Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтириш, қулай инвестиция муҳитини шакллантириш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда аҳоли фаровонлигини таъминлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хўжайли туманида Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами арафасида янгидан қурилиб фойдаланишга топширилган «ATBASAR» савдо мажмуаси ҳам ана шундай ислоҳотларнинг амалдаги ифодаси бўлди. Мажмуанинг тантанали очилиш маросимида туман ҳокими Ж.Ермашев, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда юртимизнинг барча ҳудудлари каби Хўжайли туманида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, янгидан қурилаётган кўп қаватли турар жойлар, савдо мажмуалари, ижтимоий объектлар, йўл қурилиши соҳасида олиб борилаётган чора-тадбирлар аҳоли фаровонлигига хизмат қилмоқда. Ушбу савдо мажмуаси ҳам ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини ошириш, ҳизмат кўрсатиш кўламини янада кенгайтириш, аҳолига қулай шароит яратиш баробарида янги иш ўринларини ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади.
Президентимизнинг тегишли фармонида белгиланган имкониятлардан фойдаланиб ташкил этилган ушбу савдо мажмуаси ёш тадбиркор, «CAPTAIN INVEST GROUP» МЧЖ раҳбари Ю.Каримов ташаббуси билан ишга туширилди.
Умумий қиймати 15 млрд сўм маблағ эвазига бўй тиклаган ушбу мажмуада 32 та савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаси қурилди ва натижада 100 га яқин янги иш ўринлари яратилди.
— Ушбу савдо мажмуанинг айнан мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами арафасида ишга тушаётгани бежиз эмас. Туманимизда мана шундай ўзгаришлар, ривожланишлар юз бераётгани албатта, аҳоли бандлигини таъминлашда аҳамиятлидир. Очилиш маросимига келиб бунга ўзимиз гувоҳи бўлмоқдамиз. Халқимиз жуда хурсанд. Ҳаммада байрам кайфияти, байрам шукуҳи. Бунинг учун юртбошимизга миннатдорлик билдирамиз, — дейди Гулжан Зийуатдинова.
Иштирокчилар бу ерда яратилган қулайликлар билан яқиндан танишди. Тадбир элимизнинг хушовоз хонандалари иштирокидаги концерт дастури билан давом этди.
Ф.Нуруллаева



