Қадимий “Беш қалъа”нинг бири сифатида эътироф этиладиган Чимбой тумани бугунги кунда янгиланиш, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари натижасида ҳар қачонгидан ҳам кўркам қиёфа касб этмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан юртимизнинг барча ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиши натижасида бугун Қорақалпоғистон, шу жумладан Чимбой тумани аҳолисининг ҳаёти ҳам фаровон бўлишига замин яратилаётир. Бугунги кунда туманда 117 мингдан ортиқ аҳоли фаровон ҳаёт кечирмоқда. Сўнгги йилларда Президентимизнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш, янги иш ўринларини ташкил этиш, тадбиркорликни ривожлантириш, уларга кенг имтиёз ва имкониятлар яратиш борасида қабул қилинаётган фармон ва қарорлари натижасида туманда саноат ва тадбиркорлик соҳаларида ижобий натижаларга эришилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2025 йил 1 апрелдаги қарорига мувофиқ, туман ҳудудида 25 та лойиҳа ишлаб чиқилди. Ҳозирги вақтда хорижий инвесторлар, тадбиркорлар ва вазирликлар томонидан ушбу лойиҳалар ижроси таъминланмоқда. Маълумки, Президентимизнинг 2025 йил 8 октябрдаги тегишли қарорига асосан, Чимбой туманига “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман” мақоми берилди. Бугунги кунда мамлакатимиз бюджетидан ҳудудда амалга оширилиши лозим бўлган лойиҳалар учун 30 млрд. сўм маблағ ажратилиб, йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг тегишли қарори асосида Чимбой туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва маҳаллий инфратузилмани яхшилаш мақсадида 39 миллиард 84 миллион сўмлик маблағ ажратилди. Бунинг натижасида туманга кираверишда қадимий «Қора-уй» стелла белгиси ўрнатилиб, атрофи ободонлаштирилди. “Ёшлар маркази” биноси, “Курант” — соат минораси, “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 1 400 ўринга мўлжалланган замонавий Амфитеатр, 1 500 ўринлик футбол стадиони қурилиб фойдаланишга топширилди. Маданият саройи, ҳокимият биноси ҳамда беш қаватли шифохона реконструкция қилиниб, янгича қиёфа касб этди. Бундан ташқари, ҳудудда 250 км.дан ортиқ ички йўллар таъмирланиб, 20 км.дан зиёд пиёдалар йўлакчаси қурилди. 550 дона тунги ёритгичлар ўрнатилди. Давлатимиз раҳбарининг тегишли топшириғига биноан Чимбой туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида Навоий вилояти бириктирилган эди. Ана шу мақсадда Навоий вилояти ҳомийлигида “Кенес” овул фуқаролар йиғинининг янги биноси, “Эрлар мурувват уйи”га қўшимча бино, “Тазажол” овул фуқаролар йиғинидаги 6-сонли болалар боғчасида йирик таъмирлаш, 3 та маҳаллада футбол майдончалари қуриб берилди. Шунингдек, 6 км. ичимлик суви, 1 км. газ тармоғи, 6 та ҳудудда янгидан трансформатор пунктлари ҳамда 20 км. ички йўллар таъмирланди. Туман ҳудудидан ўтувчи кўприк, канал ҳамда республика аҳамиятидаги йўллар ҳам таъмирланиб, реконструкция ишлари олиб борилди. Таълимдаги имкониятлар Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда таълим соҳасини ислоҳ қилиш, ўқувчиларнинг замонавий билим олишлари учун кенг имкониятлар яратиш, энг чекка ҳудудларда ҳам замонавий таълим масканларини барпо этиш, керакли инвентарлар билан тўлиқ таъминлаш мақсадида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борада тумандаги бир