ЎЗГАРИБ, ЯШАРАЁТГАН ҚОРАҚАЛПОҒИСТОНИМ


(Давоми. Бошланиши ўтган сонда).

 

АМУДАРЁ ЯНГИ ҲАЁТ ЙЎЛЛАРИДА

Ҳа, ҳақиқатан ҳам неча-неча асрлардан бери халққа оби ҳаёт берувчи, ризқ рўзини оширувчи, дастурхонларни тўкин-сочин қилувчи улуғ дарё-асов дарё — Жайҳун, дарё — Амударё номи билан аталувчи бу туманни нафақат Қорақалпоғистон балки бутун Ўзбекистон деҳқончилик академияси, деб тан олади.

Айниқса, мустақиллик йилларида иқтисод фанлари номзоди марҳум Р.Йўлдошев туманга раҳбарлик қилган даврда Амударё туманининг ижтимоий иқтисодий кўрсаткичлари кескин кўтарилди. Истеъдодли, ташкилотчи раҳбарнинг ташаббускорлиги натижасида бу туманда пиллачилик, ғаллачилик, пахтачиликнинг ўзига хос катта тажриба мактаби яратилди.

Кейинги йилларда ҳам шундай тажриба мактаби туфайли ҳамда самарали меҳнатлари натижасида туман миришкорлари Ўзбекистон Республикасида биринчилардан бўлиб пилла, ғалла, пахта тайёрлаш режаларини ортиғи билан уддалаб келмоқдалар. Жумладан, пиллакорлар 182,9 тонна пилла етиштириб шартномавий режани 104,1 фоизга бажардилар. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 21,6 тоннадан ортиқдир. Фермер хўжаликлари томонидан давлат хирмонига  9748,4 тонна дон етказиб берилди. Режа 145,6 фоизга  бажарилди.

Туманнинг пахтакор деҳ­қонлари шу кунларда ғўза парваришини юқори агротехника талаблари асосида олиб бормоқдалар.

572 фермер хўжалигидан 185 таси 7146 гектар майдонда кластер усулида пахта етиштирмоқда. Туманда чорвачилик соҳасида 49, боғдорчилик йўналишида 36, паррандачилик бўйича 10, сабзавот полиз маҳсулотлари етиштиришда 27, балиқчилик соҳасида 66, асаларичилик ва бош­қа йўналишларда 10 дан ортиқ фермер хўжаликлари фаолият юритмоқда. Улар етиштирган маҳсулотлар қўшни туманлар, Нукус шаҳри ҳатто Тошкент бозорларида ҳам ўз сифати ва харидорбоплиги билан ажралиб, харидорлар эътиборини тортаётганлиги айни ҳақиқатдир.

Президентимизнинг аграр соҳани замон талаблари даражасида ривожлантириш, соҳага инновацион ғояларни олиб кириш, деҳқончилик маҳсулотларини экспортга чиқаришни кўпайтириш, шу тариқа дас­турхонлар тўкин-сочинлиги, аҳоли  турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги фармон ва қарорлари, берган қимматли кўрсатмалари амалга ошиб, самарали натижа бераётганлигини Амударё тумани деҳқонлари эришаётган ютуқлар мисолида яққол кўришимиз мумкин.

Фақат булар эмас. Амударё туманида тўғридан-тўғри хорижий инвести­циялар иштирокида амалга оширилаётган қатор лойиҳалар ҳақида сўз юритадиган бўлсак, албатта бу борада шу йилдаги ишларга эътибор берамиз. Жумладан, январь – июнь ойларида 6 та лойиҳа дои­расида 1 млн. 37 минг АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар ўзлаштирилганлиги,  “Амударё мева-сабзавотчилик илмий-тажриба кластери” МЧЖга 600 минг АҚШ доллари аччиқ қалампирни қайта ишлаш учун, “Аму мева-сабзавот холдинг” МЧЖга 62 минг АҚШ доллари, “Бунёд-Бехруз автотранс” МЧЖга 63 минг АҚШ доллари юк машиналари олиб келиш учун, «Qaraqalpaq Kaolin» МЧЖга 162 минг АҚШ доллари каолинни қайта ишлашни йўлга қўйиш учун, «Qilichboy Qum» МЧЖга 100 минг АҚШ доллари ғишт ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун, «Аму Шахжахон» МЧЖга 50 минг АҚШ доллари чинни ва шиша идишлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинганлиги фикримиз далилидир.

