Мамлакатимизда тиббиёт соҳасини ислоҳ қилиш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, тизимни рақамлаштириш, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Яқинда Хўжайли туманида “Хўжа-эли” санаторияси ўз фаолиятини бошлади. Тадбирнинг очилиш маросимида тиббиёт ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда аҳолига малакали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш, тизимни янада такомиллаштириш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилди. “Хўжа-эли” санаторияси ҳам ана шундай имкониятлар самараси сифатида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатади.
Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли мазкур санатория бугунги кунда 40 ўринга мўлжалланган бўлиб, бу ерда барча қулайликлар яратилган.
— Бугунги кунда мамлакатимизда тиббиёт соҳасини янада ривожлантириш, аҳолига сифатли ва замонавий тиббий хизмат кўрсатиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда, — дейди малакали шифокор Навбаҳор Турсинбаева. — Бу эса аввало одамларимизнинг фаровон турмуши, соғлом ҳаёт кечириши, кўрсатилаётган тиббий хизматдан мамнун бўлишини таъминлаш баробарида замонавий ва қулай шароитлардан фойдаланиш имконини оширади. “Хўжа-эли” санаториясининг очилиши ҳам туманимиз аҳолиси учун катта янгилик бўлди. Одамларимиз ўз саломатликларини тиклаши, даволаниши, ҳордиқ чиқариши учун бу ерда барча шароитлар яратилган. Энг сўнгги замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Беморларимиз учун имтиёзлар ҳам яратилган. Масалан, битта нуқтага массаж олиши, ЭКГ текшируви, Узи кўриги бепул, беш кун даволанса яна бир кун қўшимча дам олиши мумкин.
— Республикамизда одамларимизнинг саломатлигини тиклаши, ҳордиқ чиқариши, даволаниши учун клиника ва санаториялар жуда кўп, — дейди хўжайлилик Санобар Мадаминова. — Эндиликда бу каби замонавий санотория туманимизда ҳам фаолият бошлагани биз учун жуда қувончли воқеа бўлди. Чунки аҳоли узоқ жойга бориб юрмайди. Шу ерда малакали хизматдан беъмалол фойдаланишлари мумкин.
Дарҳақиқат, юртимизда тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар аввало одамларимизнинг соғлом ва фаровон ҳаётини таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Феруза Нуруллаева.



