Ўқитувчи меҳнати ҳамиша эъзозда. Зеро, миллатнинг эртанги куни, мамлакатнинг тараққиёти, жамиятнинг маънавий қиёфаси кўп жиҳатдан бугун мактабда таълим олаётган ёш авлодга берилаётган билим ва тарбияга боғлиқ.
Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Президентимизнинг Фармонига мувофиқ, Амударё туманидаги 36-сонли умумий ўрта таълим мактабининг математика фани ўқитувчиси Азимбай Сапарбаевга «Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси» фахрий унвони берилди.
Азимбай Сапарбаевнинг педагогик фаолиятига назар ташлар эканмиз, унинг энг катта бойлиги турли унвон ва мукофотлар эмас, балки шогирдлари эришган натижалар эканини англаш қийин эмас.
Устознинг Амударё туманидаги 56-сонли умумий ўрта таълим мактабида ишлаган йиллари ҳам ана шундай самарали натижаларга бой бўлди. 2018–2019 ўқув йилида Б.Тўлибоев математика фанидан III босқич «Фан олимпиадаси»да I ўринни эгаллаб, IV босқичда ҳам муваффақиятли иштирок этди. С.Қадамбоев эса II босқич олимпиадада математика фанидан I ўринни қўлга киритди.
Шу йилнинг ўзида Б.Тўлибоев, Ж.Исмоилов, З.Нуруллаев, Ш.Йўлдошев, Ж.Йўлдошев ва С.Ўразбоевлар олий таълим муассасаларига давлат гранти ва тўлов-контракт асосида қабул қилинди.
2019–2020 ўқув йилида эса И.Файзуллаев ва С.Қадамбоев математика фанидан олимпиаданинг II босқичида энг юқори — 100 баллни тўплаб, III босқичга йўлланма олди. И.Файзуллаев мактабни олтин медаль билан тамомлаб, Тошкент давлат иқтисодиёт университетига 185,9 балл билан давлат гранти асосида қабул қилинди.
Азимбай Сапарбаев таълимдаги янгиланишларга ҳамиша қизиқиш билан ёндашиб келган. Мактабларда вариатив ўқув режаси асосида ташкил этилган X–XI синфларда биринчилардан бўлиб дарс машғулотларини бошлагани ҳам унинг изланувчан педагог эканидан далолат беради.
Кейинги йилларда ҳам бу анъана давом этди. 2023–2024 ва 2024–2025 ўқув йилларида бу кўрсаткич 100 фоизни ташкил қилди. 2025–2026 ўқув йилида эса устоз дарс бераётган 11 «Б» технология йўналишидаги вариатив синфнинг 25 нафар битирувчисининг барчаси олий таълим муассасаларига қабул қилинди. Уларнинг 13 нафари грант, 12 нафари контракт асосида ўқишга кирди. Шогирдларидан бири Малайзиядаги «XIAMEN UNIVERSITY MALAYSIA» университетига грант асосида қабул қилинди.
Бугун устоз таълим берган ўқувчилар орасидан олий маълумотли шогирдлар сони 1 900 нафарга етган.
— Устозлик — доимий изланишни талаб қилади, — дейди Азимбай Сапарбаев. — Шу тамойилдан келиб чиқиб, йиллар давомида илмий-услубий изланишлар олиб бордим. «Замонавий дарсни ташкил этиш методикаси», «Тригонометрик тенглама ва тенгсизликлар системалари», «Логарифмик тенгламаларни ечишнинг қулай усуллари», «Абитуриент учун математикадан тест саволлари», «Квадрат функциялар графиги», «Ўқувчиларда мантиқий фикрлашда математика фанининг ўрни» каби 12 дан ортиқ ўқув-методик қўлланмаларим таълим жараёнида қўлланиб келинмоқда.
А.Сапарбаевнинг педагогик фаолиятидаги меҳнати қатор мукофотлар билан эътироф этилди. 2015 йилда «Ўзбекистон ўрта махсус касб-ҳунар таълими аълочиси», 2016 йилда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллик кўкрак нишони, 2021 йилда «Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими аълочиси» ва «Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси», 2023 йилда «Ўзбекистон Республикаси халқ таълими фидойиси» кўкрак нишонлари билан тақдирланди.
2021 йилда «Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими», 2025 йилда эса «Қорақалпоғистон Республикаси халқ ўқитувчиси» фахрий унвонларига сазовор бўлди.
Эндиликда «Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси» фахрий унвони унинг меҳнат йўлидаги яна бир юксак эътироф бўлди.
— Бу унвонни катта миннатдорлик ва масъулият билан қабул қиламан. Менга билдирилган юксак ишончни ўзимнинг шахсий ютуғим деб эмас, мен билан бирга меҳнат қилган ҳамкасбларим, қўллаб-қувватлаган ота-оналар ва йиллар давомида менга ишонган шогирдларимга берилган баҳо деб биламан. Чунки устознинг ютуғи — шогирдининг камоли, — дейди устоз.
Устоз учун шогирдларининг камоли — энг катта бахт, уларнинг ютуғи эса меҳнатининг самарасидир. Президент Фармони билан берилган фахрий унвонга сазовор бўлгани эса ана шу кўп йиллик фидокорона меҳнатга берилган юксак давлат эътирофидир.
Ғ.Отажонов.