Булар ҳаммаси албатта янгидан иш бошлашга тайёргарлик кўраётган, туман саноатини янги бос­қичга кўтаришда ўз ўрнига эга бўладиган корхоналар ­фаолиятини йўлга қўйиш, айниқса аҳоли бандлиги муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашадиган ижобий натижалардир.

Туманда 2019-2020 йилларда 7,5 млн. АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритиш режалаштирилмоқда.

Натижада иш бошлайдиган корхоналарда 200 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.

Шунингдек, инвестиция дастури бўйича саноат соҳасида 17 та лойиҳага 120 млрд. сўмдан ортиқ инвес­тициялар киритилиб кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Шу йилнинг 2 чораги якуни бўйича 12 та  лойиҳа ишга тушиши назарда тутилмоқда.

Бу лойиҳалар ишга тушса, ­халққа нима беради, деган савол туғилади. Биз юқорида тилга олган 40 дан ортиқ лойиҳалар натижаси туманда 36 минг дона тайёр тикувчилик ва тўқувчилик маҳсулотлари, 1 700 дона эшик, дераза ва бошқа мебеллар 48 тонна сут маҳсулотлари яъни творог, қуйилтирилган сут, сметана ишлаб чиқарилади.

Шунингдек, аҳолига  324 тонна ун маҳсулотлари, 871 500 дона нон ва нон маҳсулотлари етказиб берилади. Туманда 1396 тонна қизилмия илдизини қайта ишлаш, 201,6 тонна автомобиль мотор мойини қайта ишлаш, 2640 дона темир жиҳозлари, 7 000 дона тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши аҳоли эҳтиёжларини қондириш учун кенг имкониятлар очиб беради.

Туман аҳолисининг турмуш фаровонлиги ортаётганлиги, қишлоқлар қиёфаси кўриниши ўзгариб кўркамлик ва ободлик касб этаётганлиги, янгидан йўллар, кўчалар, гулзорлар, хиёбонлар барпо қилиб қишлоқлар замонавий қиёфага кираётганлиги албатта юқорида тилга олинган кенг кўламли ислоҳотлар самарасидир.

Амударё туманида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш учун олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари натижасида туман халқи бой бадавлат яшаётганини  деярли ҳар икки хонадондан бирида замонавий автомобиллар борлигидан ҳам кўриш мумкин. Турар жой бинолари, оромгоҳлар, янгидан барпо қилинаётган мактабгача тарбия муассасалари, спорт майдончалари, мактаблар, истироҳат боғлари эса туман халқининг Президентимизга бўлган миннатдорчилик тўйғуларини ­орттирмоқда. Уларнинг чин маънода ҳаётдан рози бўлаётганлиги халқ кўнглининг тўқлиги, шукроналигида яққол кўзга ташланмоқда.

Алоҳида тилга олиш муҳим бўлган мавзу-ёшлар баркамоллиги, уларнинг маънавий дунёси бой бўлиб вояга етиши, жисмонан ва руҳан соғлом бўлиши, умуман ёшлар ҳаётига катта эътибор берилаётганидир.

Туманда Президентимиз ­томонидан илгари сурилган ижтимоий, маънавий-маърифий, соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та ижобий ташаббус йўналишида кўрсатилган мақсадли режаларни амалга ошириш кенг кўламда олиб борилмоқда.

Жумладан, «Ватан менинг нигоҳимда», «Мен нечун севаман Ўзбекистонни», «Тасвирларда яшар олам» мавзуларида ёш санъаткорлар, рассомлар, шоирларнинг танловлари ўтказилди.

Шунингдек, туманда 320 ўринда катта кичик стадионлар мавжуд. 64 та спорт заллари, сузиш бассейни, 13 та сунъий қопламали мини футбол майдончалари ёшларда спорт кўникмаларини ривожлантириш, спортда ўз қобилиятларини намойиш қилиш, соғ­ликларини ­мустаҳкамлаш имкониятини бермоқда.

Шиддат билан ўзгараётган ҳаётимизга компьютер техноло­гиялари ва интернет чуқур кириб келмоқда. Бу борада туман ёшларига «Компьютер саводхонлиги» тўгараклари катта ёрдам бермоқда. Ёш тадбиркорлар ташкил қилган «Муҳриддин Болтабоев» ва «Шерали Шоҳжаҳон» корхоналари ёшларга компьютерларга техник хизмат кўрсатиш кўникмаларини такомиллаштиришда кўмакдош бўлмоқда. Бу ишларга туманда 700 нафардан ортиқ ёшлар жалб қилинган.

