УСТОЗ — МАЪРИФАТ МАШЪАЛИ ВА КАМОЛОТ КАЛИТИ


Инсон ҳаётида шундай касб эгалари борки, уларнинг меҳнати бир кунлик ёки бир йиллик натижа билан ўлчанмайди. Улар инсон қалбига билим, тафаккур ва маърифат уруғини қадайди.

Устоз — шунчаки дарс берувчи мутахассис эмас, балки шогирдига ҳаёт йўлини кўрсатадиган, уни эзгулик, меҳнатсеварлик, ҳалоллик ва Ватанга садоқат руҳида тарбиялайдиган чинакам йўлбошчидир. Шу боис халқимиз азалдан устозни улуғлаб, уларнинг фидокорона меҳнати олдида таъзим қилган.

Мактаб партасида ўтирган беғубор боладан жамиятга наф келтирадиган комил инсонни тарбиялаб чиқариш муаллимдан юксак масъулият талаб этади. Бугунги ўқитувчи чуқур педагогик, психологик ва методик билимга эга бўлиши, шу билан бирга, юксак одоб-ахлоқ намунасини кўрсатиши лозим.

У жамиятдаги ижтимоий ва маънавий янгиланишлар мазмунини теран англаб, ўқувчиларга замон руҳини тўғри етказа олиши зарур. Замонавий муаллим илм-фан ва технология янгилик­ларидан дои­мо хабардор бўлиши, ўз соҳаси бўйича бетиним изланиши ҳамда таълим-тарбия жараёнида боланинг ёш ва психологик хусусиятларини нозик ҳис этиши талаб этилади.

Яхши устоз шогирдининг нафақат билимини, балки қалбини ҳам тарбиялайди.

Бугунги кунда таълим соҳасига замонавий технологиялар, инновацион ёндашувлар кенг кириб келмоқда. Аммо қайси давр бўлмасин, таълим-тарбия марказида барибир устоз туради. Чунки технология билим бериши мумкин, лекин меҳр, эътибор ва инсоний қад­риятларни фақат инсон қалби орқали сингдириш мумкин.

Устознинг ҳақиқий ютуғи — шогирдининг камолоти ва муваффақиятидир. Шогирд ўз мақсадига эришиб, жамиятнинг фаол аъзосига айланганда, ўқитувчининг машаққатли меҳнати ўз мевасини беради.

Шунинг учун устозлик — шунчаки машғулот эмас, балки келажак авлод тақдири учун юксак масъулиятдир. Зеро, бугунги шогирд — эртанги мутахассис, олим, санъаткор, раҳбар, шифокор ва жамиятнинг таянчидир.

Қирмизи ОТЕПОВА,

Нукус шаҳридаги 18-мактаб ўқитувчиси.