муносиб баҳоланган.

Таъкидлаш жоизки, бугун шиддат билан ўзгараётган замонда яшаяпмиз. Матбуот билан бир қаторда радио, телевидение, интернет жадаллик билан ривожланиб, аҳолининг ахборотга бўлган талаби ортиб бормоқда.  Холис ва ҳаққоний ахборот  етказиш эса  оммавий ахборот воситаларида фаолият юритаётган ҳар бир журналист ходимнинг энг муҳим вазифасидир. Тўғри, бугун матбуот фақатгина ахборот тарқатувчи эмас, балки инсонни янги марраларга, янги ишларга руҳлантирувчи ижодий муҳит сифатида ҳам одамларимиз қалбидан жой олмоқда. “Мийнет байрағы” газетаси ҳам бугунги кунда туманимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, бунёдкорликлар, ҳар бир соҳадаги ривожланишлар билан бир қаторда одамларимиз ҳаётидаги ижобий ўзгаришларни, янгиланишларни ёритиб келмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан Қорақалпоғистонда шу жумладан Қораўзак туманида амалга оширилаётган қурилиш ободонлаштириш ишлари, янги иш ўринларининг яратилиши, тадбиркорликдаги кенг имконият ва имтиёзлар, ижтимоий соҳа объектлари,  янги кўп қаватли уйларнинг барпо этилиши одамларимиз турмушини янада фаровон этмоқда. Юртимизда кечаётган мана шундай янгиланишларни газета саҳифаларида ёритишда бугун журналистларимиз, эркин ижодкорларимиз ҳар қачонгидан ҳам фаол бўляпти.

Бу йилги байрамда “Мийнет байрағы” газетамизнинг чоп этилганига 80 йил тўлиши муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан компьютер жамланмаси билан тақдирландик. Албатта, бу рағбат таҳририятда фаолият юритаётган ҳар бир ижодкорни  руҳлантириб, ишимизга бўлган масъулиятни оширади ва моддий техник базамизни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Қуанишбай Жақсимуратов,

“Мийнет байрағы” газетаси муҳаррири ввб.

Халқ депутатлари Қораўзак туман Кенгаши депутати.