“Қадрдон мактабимга китоб совға қиламан” шиори остида умумтаълим мактабларига ҳомийлар томонидан 10 мингдан ортиқ китоблар совға қилинди, 4 та ҳудудда икки мингдан ортиқ китобни жамлаган халқ кутубхоналари янгидан ташкил этилди. Ёшлар орасидаги “Зукко китобхон” танлови ғолиблари мустақиллик байрами арафсида тақдирланиши кўзда тутилмоқда.

Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан биридир. Туманда 209 нафар хотин-қизлар тадбиркорликка, 70 нафари ҳунармандчиликка жалб этилди, Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан 22 нафар хотин-қизларга 750 млн. сўмлик кредитлар ажратилиб, 90 та янги иш ўрни яратилган. 150 нафар хотин-қизлар тикувчиликка йўналтирилиб уларнинг 73 нафари касбга қайта ўқитилган. Бундан ташқари, 280 нафар хотин-қизларга “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида 3 050,7 млн. сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилган.

Амударё тумани бўйича биз тилга олган маълумотлар туманда олиб борилаётган катта бунёд­корлик ишларининг бир қисми, халос. Туманда яратилаётган янги ҳаёт йўллари бу ҳудуддан Амударё тўлиб тошиб оқиб ўтаёт­ганида кўринади. Қадим ва улуғ дарёмиз Аму азиз халқимизнинг тарихига ҳам, бугунги фаровон турмушига ҳам, келадиган янги бахтли кунларга ҳам дахлдор эканлигини биламиз.

 

* * *

… Албатта, Чимбой ва Амударё туманларидаги бундай янгиланишлар, бунёдкорликлар Қорақалпоғистоннинг барча гўшаларида қизғин давом этмоқда.

Ҳар куни рўй бераётган янгиликлар оқими Қорақалпоғистоннинг янгиланган ҳаётини тобора бойитмоқда.

Нукус шаҳрида Марказий Осиёда ягона бўлган «Имкон» номли Ўзбекистондаги биринчи ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилганлиги барчани қувонтирди.

Чунки, бу муассаса турли жисмоний нуқсонлари бўлган болаларни ижтимоий-маданий муҳитга мослаштириш, уларни мактабгача таълим ва соғломлаштириш реабилитацияси билан таъминлаш имконини яратиб беради.

Бундан ташқари юрак-қон томирлари касалликлари диспансерида 6,7 млрд. сўмлик реконструкция ишлари бажарилмоқда, Қўнғирот, Тўрткўл, Шўманой, Беруний туманлари ва Нукус шаҳрида 22,5 млрд. сўмлик жами 1710 ўқувчига мўлжалланган 7 та янги мактаб қурилмоқда,  Хўжайли, Чимбой, Элликқалъа туманлари ва Нукус шаҳрида 15,7 млрд. сўмлик 4 та янги мусиқа ва санъат мактаблари қурилмоқда.

Яна 12 та маткаб, 18 та мактабгача таълим муассасаси,  8 та соғлиқни сақлаш муассасаларида реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Шунингдек, 54,2 млрд. сўмлик  178,8 км ичимлик суви тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш, 103,3 млрд. сўмлик  91 км йўлларни қуриш ва таъмирлаш ишлари бажарилмоқда.

Бандлик дастури доирасида 2019 йилда 18,6 мингта янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.

Шундан, ўтган 5 ой давомида 6696 та янги иш ўринлари яратилиб, белгиланган режа 106,8 ­фоизга бажарилди.

Фахр билан айтиш мумкинки, мамлакатимизда яратиб берилаётган қулайликлар ва имтиёзлар натижасида йилдан-йилга ишбилармон ва тадбиркорлар сафи кенгаймоқда. Ўтган 5 ой давомида янгидан 2021 та янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилиб, уларнинг сони 14 мингдан ошди.

Бу борада, Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган «Ҳар бир оила-тадбиркор» ва “Ёшлар — келажагимиз” давлат дастурларининг ижроси ўз самарасини бермоқда.

