Президентимизнинг Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги нутқида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, айниқса аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш масалалари юзасидан билдирилган фикрлар, ўртага қўйилган вазифалар мамлакатимизнинг бирорта аёлини бефарқ қолдирмади, десак муболаға бўлмайди. Жумладан, мамлакатимизда хотин- қизлар масаласидаги ишлар чин маънода янги босқичга кўтарилганлигини ҳис қилдим.
Маърузада таъкидланганидек, ўтган қисқа вақт ичида бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2 та фармони, 2 та қарори, Ҳукуматнинг 6 та қарори ва 4 та фармойиши қабул қилинди. Уларнинг изчил амалга оширилиши натижасида эса мамлакатимиз хотин -қизлари ҳаётида туб ўзгаришлар юз бераётганидан, янги- янги имтиёз ва имкониятлар яратилаётганидан барчамиз хабардормиз. Жумладан, йиллар давомида тўпланиб қолган қатор ижтимоий муаммолар ҳал этилди, муносиб иш ва турмуш шароитлари яратила бошланди. Бу эса ўз самарасини бермоқда. Яъни хотин-қизларимизнинг жамият ҳаётидаги фаоллиги тобора ортиб бормоқда.
Чунки, ўзи ижтимоий муаммолар гирдобида қолган аёл ҳеч қачон ўзгалар муаммосини ҳал этишга ҳисса қўша олмайди, жамиятда фаол бўла олмайди. Ижтимоий шароитларнинг яхшиланиб бориши эса ҳар бир кишида ўз атрофидаги одамлар ҳаётига, Ватан тараққиётига дахлдорлик ҳиссини оширади. Уни бир қобикдан чиқиб жамият, халқ билан бирга бўлишга ундайди. Бугун эса мамлакатимизда ана шунга шароит яратилди. Президентимизнинг маърузасида келтирилган қуйидаги фикрлар бунинг исботидир. “Биз доимо аёл- бу она, оиламиз бекаси, деб уларни улуғлаймиз. Бу тўғри албатта. Аммо, ҳозирги кунда ҳар бир хотин-қиз демократик жараёнларнинг кузатувчиси эмас, балки, фаол ва ташаббускор иштирокчиси бўлмоғи шарт” Шу баробарда Президентимиз томонидан сиёсий-ижтимоий ҳаётимизда аёлларнинг ўрни ва нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор муҳим вазифалар ҳам белгилаб берилдики, булар юртимиздаги ақл-заковатли, чуқур билимли, инсоний фазилатлари билан ҳаммага ўрнак бўлиб келаётган хотин-қизларимизнинг билими, иқтидори ва истеъдодларини рўёбга чиқаришлари учун катта шароит ва имкониятларни яратади.
Дарҳақиқат, мамлакатимиз аҳолисининг 50 фоиздан ортиғини хотин-қизлар ташкил этар экан, уларнинг жамият ҳаётидаги, демократик жараёнлардаги иштирокини ҳам ана шунга меъёр ҳисобланадиган кўрсаткичларга етказиш нафақат ижтимоий-сиёсий ҳаётимизни янада юқори даражага кўтаришга, балки Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи янада ошишига хизмат қилади.
Айниқса, парламентда, сиёсий партиялар тизимида хотин -қизларнинг кенг иштирок этиши албатта қонун ижодкорлиги жараёнида уларнинг манфаатлари ва фикрларини ҳисобга олиш имконини беради. Бу эса энг аввало мамлакатимиздаги уй бекасидан тортиб, давлат ва жамият ишларида фаол фаолият юритаётган барча хотин-қизларнинг манфаатлари таъминланишига хизмат қилади. Бундан ташқари, хотин -қизларимизни узоқ йиллардан буён қийнаб, ўйлантириб келаётган ва бугунги кунда ечимлари изланаётган муаммоларни ҳал этиш имконияти яратилади. Чунки, аёлнинг муаммосини, аёлнинг орзу интилишларини, оналар ва болалар масалаларини аёл киши кўпроқ тушунади, чуқурроқ билади ва ҳис қилади. Юрак билан ҳис қилишнинг ўзи муаммонинг ярим ечимидир.
Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз хотин-қизларига бўлган эътибори, яратилаётган шарт-шароитлар, берилаётган бундай имкониятлар, албатта биз аёлларни жамият ҳаётида, демократик жараёнларда, юртимиз тараққиёти йўлидаги ҳар бир ишда янада фаол бўлишга ундайди.
Бир сўз билан айтганда, Сенатнинг ялпи мажлисида Президентимиз томонидан хотин-қизларнинг ижтимоий- сиёсий фаоллигини ошириш борасида қўйилган вазифалар ушбу йўналишдаги ишларнинг янги босқичга кўтарилганлигидан далолат беради.
Назира Матявубова,
“Қорақалпоғистон тонги” газетаси бош муҳаррири, ЎзХДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раисининг хотин -қизлар масалалари бўйича ўринбосари.