қанча мактаблар янгидан қурилиб, айримлари реконструкция қилинди, қўшимча бинолар, спорт заллари барпо этилди. Келажагимиз эгалари бўлган кичкинтойларимиз учун ҳудуддаги Бердақ, “Қостерек”, “Абат” ҳамда “Кокши қала” маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳар бирида 120 ўринга мўлжалланган янги замонавий болалар боғчалари қуриб фойдаланишга топширилди. Туманда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг Чимбой факультети очилиши ҳам ёшларимиз учун янги имкониятлар эшигини очди. Бугунги кунда бу ерда математика, иқтисодиёт, бухгалтерия, қорақалпоқ тили, инглиз тили, психология ҳамда жисмоний маданият йўналишларида талабалар таълим олмоқда. Давлатимиз раҳбари ҳар бир сўзида, маърузаларида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади аҳолининг ҳаётдан мамнун бўлиб яшаши, уларга муносиб меҳнат ва турмуш шароитларини яратиш, қонуний манфаатлари ва эркинликларини таъминлашдан иборат эканини алоҳида таъкидлайди. Ана шу мақсадда ҳудуддаги “Жипек жоли” ҳамда Бердақ маҳалласида 12 та кўп қаватли турар жой биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди. “Гужимли”, “Тазажол”, “Кенес” ҳамда “Оржап” маҳалла фуқаролар йиғинларининг янги бинолари барпо этилди. Намунали маҳалла — Аввалги Чимбой билан бугунги Чимбойни асло қиёслаб бўлмайди, — дейди “Жипек жоли” маҳалла фуқаролар йиғини раиси К.Мирзабаева. — Бугун туманимиз ўзгача чирой очиб, ҳар томонлама ривожланиб бормоқда. Бунёдкорликларга юз тутаётир. Кенг кўламда ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу аввало аҳолининг ҳаётини фаровон қилишга хизмат қилмоқда. Бу каби ислоҳотлар, янгиланишлар, ўзгаришлар Чимбойнинг бугунги тараққиётига, ёрқин келажагига замин яратади. Бугунги кунда маҳалламизда 5685 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллани ривожлантириш, янги иш ўринларини ташкил этиш, аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш, хотин-қизларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўқитиш бўйича маҳалла еттилиги томонидан кенг кўламда ишлар олиб борилмоқда. Ҳудудимизда болалар майдончалари қурилди, ички йўллар таъмирланди, тунги ёритгичлар ўрнатилди, трансформаторлар янгисига алмаштирилди, ичимлик суви тортилди, савдо шаҳобчалари иш бошлади. Шунингдек, ҳозирги кунда 5 қаватли замонавий савдо комплекси қурилиши давом этмоқда. 250 та савдо ва хизмат кўрсатиш ўрнига эга ушбу комплекс мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрамига халқимиз учун ажойиб туҳфа бўлади. Бундан ташқари, яна битта 100 ўринга мўлжалланган 3 қаватли савдо мажмуаси қуриб битказилди. Маҳалламизда миллийлигимизни тарғиб этувчи, ота касб билан шуғулланиб келаётган ҳунармандлар, уйчилар (қора уй қурувчи), заргарлар, усталар ҳамда касб-ҳунарга ўқитилиб, ўз бандлигини таъминлаётган тадбиркор ёшлар жуда кўп. Улар бу орқали ўзларининг оилавий даромадини ошириш баробарида жамиятимиз равнақига ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Ўтган йили маҳалламиздаги “Олтин бўсаға” кўчаси бийи Сапарбай Сейтов “Энг фаол кўча бийи” танловининг туман босқичида ғолиб бўлди. Шунингдек, Джанзақовлар оиласи “Энг намунали оила” танловида “Намунали оила” кўкрак нишони билан тақдирланди. Бу каби ютуқларимиз жуда кўп. Дастур доирасидаги ислоҳотлар