Аҳолини қийнаб келаётган муаммоларини ижобий ҳал этиш, уларнинг яшаш даражасини янада яхшилаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш борасидаги  ишларни янада самарали ташкил этишга ҳамда 4 та секторлар ­фаолиятини такомиллаштиришда Муҳтарам Президентимизнинг 2019 йил 8 январдаги қарори кенг имкониятлар яратди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикасидаги Ҳалқ қабулхонлари билан ҳар бир сектор раҳбари ҳамкорлигида уйма-уй юриш графиклари асосида 1426 нафар масъул ходим ва мутахассислар билан ҳудудларда аҳоли муаммоларини ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманларидаги 411 та маҳалла ва овул фуқаролар йиғинларида 318 мингдан ортиқ хонадонлар мавжуд бўлиб, ўтган давр мобайнида барча сектор раҳбарлари ва аъзолари томонидан 300 мингдан  ортиқ хонадонларнинг яшаш шароитлари чуқур  ўрганилди. 28600 та муаммолар аниқланди, шундан 18225 та муаммо, жойида ҳал қилинди.

Аҳолини иш билан таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш Президентимизнинг доимий эътиборида. Бандлик дастури дои­расида 2019 йилда 18645 та янги иш ўринларини яратилиб, биринчи навбатда ишсизлик даражаси юқори бўлган туманларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2019-2020 йилларда умумий қиймати 11 трлн. сўмдан ортиқ қийматдаги 793 та лойиҳани амалга ошириш ва 12 мингдан ортиқ янги иш ўринларини яратиш юзасидан аниқ режалар амалга оширилмоқда.

Шундан, 2019 йилда қиймати 3,3 трлн.сўмлик 674 та лойиҳани ишга тушириш ва 7313 та янги иш ўринларини яратиш кўзда тутилган.

2019 йилда Инвестиция дастури асосида 44,4 млрд. сўмлик 19 та умумтаълим мактабларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш, шулардан 7 та янги мактаб, 8 та реконструкция, 4 та мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилади.

15,9 млрд. сўмлик 4 та мусиқа мактабларини янгидан қуриш, 53,6 млрд.сўмлик 18 та мактабгача таълим муассасаларини, 24 млрд. сўмлик олий таълим муассасасини, 5 млрд. сўмлик олимпия захиралари ихтисослаштирилган мактаб-интернатини, 41,6 млрд. сўмлик 11 та тиббиёт муассасаларини қуриш ва реконструкция қилиш чоралари кўрилмоқда.

“Ҳар бир оила тадбиркор” ва “Ёшлар келажагимиз” давлат дастурлари доирасида белгиланган вазифаларнинг ижросини тўлиқ таъминлаш, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида ҳар битта туман ва шаҳарда аниқ ҳисоб-китоблар асосида 3 тадан маҳалла ва қишлоқларимизни обод қилиш тадбирлари амалга оширилмоқда. Шунингдек экспорт ҳажми ва география­сини кенгайтириш, маҳсулотлар диверсификациясига эришиш, импорт ҳажмларини камайтириш бўйича ҳам аниқ дастурлар асосида ишлар олиб борилмоқда.

2019 йилда маҳсулотлар экспортини 48,3 млн. долларга етказиш, шундан саноат маҳсулотлари – 34,4 млн. доллар, мева-сабзавот – 13,9 млн. доллар миқдорида экспорт режасининг бажарилишини таъминлаш дастурлари амалга оширилмоқда.

Республикада амалга оширилаётган яратувчилик ишларидан бундай мисолларни жуда кўплаб келтириш мумкин.

 

* * *

Ҳар бир кунимиз шиддат билан ўзгараётган замоннинг янги тарих саҳифаларини яратмоқда. Бу саҳифаларга эса халқимизнинг ярқираб очилган бахти, энг ёруғ ва тоза орзу мақсадларининг рўёби ёзилмоқда.

Туғилган ота маконимизнинг ҳар бир ютуғини ҳеч иккиланмасдан бутун дунёга кўз-кўз қилиш имконияти яратилмоқда.

Янги «Дўстлик» канали бўйларига қайтамиз. Унинг икки соҳили ҳамиша ёшлар билан гавжум бўлади. Канал соҳилининг шундай яқинида жойлашган Қорақалпоғистон Ёшлар Марказида кун ора бўлиб ўтаётган турли танлов ва тадбирлар ёшларимизга бўлган эътиборни янада кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ёшларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, юртимиз ёшлари ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини ошириш масалаларига бағишланмоқда.

