ФУТБОЛ МАКТАБИ ИМКОНИЯТЛАРИ ОРТИБ БОРМОҚДА


Инсоннинг маънан ва жисмонан соғлом бўлишида спортнинг аҳамияти катта. Айниқса халқаро спорт мусобақалари — бу  шунчаки чиниқиш эмас, балки, бунда миллат шаъни, нуфузи мужассам. Бугун мамлакатимизда спортга қаратилаётган эътибор натижасида республикамизда кўплаб спорт мажмуалари иш олиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 мартдаги “Футболни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилган Қорақалпоғистон Республикаси футбол академияси ана шундай масканлардан биридир. Ушбу академияда бугунги кунда 154 нафар ўқувчи-ёшлар тарбияланмоқда.

Футбол академиясининг асосий мақсади истиқболли ёш футболчиларни профессионал тарзда тайёрлаш ҳамда футбол бўйича миллий терма жамоалар ва профессионал футбол клублари учун сифатли спорт заҳирасини яратишдан иборат. Яъни, спортсевар ёшлар орасидан иқтидорли футболчиларни танлаш орқали уларни миллий терма жамоалар ҳамда профессионал футбол клубларига йўналтириш кўзда тутилган.

Бугунги кунда футбол академиясида машғулотлар UFA ва FIFA талаблари асосида йўлга қўйилган бўлиб, бу ерда “А”, “В”, “С” ҳамда “Pro” лицензиясига эга малакали мураббийлар ёшларнинг техник, тактик ва жисмоний  маҳоратларини ошириш устида иш олиб бормоқда.

— Жорий йилнинг 9-10-август кунлари 2014 йилда туғилган  болаларни Қорақалпоғистон Республикаси футбол академиясига  янги ўқув йили учун ўқишга қабул қилиш  имтиҳонлари бўлиб ўтди. Ҳозирда ўқишга кириш истагида бўлган 220 нафар боланинг ҳужжатлари қабул қилиб олинди. Эндиликда белгиланган имтиҳонлардан юқори балл тўп­лаган, ҳар томонлама чиниққан шижоатли 22 нафар ёшлар танлаб олинади ҳамда академияда ўқишини давом эттиради. Имтиҳонлар юқори савияда ташкил этилди. Очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, коррупцияга йўл қўймаслик асосий мақсадимиз. Зеро, иқтидорли ёшларни танлаб олиш, уларнинг қобилиятларини юзага чиқариш, янги чемпионлар етиштиришда академиянинг ўрни алоҳида, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси футбол академияси директори Дамир Искендеров.

— Мамлакатимизда спортни айниқса, футболни ривожлантириш, бу борада барча шарт-шароитларни яратиш, маҳалла ва қишлоқ жойларда футбол майдонларини ташкил этиш,  истеъдодли ёш футболчиларни аниқлаш, уларни миллий ҳамда профессионал футбол клубларига тайёрлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси футбол академияси директорининг ўринбосари Тимур Турдиев. — Айниқса, энг олис ҳудудларда яшовчи ёшларнинг спорт билан шуғулланишлари учун кенг  имкониятлар яратилиши ёш спортчиларга катта куч, шижоат бағишлайди.

Футбол академиясига ўқувчилар 13 ёшдан қабул қилиниб 19 ёшгача шу ерда тўп суради. Академияда тарбияланувчилар учун барча шарт-шароитлар яратилган. Ётоқ жойи, уч маҳал иссиқ овқат, ювиниш ва кийиниш хоналари, бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун кутубхона мавжуд. Эътиборлиси, тарбияланувчилар ёзги ва қишқи спорт кийимлари (форма) ҳамда спорт инвентарлари билан тўлиқ таъминланган.

— Мен Элликқальа туманидан келдим, — дейди Шахрух Ахмедов. — Футболга жуда қизиқаман. Шу боис тумандаги спорт мактабига қатнадим. Келажакда етук футболчи бўлишни хоҳлайман.

Таъкидлаш жоизки, академия­га қабул қилинган болалар ўз устида тинимсиз ишлаб, ўзини ҳар томонлама ривожлантириб боради. Бунда албатта, кундалик машғулотлар, малакали тренерларнинг тажрибалари асқотади. Тарбияланувчилар дастлаб, Академиялар чемпионати, Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси биринчилиги мусобақаларида таж­риба орттириб, U-19 чемпионати, Профессионал футбол лигаси, биринчи лига, Про лига ва Супер лига жамоаларида иштирок этиш имконига эга бўлади. Ҳозирги вақтда академия битирувчилари орасида Ўзбекистон терма жамоалари ҳамда супер лига, про лига ва биринчи лига жамоаларида тўп суриб келаётган футболчилар жуда кўп.

— Академияга 2025 йили қабул қилинганман, — дейди мактаб тарбияланувчиси Жасур Шукуруллаев. — Олдинлари Хўжайли туманидаги спорт мактабларида футбол билан шуғулланиб келардим. Ўз устимда тинимсиз ишлаб, машғулотлар натижасида ушбу академияда ўқиш бахтига муяссар бўлдим. Бу ерда барча шароитлар яратилган. Машғулотлар ўз вақтида олиб борилади. Шу қисқа вақт ичида мамлакатимиз миқёсида ўтказилган мусобақаларда иштирок этдик.

Бугунги кунда Қорақалпоғис­тон Республикаси футбол академияси тарбияланувчилари нафақат мамлакатимизда балки, чет давлатларда ўтказилаётган мусобақаларда ҳам юқори натижаларга эришиб келмоқда.  Жумладан, U-13 яъни  2013 йилда туғилган  тарбияланувчилар жорий йилда Қирғизистон Республикасининг Ўш шаҳрида ўтказилган “AFIM WINTER CUP” халқаро турнирида иштирок этиб фахрли биринчи ўринни олишга муваффақ бўлди. Шунингдек, U-13 мураббийи Жеткер Қайпназаров мазкур турнирнинг энг яхши тренери ҳамда Фаррух Аразгалдиев “Энг яхши футболчи” номинациялари билан тақдирланди. Бундан ташқари, мактаб тарбияланувчилари мамлакат миқёсида ташкил этилаётган Академиялар чемпионати ва Ўзбекистон Футбол Ассоциация­си биринчилиги,  U-19 чемпионати мусобақаларида иштирок этиб фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда.

Дарҳақиқат, бугун юртимизда футболни ривожлантириш, ёш футболчиларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларнинг тизимли йўлга қўйилгани келажакда ўз самарасини бериб, янги марра ва ютуқларга замин яратади.

Ф.Нуруллаева.