Беруний туманида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Э.Таджиевлар раҳбарлигида фуқароларнинг сайёр қабули ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикасидаги Халқ қабулхонаси томонидан ташкил қилинган тадбирда вазирлик ва ташкилотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, Беруний, Амударё, Тўрткўл ва Элликқалъа туманларининг 4 та сектор раҳбарлари, жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок қилди.
Президентимиз раҳбарлигида “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”, — деган тамойил асосида ўтказиб келинаётган сайёр қабуллар халқимизнинг кундалик ҳаётида учраётган ҳар қандай муаммоларнинг жойларда ижобий ҳал қилинишига, шу тариқа уларнинг бугунги кундан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда. Туманда бўлиб ўтган навбатдаги сайёр қабул жараёнида юқорида келтирилган туманлардан 72 нафар фуқаро қабул қилинди. Тадбир давомида 14 нафар фуқаронинг мурожаати шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди. Айрим мурожаатлар эса, тегишли соҳа раҳбарлари томонидан ўрганилиб, қатъий назоратга олинди.
— 1996 йил Туркманистондан Ўзбекистонга келин бўлиб тушганман, фуқароликни олиш масаласи шу кунгача ҳал бўлмай келаётган эди, — дейди Амударё туманидан келган Гулшийрин Уразбаева. — Мана бугунги сайёр қабулда менинг мурожаатим ижобий ҳал қилинди. Шу билан бирга ишга жойлашдим. Бунинг учун тегишли раҳбарларга миннатдорлик билдираман.
Шу куни туман фермерлари, тадбиркорлар томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда ишлаб чиқарилган рўзғор буюмларининг кўргазмаси ҳам ташкил қилинди. Унда аҳолига маҳсулотларни арзон нархларда сотиб олиш имконияти яратилди. Шунингдек, бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил қилиниб, бир неча фуқаролар, шу жумладан, ёшлар ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлашди.
Давлат хизматлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан сайёр хизмат кўрсатиш йўлга қўйилиб, ўзбошимчалик билан қурилган иморат эгаларига мулкка эгалик ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар топширилди.
* * *
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев раҳбарлигида Хўжайли туманидаги “Шағалакўл” маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр қабул ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманидаги Халқ қабулхонаси томонидан ташкил этилган тадбирда вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, туман сектор раҳбарлари ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида 50 нафар фуқаро 65 та масала бўйича мурожаат қилди. Шундан 18 нафар фуқаронинг мурожаати шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди. Мутахассислар томонидан 8 нафар фуқарога тушунча берилди. 39 нафар фуқаронинг мурожаати тегишли соҳа раҳбарлари томонидан ўрганиб чиқилиб, белгиланган муддатда ҳал этиладиган бўлди.
— Ҳудудимиз аҳолиси электр энергияси таъминотидан кўпдан буён қийналиб келаётган эди, — дейди тумандаги “Бунёдкор” маҳалла фуқаролар йиғинидан Дуйсенбай Ержанов. — Сабаби, трансформатор эскирганлиги боис электр энергияси тез-тез узилишга тушиб қоларди. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариевнинг қабулида бўлиб, ушбу масала бўйича мурожаат қилдим. Мурожаатим эътиборга олиниб, туман электр тармоқлари корхонаси томонидан янги трансформатор ўрнатиб берилди. Кундалик муаммоларимиз ижобий ҳал этилгани учун миннатдорлик билдирамиз.
Шу куни сайёр қабулга келган ҳеч бир фуқаронинг мурожаати эътибордан четда қолмади.
Қорақалпоғистон хабар агентлиги