Ёшларнинг кўзида чарақлаб турган нурли мақсадлар, интилишлар Президентимизнинг бешта ижобий ташаббусига жуда ҳамоҳанг эканлиги диққатингизни тортади. Фарзандларнинг бугунги бахтидан, эртага улар эришадиган муваффақиятлар Ўзбекистонимизнинг равнақига катта ҳисса бўлиб қўшилишига ишончдан кўнглимиз тўлади. «Беш ташаббус-беш имконият» шиори остида ўтаётган ҳар бир тадбир бу фикримизга яққол мисол бўла олади. Ўтказилаётган тадбирлар моҳиятига назар солайлик:

Қорақалпоғистон Республикасининг барча шаҳар ва туманларида Президентимизнинг 5  та ташаббусини кенг оммага тарғиб этиш, аҳоли, айниқса ёшларнинг хабардорлигини оширишга йўналтирилган 975  та тадбир ва лойиҳалар ташкил этилиб, уларга 124  мингдан ортиқ ёшлар жалб қилинган.

Ёшлар иттифоқи Қорақалпо­ғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан Мўйноқ, Беруний туманида, Нукус шаҳрида “Беш ташаббус ‑ беш имконият!” шиори остида акциялар ташкил этилди.

Акция давомида 5  та ташаббусни кенг оммага тарғиб этиш, аҳоли хабардорлигини оширишга йўналтирилган жами 56  та тадбир ва лойиҳалар ташкил этилиб, унга 9  мингдан ортиқ ёшлар жалб қилинди.

Ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бош­қа турларига қизиқишларини ошириш мақсадида Амударё, Элликқалъа, Тўрткўл, Мўйноқ, Қораўзак ва Нукус туманларида “Ватаним – менинг нигоҳимда”, “Бобом билан бувимга совға» шиорлари остида ўтган рассомлик танловларида 800  нафардан ортиқ ўқувчи-ёшлар иштирок қилди.

Ёшларни мусиқа ва санъат йўналишларига кенг жалб қилиш мақсадида барча шаҳар ва туманларда “Ватан муқаддас”, “The Cover Up”, «Баҳру-байт», «ҚВЗ», «Иншолар танлови», «Ҳозирги кун лойиҳаси» мавзуларида 32  марта тарғибот тадбирлари ўтказилиб, 3  минг нафарга яқин ёшлар қамраб олинди.

Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида барча туман (шаҳар) ларда 274  та спорт олимпия ва ноолимпия ҳамда миллий спорт турлари, футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат, марафон, таэквандо, бадиий гимнастика, миллий кураш мусобақалари ҳамда таълим муассасалари ва маҳаллаларда эрталабки бадан тарбия машғулотлари ташкил этилди. Унда 100 мингдан ортиқ ёшлар иштирок қилмоқда.

“Ёшлар ‑ келажагимиз” жамғармаси туман шаҳар филиаллари томонидан 2019  йилда реализация қилинадиган манзилли рўйҳат асосида ёш тадбиркорларнинг 2  млрд . 888  млн. сўмлик 12  та лойиҳаси молиялаштирилиши натижасида Нукус шаҳрида, Амударё, Кегейли, Қонликўл туманларида  сунъий футбол майдончалари, Фитнес клуб ва тренажёр заллари фойдаланишга топширилиш арафасида.

Аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида Ёшлар иттифоқи қошидаги “Ёшлар марказ”ларида 9  та “Компьютер саводхонлиги ва АКТ дастурчилари” тўгараги ташкил этилиб, уларга 724  нафар ёшлар жалб қилинган.

Тўгарак иштирокчилари ўртасида 12  марта “Олтин бармоқ” Typing Chempionship – клавиатурада тез ёзиш танлови ўтказилиб, унга 250  нафар ёшлар қамраб олинди.

Мўйноқ, Беруний туманлари ва Нукус шаҳрида ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни тарғиб қилиш мақсадида “Келажак бунёдкори” медали соҳиби Давид Конарбаев иштирокида “Ахборот технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиш” мавзусида маҳорат дарслари ўтказилмоқда.

Ёшлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида барча шаҳар ва тумлардаги “Internet club” ва “Game club”лар рўйхати шакллантирилиб, уларнинг фаолияти кенг ўрганилмоқда.

“Ёшлар ‑ келажагимиз” жамғармаси туман шаҳар филиаллари томонидан 2019  йилда реализация қилинадиган манзилли рўйхат асосида Нукус шаҳри, Амударё, Қўнғирот, Элликқалъа, Мўйноқ, Шўманай, Нукус туманларида 744  млн. сўмлик 13  та лойиҳа асосида компьютер хизматлари ва интернет кафелар ташкил этилди.

Ёшлар маънавиятини ўстириш,  китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида Амударё, Қўнғирот, Элликқалъа, Шўманай, Тўрткўл, Нукус ва бошқа туманларда китоб ярмаркалари ўтказилмоқда.

