БАЛИҚЧИЛИК: БЕЛГИЛАНГАН ВАЗИФАЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ


Нукус шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 2 июлдаги «Балиқчилик тармоғини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонида белгиланган вазифалар ижросига бағишланган семинар-йиғилиш ўтказилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов, Сув хўжалиги вазирлиги, «Қорақалпоқбалиқ» уюшмаси масъуллари ҳамда балиқчилик хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.

Президентимизнинг «Балиқчилик тармоғини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонида белгиланган вазифалар юзасидан «Сувхўжаликназорат» инспекцияси бошлиғининг ўринбосари З.Ирисбоев, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Юсупов, «Қорақалпоқбалиқ» уюшмаси бошлиғи Х.Бекчанов маъруза ва тақдимотлар қилди.

Уларда балиқчилик тармоғини жадал ривожлантириш, хўжаликларни сув билан барқарор таъминлаш, сув ресурс­ларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, сув олиш ҳажмларини аниқ ҳисобга олиш, шунингдек, соҳада замонавий ва ресурс тежамкор технологияларни кенг жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Жумладан, балиқчилик хўжаликларига сув лимитларини ажратишда сувга бўлган ҳақиқий эҳтиёжни инобатга олиш, сув олиш ва етказиб бериш ҳажм­ларининг аниқ ҳисобини юритиш, электрон шартномаларни жорий этиш ҳамда сув ўлчаш воситаларидан самарали фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

Тадбирнинг иккинчи қисми очиқ мулоқот тарзида ўтказилиб, Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов балиқчилик хўжаликларининг муаммо ва таклифларини тинглади. Кўтарилган масалаларнинг ечимлари Фармонда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб муҳокама этилди, уларни жойига чиқиб ўрганиш ва ижобий ҳал этиш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Очиқ мулоқотда хўжаликлар томонидан сув таъминоти, сув олиш ҳажмларини белгилаш, шартномаларни расмийлаштириш ва сув ўлчаш воситаларидан фойдаланиш бўйича саволлар берилди. Саволларга жавоб беришда балиқчилик тармоғида сувдан самарали фойдаланиш ва аниқ ҳисобни таъминлашга қаратилган Фармон талаб­лари асос қилиб олинди.

Айни пайтда Қорақалпоғистон Рес­публикасида жами 691 та табиий ва сунъий балиқчилик кўллари мавжуд бўлиб, шундан 138 таси табиий, 553 таси сунъий кўллар ҳисобланади. Уларнинг 495 таси каналлар, 196 таси коллекторлар орқали сув билан таъминланмоқда.

2026 йил суғориш даврида 335 та балиқчилик хўжалигига 46 млн 667 минг м³ сув лимити ажратилган бўлиб, 332 та хўжалик билан «Сув ҳисоби» ахборот тизими орқали шартномалар расмийлаштирилган. Бугунги кунга қадар мазкур тизимга 224 та балиқчилик хўжалиги бўйича 14 млн 621 минг м³ сув миқдори жойлаштирилган.

Йиғилиш якунида балиқчилик хўжаликларининг сув таъминотига оид ҳисоб-китобларни хатловдан ўтказиш, электрон шартномаларни расмийлаштириш, сув ўлчаш воситаларини жорий этиш, сувдан фойдаланиш устидан рақамли назоратни кучайтириш ҳамда очиқ мулоқотда кўтарилган муаммоларни жойига чиқиб ўрганиш ва бартараф этиш бўйича масъулларга аниқ вазифалар белгиланди.

Ғ.ОТАЖАНОВ.