Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида битирувчи босқич талабаларига диплом топширишга бағишланган “Порлоқ келажак, юксак парвоз сизга, азиз битирувчи” шиори остида тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг замонавий билим ва рақобатбардош касб эгаллаши ҳамда меҳнат бозорида муносиб ўрин топишига қаратилган давлат сиёсатининг амалий ифодаси бўлган мазкур тадбир кўтаринки кайфиятда ташкил этилди. Унда республикадаги олий таълим муассасалари раҳбарлари, филиал профессор-ўқитувчилари, жамоатчилик вакиллари ва битирувчи талаба-ёшлар иштирок этди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Ижтимоий-маданий ривожланиш, ёшлар сиёсати ва жамоат бирлашмалари масалалари қўмитаси раиси М.Атамуратов, Қорақалпоғистон Республикаси ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси М.Қайпанов, филиал директори, профессор А.Есимбетов сўзга чиқиб, мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, олий таълим сифатини ошириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва малакали мутахассислар тайёрлаш борасида амалга оширилган ишларга алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Шунингдек, ёш мутахассисларнинг мамлакат тараққиётидаги ўрни тобора ортиб бораётгани қайд этилди.
Тадбирда бакалавриат, магистратура ва сиртқи таълим йўналишини муваффақиятли тамомлаган битирувчиларга давлат намунасидаги дипломлар тантанали равишда топширилди.
Маълумот ўрнида, жорий ўқув йилида филиални жами 208 нафар ёшлар тегишли йўналишлар бўйича битириб чиқмоқда. Шундан 184 нафари бакалавриат, 24 нафари магистратура, 71 нафари сиртқи таълим йўналиши ҳисобига тўғри келади. Битирувчиларнинг меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижасида 188 нафар битирувчининг бандлиги бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Тадбир ёшларнинг талаба сифатидаги ҳаётига якун ясар экан, уларнинг юрт равнақи йўлидаги касбий фаолиятига мустаҳкам замин яратди. Энди улар ўз билим ва меҳнати билан жамият тараққиётига муносиб хизмат қиладиган мутахассислар сафига қўшилишади.
Д.АБИБУЛЛАЕВ.



