Тиббиёт илми соҳибига – эҳтиром
Ватан равнақи ва халқ учун хизмат қилган фидоий инсон,
Ўзбекистон врачлар ассоциациясининг биринчи раиси,
тиббиёт фанлари доктори, профессор Абдулла Маткаримович Худайбергеновни эслаб
Эл-юрт учун, энг асосийси аҳоли саломатлиги йўлида фидоийлик ила хизмат қилган инсон, Ўзбекистон врачлар ассоциациясининг биринчи раиси, тиббиёт фанлари доктори, профессор Худайбергенов Абдулла Маткаримович ҳаёт бўлганида бу йил 90 ёшни қаршилаган бўлар эди.
Абдулла Маткаримович Худайбергенов 1936 йил 15 апрель куни Тўрткўл туманида туғилган. Ёшлик давридан тиббиёт илмига бўлган қизиқиш уни Тошкент давлат тиббиёт институтига етаклади. Ниҳоят, тиббиёт соҳасининг бўлғуси олими, моҳир жарроҳ 1959 йилда мазкур институтни имтиёзли диплом билан битказиб, Мўйноқ туман шифохонасида шифокор-жарроҳ лавозимидан ўз фаолиятини бошлайди. Сўнгра Республика шифохонасининг жарроҳлик бўлими мудири, бош шифокори Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири лавозимларида ишлайди. Икки марта Олий Мажлис депутати бўлиб сайланади.
У ўзининг бутун умрини жарроҳлик соҳасига бағишлади ва бу соҳада тиббиёт фанлари доктори, профессор илмий даражаларига эга бўлди. 1986-2005 йилларда академик В.Воҳидов номли Республика Жарроҳлик маркази директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида институтнинг илмий салоҳиятини юқори даражага кўтаришда катта ишлар қилиб, ҳаётининг охиригача марказнинг қизилўнгач меъда – ичак бўлимида катта илмий ходим бўлиб самарали меҳнат қилди.
Абдулла Маткаримовичнинг ташаббуси билан 1992 йилда Ўзбекистон врачлар ассоциацияси ташкил этилди ва 25 йил мобайнида ушбу ассоциацияга раислик қилиб, уни моҳирона бошқарди. Тинимсиз меҳнат ва ташкилотчилик маҳоратини ишга солиб, Ўзбекистон врачлар ассоциациясини нафақат республикамизнинг нодавлат ташкилотлари орасидаги, балки дунёнинг ва Европа давлатларининг тиббиёт ассоциациялари қаторида энг обрўли ва эътиборли уюшмалардан бирига айлантирди. Абдулла Маткаримович раҳбарлигида Ўзбекистон врачлар ассоциациясининг 14 та ҳудудий, 13 та тор ихтисосликдаги бўлимлари фаолият кўрсатган. Шу давр ичида Ўзбекистон врачлар ассоциацияси нуфузли хорижий ташкилотларнинг, жумладан Жаҳон тиббиёт ассоциацияси ва Европа тиббиёт ассоциацияларининг форумига аъзо бўлди.
А.Худайбергеновнинг бевосита ташаббуси билан 1995 йилда «Ўзбекистон врачлар ассоциацияси бюллетени» журнали таъсис этилди ва у 22 йил давомида ушбу журналга бош муҳаррирлик қилиб, уни республикамиз шифокорлари ва олимларининг илмий-амалий журналига айлантирди.
Абдулла Маткаримович бошчилигида Ўзбекистон врачлар ассоциациясида 2010 йилдан бошлаб масофавий таълим йўналиши ташкил этилди, мустақил экспертиза маркази тузилди, этика ва фахрий врачлар қўмиталари фаол ишлади.
Профессор А.Худайбергеновнинг меҳнатлари ҳукуматимиз томонидан юқори баҳоланиб, давлатимизнинг учта энг нуфузли орденлари билан мукофотланган. Абдулла Маткаримович ўз хулқи, тарбияси, устоз ва моҳир ташкилотчи сифатида иш юритиши билан кўпчиликка намуна эди.
Халқ орасида “Халқ врачи” номини олган моҳир жарроҳ, тиббиёт фанлари доктори, профессор А.Худайбергенов 2017 йил 27 май куни вафот этди.
Ҳозирги даврда А.Худайбергенов бошлаб берган тиббиёт соҳасидаги ишларни шогирдлари собит қадамлик билан давом эттирмоқда. Унинг қизи Замира Фозилова, ўғли Шухрат Худайбергенов отасининг изидан бориб тиббиёт тизимида изчил фаолият олиб боришмоқда.
Бугунги кунда Абдулла Худайбергенов ўзининг забардаст ва фидоий меҳнати, юқори даражадаги илмий тафаккури билан Ўзбекистон тиббиётининг ривожи йўлида хизмат қилган барҳаёт инсондир.
Жонибек Сеттиев,
Қорақалпоғистон Рееспубликаси Жўқорғи Кенгеси депутати.



