ЁЗГИ ТАЪТИЛНИ МАЗМУНЛИ ЎТКАЗГАН ЁШ ГИМНАСТИКАЧИ


Абдурашидова Муаззазхон Диёрбек қизининг спортдаги дастлабки муваффақияти ҳақида

Болалик — орзулар қанот ёзадиган, дунёнинг энг беғубор ва ранг-баранг туйғулари қалбни эртакларга ишонтирадиган бебаҳо даврдир. Бу даврнинг ҳақиқий гўзаллиги ва мазмуни нафақат беташвиш дам олишда, балки ҳар бир кунни фойдали ва эзгу амаллар билан бойитишда намоён бўлади. Айниқса, ёзги таътил кунларида спортни ўзига ҳамроҳ қилган боланинг  маънавий дунёси ҳам мус­таҳкам бўлади.

2016 йилда Тошкент шаҳрида дунёга келган Абдурашидова Муаззазхон Диёрбек қизи ана шундай беғубор, мақсад сари интилувчан ва иқтидорли ёшлардан биридир. У ҳозирда Тошкент шаҳар, Шайҳонтоҳур туманидаги 34-сонли умумтаълим мактабда таҳсил олмоқда. Муаззазхон мактабдаги дарсларини спорт машғулотлари билан уйғунлаштириб, ҳам таълимда, ҳам гимнастикада юқори натижаларга эришишга интилиб келмоқда. У ҳали жуда ёш бўлишига қарамай, нигоҳларидаги қатъият ва спортга бўлган чексиз меҳри билан тенгдошларидан ажралиб туради.

Бу йилги ёзги таътил Муаззазхоннинг ҳаётида унутилмас воқеаларга бой бўлди. У таътил кунларини бетак­рор табиати ва бой тарихий мероси билан довруғ қозонган Қорақалпоғистон заминида ўтказди. Оролбўйининг ўзига хос манзаралари ва меҳмондўст инсонлари ёш қизчанинг қалбида ўчмас таассурот қолдирди. Муаззазхон сайр-у саёҳатни севимли спорт тури бўлмиш гимнастика машғулотлари билан усталик билан уйғунлаштирди. Таътил давомида у мунтазам равишда машқ қилиб, ўз маҳоратини ошириш ва мураккаб элементларни пухта ўзлаштиришга ҳаракат қилди.

Гимнастика — нафосат ва ироданинг мукаммал уйғунлигидир. Бироқ бу гўзаллик ортида мисқоллаб йиғиладиган машаққатли меҳнат туради. Биргина ҳаракатни мукаммал бажариш, эгилувчанлик ва мувозанатни юқори даражага етказиш учун соатлаб тинимсиз машқ қилиш талаб этилади. Муаззазхон ана шундай машаққатдан чўчимай, ёзнинг иссиқ кунларида ҳам маҳоратини оширишдан тўхтамади.

Ана шу тинимсиз меҳнат ўз самарасини узоқ куттирмади. Ёзги таътил давомида Беруний туманида ўтказилган гимнастика бўйича мусобақа ёш спортчи учун илк жиддий синовга айланди. Муаззазхон ўзининг пухта тайёргарлиги, ҳаракатларидаги чаққонлиги ва майдондаги ишончли чиқишлари билан ҳакамлар ҳамда томошабинлар эътиборини қозонди. Беллашувлар якунига кўра, у фахрли 2-ўринни қўлга киритди. Бу муваффақият мусиқа ва ҳаракатлар ортида тўкилган пешона тери, тинимсиз интилиш ва катта мақсадлар сари ­қўйилган илк мустаҳкам қадамдир.

Албатта, спортдаги ҳар бир ғалаба ортида меҳрибон устозлар ва оиланинг қўллаб-қувватлови туради. Муаззазхоннинг спортга бўлган ишончини алангалатган ота-онаси ва мураббий устозларининг ҳиссаси беқиёсдир.

Фотима ҚАЛАНДАРОВА.