ҚОРАҚАЛПОҒИСТОНДАГИ ЎЗГАРИШЛАР — ХАЛҚ БАХТИ ВА ИНСОН ҚАДРИНИНГ АМАЛИЙ ИФОДАСИДИР


Янги Ўзбекистонда кечаётган улкан ўзгаришлар, инсон қадрини улуғлашга қаратилган ислоҳотлар ҳар бир ватандошимиз қалбида чексиз фахр-ифтихор ва шукроналик туйғуларини уйғотмоқда. Айниқса, Қорақалпоғистонда кейинги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларини кўриб, халқимиз қалбидаги розилик, эртанги кунга ишонч ва муҳтарам Президентимизга бўлган юксак миннатдорликни яққол ҳис этамиз.

Бугун Қорақалпоғистонда кечаётган ўзгаришлар — бу оддий рақамлар ёки расмий ҳисоботлар эмас. Бу — инсон қадрини юксалтириш, халқимизнинг оғирини енгил қилиш, чекка қишлоқ ва овулларгача тараққиёт нафасини олиб кириш, юртдошларимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашини таъминлашга қаратилган эзгу ислоҳотлардир.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Қорақалпоғистон учун қабул қилинаётган тарихий қарор ва фармонлар бугун халқимиз ҳаётида мутлақо янги саҳифани очмоқда. Сўнгги йилларда фақат Қорақалпоғистон учун 80 дан ортиқ фармон ва қарорлар қабул қилингани давлатимиз раҳбарининг юртимизга бўлган алоҳида меҳр ва эътиборининг амалий ифодасидир. Айниқса, 2022 йил 31 августда қабул қилинган «Қорақалпоғистон Республикасида  тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва  инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги тарихий фармон халқимиз томонидан катта мамнуният билан қарши олинди. Ушбу ҳужжат асосида тадбиркорлар учун солиқ имтиёзлари, арзон кредитлар, ер ва мол-мулк бўйича енгилликлар яратилди. Натижада минглаб тадбиркорларимиз ўз бизнесини кенгайтириб, янги иш ўринларини яратди.

Бугун Қорақалпоғистоннинг ялпи ҳудудий маҳсулоти бир неча баробарга ўсди. Саноат ҳажми кескин ошди. Янги ишлаб чиқариш корхоналари, замонавий заводлар, логистика марказлари, текстиль ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш объектлари ишга туширилди. Хусусан, Нукус шаҳрида “Karakalpak bazaltvul” корхонасида базальт минералидан иссиқлик сақловчи материаллар ишлаб чиқариш йўлга қўйил­ди. “SSP texnopark” томонидан пахта ва сунъий толадан ип-калава ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этилди. “Osten technologies” заводида замонавий иситиш радиаторлари ишлаб чиқарилмоқда. “Nukus elektroapparat” корхонасида қуёш панеллари ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани эса юртимизда “яшил иқтисодиёт”га берилаётган юксак эътибордан далолат беради. Энг муҳими, ушбу корхоналар минглаб юртдошларимиз учун янги иш ўринлари яратиб, оилалар фаровонлигига хизмат қилмоқда.

Президентимизнинг кейинги йилларда  Қорақалпоғистон учун чиқараётган алоҳида фармон ва қарорлари асосида республикамиз тараққиёти мутлақо янги босқичда ривожланмоқда. Инвесторлар учун ер майдонларини тўғридан-тўғри ажратиш тизими йўлга қўйилди, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш дирекциялари ташкил этилди, янги саноат зоналари барпо этилмоқда.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича янги механизмлар жорий этилди. Айниқса, “Камбағаллик реестри”даги фуқароларни иш билан таъминлаган тадбиркорларга имтиёзли кредитлар ажратилаётгани халқимиз томонидан катта розилик билан қабул қилинмоқда.

Чорвачиликни ривожлантириш бўйича янги дастур қабул қилинди. Чорвадорларимиз учун техника ва агрегатларни имтиёзли шартларда олиш, сув таъминоти оғир ҳудудларда артезиан қудуқлари қуриш, озуқа базасини мустаҳкамлаш каби кенг имкониятлар яратилди. Бу қарор халқимиз томонидан айниқса катта мамнуният билан қарши олинди. Чунки чорвачилик — халқимизнинг қадимий касби, рўзғор манбаи ва озиқ-овқат хавфсизлигининг муҳим асосидир.

Бугун жамоат транспорти тизимида ҳам улкан янгиланишлар амалга оширилмоқда. Олис қишлоқ ва овулларга қатнайдиган норентабел автобус йўналишлари давлат томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Нукус шаҳрига замонавий автобус ва электроавтобуслар олиб келинмоқда. Яқин йилларда 160 дан ортиқ автобус ва электроавтобусларнинг қатновга қўйилиши аҳолининг транспортга бўлган талабини қарийб тўлиқ таъминлайди. Бугун одамларимиз “транспорт кутиш муаммоси ҳам ҳал бўляпти”, деб розилик билдирмоқда.

