ЭЪТИРОФГА МУНОСИБ МЕҲНАТ ЙЎЛИ


Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан Қорақалпоғистон Республикасини ҳар томонлама ривожлантириш, унинг иқтисодий ва ижтимоий салоҳиятини ошириш ҳамда тадбиркорликни кенг қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор тарихий қарор ва фармонлар қабул қилинди. Ушбу ҳужжатлар замирида инсон қадрини улуғлаш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш ҳамда фуқароларимиз учун муносиб турмуш шароитини яратишдек эзгу мақсадлар ётибди.

Президентимизнинг алоҳида эътибори ва ғамхўрлиги натижасида ҳудудда бизнес муҳити кескин яхшиланиб, замонавий ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектлари ҳамда инфратузилма лойиҳалари ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Ана шундай ислоҳотлар самараси ўлароқ, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшаётган фидойи ватандошларимизнинг меҳнати юксак қадрланмоқда. Президентимизнинг тегишли Фармонига мувофиқ, тадбиркорлар куни муносабати билан соҳа вакилларидан бир гуруҳ юртдошларимиз қаторида ишбилармон тадбиркор Икром Юлдашев ҳам «Дўстлик» ордени билан мукофотланди. Бу шарафли мукофот унинг кўп йиллик ҳалол ва самарали меҳнати, ташкилотчилик салоҳияти ҳамда эл-юрт манфаати йўлидаги саъй-ҳаракатларининг муносиб эътирофидир.

Икром Юлдашевнинг меҳнат фаолиятига назар ташласак, унинг масъулиятли соҳаларда бой тажриба орттирганига гувоҳ бўламиз. У ўз йўлини 1988 йилда Урганч шаҳри локомотив депосида ҳисобчи сифатида бошлаган. Кейинчалик турли масъул лавозимларда сидқидилдан фаолият юритиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва саноат тармоқларини кенгайтиришга муносиб ҳисса қўшди, ўзини моҳир ташкилотчи сифатида кўрсата олди.

2021 йилдан эътиборан у «Karakalpak Palace Hotel» МЧЖ бошқарув раиси сифатида тадбиркорлик соҳасига фаол кириб келди. Ҳудудда замонавий меҳмонхона хизматлари ва юқори даражадаги сервисга бўлган талабни чуқур анг­лаган тадбиркор аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда туризмни ривожлантириш мақсадида йирик инвестиция лойиҳасига қўл урди.

Ушбу ташаббусни рўёбга чиқариш учун жами 40 миллиард сўм (20 миллиард сўм ўз маблағи ва 20 миллиард сўм банк кредити) инвестиция йўналтирилди. Натижада жаҳонга машҳур «Wyndham Hotels & Resorts» компанияси таркибига кирувчи замонавий меҳмонхона барпо этилди. Халқаро бренднинг танланиши жаҳон стандартларига мос хизматларни йўлга қўйиш ҳамда ҳудуднинг туристик жозибадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Бизнес мажмуасининг ишга туширилиши ортидан 65 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланди, жумладан, яна 20 та янги иш ўрни яратилди. Бу эса кўплаб оилаларнинг моддий фаровонлигини ошириш ва бандликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

«Дўстлик» ордени соҳиби Икром Юлдашевнинг ибратли меҳнат фаолияти Президентимиз томонидан Қорақалпоғистонга қаратилаётган эътиборнинг амалий исботидир. Яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, миллий иқтисодиёт равнақига ҳисса қўшаётган бу каби ташаббускор тадбиркорлар меҳнати ёш авлод учун чинакам намуна ва фахр манбаидир.

Фотима ҚАЛАНДАРОВА.