Жорий йил 6 март куни Нукус шаҳридаги “Карвон сарой” ресторанида 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев сўзга чиқиб, йиғилганларни 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан қизғин табриклади.
Таъкидланганидек, Президентимизнинг мўътабар оналаримиз, гўзал аёлларимизга қарата «Сизлар билан ҳаётимиз гўзал ва мазмунли, хонадонларимиз обод ва нурафшондир», — деган сўзлари қанчалик ҳақиқат эканлигини барчамиз теран англаймиз.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оналик ва болаликни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Оилавий қадриятлар ва анъаналар йўналишида фундаментал, амалий ҳамда инновацион тадқиқотларни олиб бориш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлимлари ташкил қилинди. Юқоридаги фармон билан хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг ташкил қилингани ижтимоий оғир ахволга тушиб қолган хотин-қизларга ва оилаларга, ногиронлиги бўлган хотин-қизларга моддий ёрдамлар кўрсатиш, хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Бугунги кунда хотин-қизларимиздан уч нафари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзоси, тўрт нафари Қонунчилик палатаси депутати, ўн икки нафари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, шунингдек, саксон беш нафари маҳаллий Кенгашлар депутатларидир. Мактабгача таълим соҳасида 11 мингдан, халқ таълимида 25 мингдан, маданият ва спорт соҳаларида 1,5 мингдан ортиқ, илм-фан йўналишида 168 нафар хотин-қизлар меҳнат қилиб келаётган бўлса, 7 минг нафардан ортиқ аёллар тадбиркорлик билан шуғулланмоқда.
Ўтган йиллар давомида республикамиздан фан, таълим, маънавият, маданият, спорт соҳаларида юқори натижаларга эришган 7 нафар қиз «Ниҳол» мукофотини, 21 нафар қизлар Зулфия номидаги давлат мукофотини олишга муваффақ бўлишди.
Фармонда давлат ва жамият ишларида фаоллик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан обод ва фаровон оилалар шаклланиши ва мустаҳкамланишига, оналик ва болаликни ҳимоя қилишга муносиб ҳисса қўшган хотин-қизларни «Мўътабар аёл» кўкрак нишони билан тақдирлаш назарда тутилган эди.
Жорий йил республикамизнинг 18 нафар хотин-қизлари ана шу мукофотга муносиб деб топилди. Тадбирда мукофотлар ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.
Мукофотланганлар номидан Хўжайлидаги 1-сонли «Меҳрибонлик уйи»нинг директори Светлана Сон, Кегейли туманидаги 9-сонли ихтисослаштирилган умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси, «Энг яхши китобхон» танловининг Ўзбекистон Республикаси босқичи ғолиби Нурсулиў Қоқанова сўзга чиқиб, хотин-қизларга кўрсатилаётган ғамхўрликлари учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.
— Байрам арафасида мени «Мўътабар аёл» кўкрак нишонига муносиб топишганидан хурсандман, — дейди «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази Мўйноқ тумани бўлими раҳбари Бийбихан Ўтамбетова. — Бу фақат менга эмас, республикамизнинг энг шимолий ҳудудида истиқомат қилаётган туманимизнинг барча хотин-қизларига берилган мукофот, — деб биламан. Сўнгги йилларда Президентимизнинг Мўйноқ туманини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилашга қаратаётган алоҳида эътибори бизларни янада руҳлантирмоқда.
Йиғилганларга байрам дастурхони ёзилиб, республикамиз санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раисининг ўринбосари А.Ҳамраев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари, республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Ибрагимова иштирок этди.
Д.АБИБУЛЛАЕВ,
Қорақалпоғистон хабар агентлиги шарҳловчиси.



