Шукр — инсонга инъом этилган чексиз неъматларни англаш ва уларнинг асл қадрига етишдир. Ҳаёт йўли синовлардан ҳоли эмас: унда қувонч ва ташвиш, фаровонлик ва қийинчилик ёнма-ён юради. Ана шундай турфа дамларда мўмин кишининг қалбига суянч, руҳига мадад бўладиган энг улуғ фазилат бу — шукроналикдир.
Тинчлик, соғлик, оила хотиржамлиги, фарзандлар камоли, ҳалол ризқ ва иймон ҳаловати — ҳар бир сонияда қадрланиши зарур бўлган бебаҳо бойликлардир. Айниқса, мусаффо осмон ва осойишта юрт инсонга эркин меҳнат қилиш, илм эгаллаш, фарзанд ўстириш ҳамда эзгу мақсадлар сари интилиш имконини беради. Бу осойишталикни асраш, оилада меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш ва ёш авлодни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш ҳам шукрнинг энг гўзал ифодасидир.
Шукр қалбга қаноат ва руҳий хотиржамлик олиб киради. Ўзгаларнинг қўлидагига кўз тикиб нолимасдан, ўзидаги бор неъматни кўра билиш инсонни руҳан юксалтиради. Доимо соғлигимиз, оиламиз ва тинчлигимиз учун ҳамду санода бўлиш ҳаётимизга барака ва файз бағишлайди.
Шукроналик фақат қуруқ тил учидаги сўзлардан иборат эмас — у қалб туйғулари ва эзгу амалларда намоён бўлади. Берилган мол-дунёдан муҳтожларга улашиш, илмни бошқалар билан баҳам кўриш, соғликни хайрли ишларга сарфлаш ва тинчликни кўз қорачиғидек асраш шукрнинг ҳақиқий амалий ифодасидир.
Олмажон ХЎЖАНИЁЗОВА,
Тўрткўл тумани мулла Жумабой жоме масжиди имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари.