Таъкидлаш жоизки, Чимбой туманини 2025-2026 йилларда жадал комплекс ривожлантириш дастурига мувофиқ хорижий лойиҳа институтлари ва консультатларини жалб қилган ҳолда Чимбой тумани маркази бош режаси белгиланди. Унга кўра “Шахтемир”, “Гулистан”, “Жипек жоли”, “Дўстлик” ҳамда “Кокши қала” ҳудудларидаги жами 510 гектар ер майдонида аҳоли ва тадбиркорларга қулай шароит яратишга қаратилган мастер-режа ишлаб чиқилди. Мастер-режа асосий 3 та йўналишда олиб борилмоқда. Жумладан, туризмни ривожлантириш, кичик бизнес ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда шаҳар муҳитини яхшилаш. Бугунги кунда ушбу дастур доирасида от спортини ривожлантириш ҳамда наслли отларни кўпайтириш мақсадида “Шахтемир” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 4.6 гектар ер майдонида «Осербай чавандоз» от спорти клуби ташкил этилди. “Кокши қала” маҳалласида жойлашган 100 йиллик тарихга эга «Пристав уйи» биносига борувчи йўл инфратузилмаси яхшиланиб, тунги ёритгичлар ўрнатилди. “Шахтемир”, “Жипек жоли” ва “Дўстлик” маҳалласи ҳудудларидан ўтувчи Кегейли канали бўйини мустаҳкамлаш, ободонлаштириш ҳамда пиёдалар йўлакчасини қуриш ишлари сўнгги босқичга етди. Беруний, А.Темур ҳамда Ш.Рашидов кўчалари савдо ва кўнгилочар, гастрономик ҳамда туризм марказига айланмоқда. Шунингдек, янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида ип-калава ишлаб чиқаришга мўлжалланган «HD-SONS» МЧЖ ишга туширилди. Мазкур корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 4 минг тоннани ташкил этади. Бугунги кунда маҳсулотлар хорижий давлатларга экспорт қилинмоқда. Ҳозирда экспорт миқдори 8-10 млн АҚШ долларини ташкил этмоқда. Муҳими, бугунги кунда корхонада 200 нафардан ортиқ кишининг доимий бандлиги таъминланган. Туристик жозибадорлик ортмоқда — Чимбой — қорақалпоқ халқининг ўзига хос анъана ва урф-одатлари, адабиёт, санъат, маданият, ҳунармандчилигини ўзида мужассам этган қадимий кўҳна қалъадир, — дейди Чимбой тумани «Қора уй безаклари» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Миваш Туреназарова. — Қарийб 20 йилдан буён миллий қора уй безаклари – бош қур, оқ қур, қизил қур, пўпак, эшик қоши каби анъанавий маҳсулотларни ишлаб чиқарамиз. Корхонамизда 30 дан ортиқ мавсумий ишчи меҳнат қилмоқда. Маҳалламиздаги шу ҳунарга қизиқувчи, бўш ўтирган хотин-қизларга миллий ҳунармандчилик сирларини ўргатиб келмоқдамиз. Бугунги кунда иш-устахонамиз нафақат ҳунармандчилик маркази, балки сайёҳлар учун ҳам қизиқарли манзилга айланган. Бу ерга ташриф буюрган чет эллик ва маҳаллий сайёҳлар миллий қора уй безакларининг тайёрланиш жараёни билан яқиндан танишиб, халқ амалий санъати намуналарини ўрганиш имконига эга бўлмоқда. Эътиборлиси, биз бу фаолиятимиз билан миллий анъана ва қадриятларимизни тарғиб қилиш баробарида Чимбой туманининг туристик жозибадорлигини оширишга ҳам муносиб ҳисса қўшмоқдамиз. Дарҳақиқат, бугун Чимбойда мустақиллик, бунёдкорлик нафаси барқ ураётир. Одамлар ҳар битта отаётган тонгни ўзгаришлар, янги орзу ва мақсадлар билан қарши олмоқда. Мана шундай бахт ва фаровонликни ўз ҳаётлари мисолида кўриб, ҳис этиб яшамоқдалар. Зеро, бугун Чимбой янгиланиш ва тараққиёт йўлидан дадил бориб, кун сайин ўзининг янги ва замонавий қиёфасини намоён этмоқда. Феруза Нуруллаева.



