Мен қорақалпоқ фарзанди сифатида мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини энг катта бойлигимиз, деб биламан. Бу қадриятлар нафақат мамлакатимиз тараққиёти, балки ҳар бир маҳалла, ҳар бир оиланинг фаровон ҳаёти учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилмоқда.
Сўнгги йилларда юртимизда инсон қадрини юксалтириш, маҳаллаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳоли турмуш сифатини яхшилашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар Қорақалпоғистонда ҳам изчил амалга оширилмоқда. Буни биз ҳар куни ўз ҳаётимизда, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларида ва яратилаётган имкониятларда ҳис этмоқдамиз.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга ҳар бир ташрифи давомида ҳудудни барқарор ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Ана шу эзгу сиёсат натижалари бугун Қорақалпоғистоннинг барча шаҳар ва туманларида, жумладан, Чимбой туманида ҳам ўз ифодасини топмоқда.
Гужумли маҳалласида турли миллат ва элат вакиллари ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитида яшаб, бир мақсад — Ватанимиз равнақи ва фарзандларимиз келажаги йўлида меҳнат қилмоқда. Маҳалламизнинг энг катта бойлиги ҳам ана шу аҳиллик ва бирдамликдир.
Маҳалламизда аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш мақсадида қатор амалий ишлар бажарилди. «Ташаббусли бюджет» дастури доирасида маҳалла ички йўлларининг бир қисми асфальтланди, томорқа ерларини суғориш учун сув насоси ўрнатилди. «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури асосида «Жамбас жап» каналида бетонлаш ишлари амалга оширилди, электр таъминотини яхшилаш мақсадида янги бетон устунлар ўрнатилиб, электр тармоқлари янгиланди.
Маҳаллада жамоатчилик, нуронийлар, ёшлар ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг ҳамжиҳатликдаги фаолияти натижасида ўтган 2025 йил давомида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш ва тинчлик муҳитини сақлаш борасида ижобий натижаларга эришилди. Шунинг учун маҳалламиз «яшил тоифа»га киритилди. Бу, аввало, аҳолининг ўзаро ишончи ва бирдамлиги самарасидир.
Мамлакатимизда ҳар бир миллатнинг тили, маданияти, урф-одатлари ва анъаналарини асраб-авайлаш, уларни ривожлантириш учун барча шароитлар яратилган. Қорақалпоғистонда ҳам миллий қадриятлар, она тилимиз, адабиётимиз, санъатимиз ва бой маданий меросимизни асраш ҳамда келажак авлодга етказишга давлат даражасида катта эътибор қаратилмоқда. Бу эътиборни биз ўз фаолиятимизда ҳам, ҳаётимизда ҳам чуқур ҳис этамиз.
Мен учун жорий йил арафасида «Дўстлик» ордени билан тақдирланиш шахсий мукофот эмас, балки маҳалламиз аҳлининг бирдамлиги, фидокорона меҳнати ва эзгу интилишларига берилган юксак баҳодир. Бу ишонч бизга янада катта масъулият юклайди.
Халқлар дўстлиги куни муносабати билан барча юртдошларимизни ушбу улуғ неъмат — тинчлик, тотувлик ва ўзаро ҳурмат муҳитини кўз қорачиғидек асраб-авайлашга чақираман. Чунки аҳиллик ҳукм сурган юртда тараққиёт барқарор бўлади, миллатлар ўртасидаги ишонч ва ҳамжиҳатлик эса мамлакатимиз қудратини янада юксалтиради. Биз бир юрт, бир тақдир фарзандларимиз ва бу бирлик — энг катта кучимиздир.
Жузимгул Абдрасулиева,
Чимбой туманидаги Гужумли маҳалласи раиси,
«Дўстлик» ордени соҳиби