Энергия тежовчи технологияларни жорий этиш борасида ҳам муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Аҳолига қуёш панеллари, гелиоколлекторлар ва иссиқлик насослари ўрнатиш учун субсидиялар ажратилмоқда. Бу — нафақат аҳолининг харажатини камайтириш, балки экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган муҳим қадамдир.

2026 йил 21 февралда қабул қилинган «Қорақалпоғистон Республикасини 2026 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва келгуси йиллар учун мўлжалланган дастурларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарор эса халқимиз ҳаётида яна бир муҳим бурилиш бўлди. Ушбу қарор асосида 2026–2030 йилларда 33 триллион сўмдан ортиқ маблағ ҳисобидан йирик саноат, ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш белгиланди.

Ичимлик суви, йўл, канализация, логистика, темир йўл, қурилиш ва инвестиция соҳаларидаги улкан лойиҳалар халқимиз турмушини янада яхшилашга хизмат қилади. Бугун Мўйноқ, Бўзатов, Тахтакўпир, Чимбой каби илгари чекка ҳудуд сифатида қаралган туманларда ҳам мутлақо янги ҳаёт бош­ланди. Бир пайтлар бутун дунё “Кемалар қабристони” сифатида билган Мўйноқ бугун тараққиёт ва имкониятлар ҳудудига айланди. Янги аэропорт, замонавий инфратузилма, маданият марказлари, ишлаб чиқариш корхоналари — буларнинг барчаси халқимиз қалбида катта қувонч уйғотмоқда.

Бўзатов тумани қайта ташкил этилиб, замонавий уйлар, мактаблар, боғчалар, спорт мажмуалари ва санаторийлар қурилди. “Бўзатов Fest” фестивали эса нафақат ёшларнинг истеъдодини кашф этмоқда, балки бутун мамлакат диққатини ушбу ҳудудга қаратишга хизмат қилмоқда.

2024 йилда Қорақалпоғистонда амалга оширилган иккита мега лойи­ҳа халқимиз учун тарихий воқеага айланди. “Амударё” устидан қурилган замонавий кўприк ҳамда “Қўнғирот–Бейнеу” автомобиль йўлининг фойдаланишга топширилиши нафақат транспорт ҳаракатини енгиллаштирди, балки халқимиз учун катта қулайлик яратди. Шу билан бирга, Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси томонидан Қораўзак туманида амалга оширилган “Нукус-1” шамол электр станцияси лойиҳаси мамлакатимизда “яшил энергетика” соҳасидаги энг муҳим қадамлардан бири бўлди.

Нукус шаҳри ва туманларда ичимлик суви таъминоти кескин яхшиланди. Сув тозалаш иншоотлари реконструкция қилинди, минглаб километр сув тармоқлари тортилди. Бугун одамларимиз “илгари йиллаб кутиб етишмаган сув бугун хонадонларга етиб келди”, деб давлатимиз раҳбарини дуо қилмоқда.

Маданият ва маънавият соҳасида ҳам катта ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг ПҚ–219-сонли қарори асосида маданият муассасалари қўллаб-қувватланди, миллий санъатимиз ривожига янги имкониятлар яратилди.

ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мероси рўйхатига қўбиз чалиш ва жировчилик санъати ҳамда қора уйнинг киритилиши халқимиз учун катта тарихий воқеа бўлди. Айниқса, дунёдаги энг катта Қора уйнинг қад ростлаши ва унинг “Гиннес рекордлар китоби”га киритилиши ҳар бир фуқаронинг қалбида миллий ғурур туйғуларини янада юксалтирди.

Бугун Қорақалпоғистонда миллатлараро тотувлик ва дўстлик муҳити янада мустаҳкамланмоқда. “Халқлар дўстлиги куни”, этнофес­тиваллар, “Дўстлик уйи”, “Қоратеран” ва “Тах-тепа” этнотуристик мажмуалари халқимиз бирдамлигининг ёрқин ифодасига айланди. Энг муҳими, бугун халқимиз ҳаётдан рози. Инсонлар қалбида эртанги кунга ишонч, Ватанга муҳаббат, Президентимизга миннатдорлик туйғулари тобора кучаймоқда.

Биз, халқ вакиллари сифатида, муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган тарихий ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз ва Президентимизга қўл-қанот бўламиз. Чунки бугун Қорақалпоғистонда кечаётган ўзгаришлар — Янги Ўзбекистон тараққиётининг ёрқин ифодаси, халқ бахти ва инсон қадрининг амалий намунасидир.

Алмагул БАЙРИЕВА,

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати.