21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни. Бу сана юртимиз ҳаётида алоҳида маънавий аҳамиятга эга. Зеро, 1989 йил 21 октябрда «Давлат тили ҳақида»ги қонун қабул қилиниб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган эди. 2020 йил 10 апрелда қабул қилинган қонун билан эса ҳар йили 21 октябрь Ўзбек тили байрами куни сифатида белгиланди.
Ўтган йиллар давомида она тилимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини юксалтириш, уни илм-фан, таълим, давлат бошқаруви ва замонавий технологиялар тили сифатида ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Айниқса, кейинги йилларда бу йўналиш янги босқичга кўтарилди.
2019 йилда давлат тилининг нуфузини янада оширишга қаратилган Президент фармони қабул қилинди. 2020 йилда эса 2020–2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланди. Унда ўзбек тилини таълим ва илм-фан тили сифатида ривожлантириш, замонавий ахборот технологиялари билан интеграциялаш, хорижликлар учун ўзбек тилини ўргатиш дастурларини яратиш, хорижий олий таълим муассасаларида ўзбек тилини ўргатувчи марказлар сонини кўпайтириш каби муҳим вазифалар белгиланди.
Бу вазифаларнинг мазмунини бугун хорижда ўзбек тилини ўрганаётган ёшлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Дунёдаги турли олий таълим муассасаларида тилимизга қизиқиш ортиб бормоқда. Ана шу жараённинг ўзиёқ ўзбек тилининг фақат мамлакатимиз ҳудудида эмас, халқаро таълим ва маданий мулоқот майдонида ҳам ўз ўрнига эга бўлаётганидан далолат беради.
Сианьдаги дарслар
Мен учун бу жараённинг энг яқин ва таъсирли кўриниши — Хитойда ўзбек тилидан дарс бериш фаолиятимдир.
2025 йилда Сиань халқаро тадқиқотлар университетининг таклифи билан Хитойга бориб, янги ташкил этилган бакалавриат дастурида ўзбек тилидан дарс бериш имкониятига эга бўлдим. Бу мен учун оддий педагогик вазифадан кўра кенгроқ маъно касб этди. Чунки она тилимни хорижий муҳитда ўқитиш орқали ўзбек тилининг имкониятларини бошқа тил ва маданият вакилларига танитиш имконияти пайдо бўлди.
Сианьга илк бор борганимда шаҳарнинг замонавий қиёфаси, бир томонда қадимий тарих, иккинчи томонда эса замонавий технологиялар уйғунлиги эътиборимни тортди. Университетдаги муҳит ҳам шундай эди. Таълимда анъана ва тажриба билан бир қаторда рақамли технологиялар, замонавий методикалар ва янги педагогик ёндашувларга кенг ўрин берилган.
Албатта, хитойлик талабаларга ўзбек тилини нолдан ўргатиш осон кечмади. Хитой тилининг тузилиши ва грамматик хусусиятлари ўзбек тилидан анча фарқ қилади. Шунинг учун дастлабки машғулотларда ҳар бир сўз, ҳар бир товуш ва ҳар бир гап тузилишига алоҳида эътибор қаратдик.
Менинг вазифам эса уларга ўзбек тилини фақат қоидалар йиғиндиси сифатида эмас, балки жонли мулоқот воситаси сифатида ўргатишдан иборат эди.
Уч ярим ой давомида А1 даражадан бошлаган тингловчилар билан ишлаш жараёнида содда ва тушунарли усуллардан фойдаландим. Кўргазмали материаллар, мулоқотга асосланган машқлар, ўйин элементлари, кундалик ҳаётга яқин вазиятлар дарсларнинг асосий қисмига айланди.
Бу усулни танлашимда болалик хотираларимнинг ҳам таъсири бор. Раҳматли онам Аскарова Гулжон бошланғич синф ўқитувчиси эди. У кишининг болаларга билим беришдаги сабри, ҳар бир тушунчани содда ва такрор орқали сингдириш маҳорати мен учун доимо ибрат бўлиб келган. Сианьдаги дарсларимда ҳам ана шу тажриба менга асқотди.
Масалан, «нон», «сув», «салом», «раҳмат» каби оддий сўзлардан бошлаб, аста-секин гап тузиш ва мулоқот қилишга ўтдик. Аввалига бир неча сўзни айтишга қийналган талабаларнинг кейинчалик ўзбекча савол бериши, жавоб қайтариши мен учун катта ютуқ эди.
Уч ярим ойлик машғулотлар якунида олти нафар тингловчининг эришган натижалари ҳам бу меҳнатнинг самарасини кўрсатди. Улар ўзбек тилида оддий мулоқот қила олиш, кундалик вазиятларда зарур сўз ва иборалардан фойдаланиш даражасига етдилар.
Тилни ўргатиш — маданиятни танитиш
Дарслар давомида яна бир нарсага амин бўлдим: хорижликка ўзбек тилини ўргатиш — фақат грамматика ва луғат бойлигини ўргатиш эмас. Тил билан бирга халқнинг тарихи, маданияти, урф-одати, дунёқараши ва қадриятлари ҳам таништирилади.
Шу сабабли дарсларда оддий сўзлардан тортиб миллий таомлар, меҳмондўстлик, оилавий муносабатлар, саломлашиш маданияти каби мавзуларга ҳам мурожаат қилдик. «Нон» мавзусидаги бир машғулот эса талабаларда айниқса қизиқиш уйғотди. Оддий бир сўз ортида халқимизнинг қадриятлари, нонга бўлган ҳурмати ва дастурхон маданияти ҳақида қанчадан-қанча тушунчалар мужассам эканини кўрсатишга ҳаракат қилдим.
Таълим жараёнида яратган «Амалий ўзбек тили I» қўлланмаси ҳам шу эҳтиёжлар асосида шаклланди. Унда рақамли ва интерактив топшириқлардан фойдаланишга эътибор қаратдим. Бугунги талабага тилни фақат китобдан ўқишнинг ўзи кифоя эмас. Уни эшитиш, кўриш, такрорлаш ва мулоқот жараёнида қўллаш ҳам муҳим.
Бу борада замонавий тил ўргатиш методларидан, жумладан, Стивен Крашеннинг Comprehensible Input — тушунарли кириш материали тамойилидан фойдаланиш ҳам самарали бўлди. Яъни ўқувчига унинг билими ва даражасига мос, тушуниш мумкин бўлган тил муҳитини яратишга ҳаракат қилдим.
Сианьдаги фаолиятимда университет профессорлари Тан Хань, Вен Юйся, Ю Чжухуэй (Аделина), шунингдек, қозоғистонлик ҳамкасбим Гулжан Ахметбекнинг қўллаб-қувватлаши ҳам мен учун катта аҳамиятга эга бўлди. Янги муҳитга мослашиш, таълим жараёнини йўлга қўйиш ва тажриба алмашишда уларнинг кўмаги сезиларли бўлди.
Ўзбек тили — дунёга очилаётган эшик
Менинг бугунги фаолиятимгача бўлган йўлим ҳам бевосита она тилимиз таълими билан боғлиқ.
Мен Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё туманида туғилганман. Ўзбек тили ва адабиётига бўлган меҳрни аввало раҳматли онам ва мактабдаги устозларимдан олганман. 1991 йилда Нукус давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти йўналишига ўқишга кириб, профессорлар М.Бўронов, К.Қурамбоев, доцентлар Э.Хужаниязов, Ф.Салаев, К.Ташанов каби устозлардан таълим олдим.
Кейинги меҳнат фаолиятим ҳам таълим ва илмий изланишлар билан узвий боғланди. Нукус давлат педагогика институтида 25 йилдан зиёд ишлаб, 2023 йилдан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида профессор сифатида фаолият юритиб келмоқдаман. 2025 йилда педагогика фанлари доктори (DSc) илмий даражасини олдим.
Йиллар давомида орттирилган педагогик тажриба Сианьдаги фаолиятим учун мустаҳкам асос бўлди. Энди эса шу тажрибани хорижий аудиторияда синаб кўриш, ўзбек тилини бошқа тил вакилларига ўргатиш мен учун янги мактабга айланди.
Айни пайтда мамлакатимизда тил сиёсатини такомиллаштириш борасидаги ишлар ҳам изчил давом этмоқда. 2025 йил 20 октябрда қабул қилинган Президент қароридан сўнг 2020–2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш концепциясини 2025–2026 йилларда амалга ошириш дастури тасдиқланди. Унда давлат тилини таълимда янада ривожлантириш, унинг софлигини сақлаш, замонавий ахборот технологияларига интеграциялаш, халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини кенгайтириш, хорижда ўзбек тилини ўрганиш учун шароитларни яхшилаш каби вазифалар белгилаб берилган.
2026 йилда ҳам бу йўналишда янги қадамлар ташланмоқда. Давлат тилида иш юритишни самарали ташкил этишга қаратилган қарорда ўзбек тилидаги матнни овозга, нутқни матнга айлантириш, ўзбек тилидан хорижий тилларга ва аксинча таржима қилиш имконини берувчи сунъий интеллект платформасини яратиш вазифаси белгиланган. Бу эса тилимизни замонавий рақамли муҳитга олиб кириш жараёни тобора кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Буларнинг барчаси бир мақсадга — ўзбек тилининг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, уни илм-фан, таълим ва технологиялар тили сифатида ривожлантириш, халқаро майдондаги нуфузини оширишга хизмат қилади.
Мен Сианьда дарс берар эканман, бу вазифанинг бир кичик, аммо муҳим қисмини ўз зиммамда ҳис қиламан. Чунки мамлакатимизда ўзбек тилини асраш ва ривожлантириш қанчалик муҳим бўлса, уни хорижда муносиб танитиш ҳам шунчалик аҳамиятли.
Бугун Хитойда аудиторияда жаранглаётган «Ассалому алайкум», «Раҳмат», «Хайр» каби оддий ўзбекча сўзлар мен учун ана шу жараённинг жонли ифодасидир.
Тил — миллатнинг хотираси, тафаккури ва маънавий бойлиги. У давлат тили сифатида юртимизда ўзининг муносиб ўрнига эга бўлиб бормоқда. Хорижда эса у Ўзбекистонни, халқимизни ва маданиятимизни танитишга хизмат қилмоқда.
Шу маънода, 21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни нафақат ўтмишни ёдга олиш, балки она тилимизнинг келажаги ҳақида ўйлаш, унинг имкониятларини дунёга янада кенгроқ намоён этиш учун ҳам яхши фурсатдир.
Шаҳло ЮЛДАШЕВА,
Педагогика фанлари доктори (DSc), профессор.