Ёшлар иттифоқи Қорақалпо­ғистон Республикаси Кенгаши етакчилари “Қадрдон мактабимга китоб совға қиламан” шиори остида ўзлари таҳсил олган умумтаълим мактабларга 2  мингдан ортиқ бадиий китоблар совға қилди.

“Ёш китобхон” танловини барча шаҳар ва туманлардаги уюшмаган ёшлар ва ўқувчи, талаба ёшлар ўртасида тарғиб етиш мақсадида “Ёш китобхон” танловининг 2018  йил ғолиблари Нурсылыў Коканова, Шахзода Каримбаева ва Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши қошида тузилган “Ёш тарғиботчилар” гуруҳи аъзолари иштирокида жами 38  марта тарғибот давра суҳбатлари ўтказилди.

Шунингдек,  хотин-қизларни иш билан таъминлаш ишларини тизимли ташкил этиш мақсадида шаҳар ва туманларда 18-30  ёшдаги 10 457  нафар ишсиз хотин-қизлар рўйхати шакллантирилиб, уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида аниқ  чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Ёшлар иттифоқи қошидаги “Ёшлар марказ”ларида хотин-қизларни касб ҳунарга ўргатиш ва уларни иш билан таъминлашда кўмаклашиш мақсадида “Тикувчилик”, “Пазандачилик ва қандолатчилик” ва “Сартарошлик” тўгараклари ташкил этилган бўлиб улар ўз фаолиятини самарали олиб бормоқда.

11  та “Тикувчилик” тўгарагига Амударё, Беруний, Кегейли, Қонликўл, Қораўзак, Қўнғирот, Тахтакўпир, Тўрткўл, Чимбой, Элликқалъа туманларидан 1194  нафар ёшлар, 4  та “Пазандачилик ва қандолатчилик” тўгарагига Амударё, Беруний, Қўнғирот, Хўжайли туманларидан 526  нафар ёшлар, 5  та “Гўзаллик» салонлари учун очилган тўгаракларга Нукус шаҳри, Хўжайли, Қўнғирот, Шўманой, Беруний туманларидан 701  нафар ёшлар жалб қилинган.

Шунингдек, Ёшлар иттифоқи ёрдамида Беруний туманида 5  нафар, Амударё туманида 17  нафар хотин-қизлар тикув цехларига ишга жойлаштирилган.

Хотин қизларларни тарбиркорлик фаолиятига жалб қилиш, уларнинг тадбиркорлик йўналиши бўйича билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида Ўзбекистон ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази Қорақалпоғистон бўлими бошлиғи Гавхар Реджепова иштирокида “Тадбиркор аёл” мавзусида семинар-тренинг ўтказилаётганлиги яхши натижа бермоқда.

Маҳаллалардаги банд бўлмаган ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида “Ўзбекис­тон белгиси” кўкрак нишони соҳиби, ёш тадбиркор Бахадир Сапартаев иштирокида “Тадбиркорлик сирлари” мавзусида семинар-тренинглар мунтазам ташкил этилмоқда.

Хотин-қизларни касб ҳунарга тайёрлаш мақсадида умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчи қизлари иштирокида 16  марта “Бизнес саёҳат”лар ташкил этилди.

Қорақалпоғистонда амалга оширилаётган бу муҳим тадбирлар орқали Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббуснинг ёшлар томонидан кўтаринкилик билан кутиб олинганлиги, бу борада кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги қувончли ҳолдир.

Бу ёшларимизнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига, мақсад ва орзулари сари дадил бориб, юртимиз равнақи, халқимиз тинчлик осойишталиги, аҳоли фаровонлигига ўз ҳиссасини қўша оладиган баркамол инсонлар бўлиб етишишида нақадар муҳим эканлигини алоҳида эътироф этамиз.

Зеро, турли зиддиятлар кучайиб бораётган бугунги дунё манзараларида ёшларимизнинг маънавий иммунитетини кучайтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ҳар қачонгидан ҳам долзарброқ эканини замоннинг ўзи кўрсатиб турибди.

Президентимизнинг Ўзбекис­тон Республикаси Давлат мустақиллигининг 28 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги қарорида “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон” деган бош ғоя асосида тадбирлар, тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилиши тўғрисида вазифалар белгилаб берилган.

Шу асосда шу кунларда Қорақалпоғистонда олиб борилаётган барча ташкилий тадбирлар айниқса кейинги икки йил давомидаги ижтимоий-иқтисодий соҳада эришилган ютуқлар, белгиланаётган кенг кўламли вазифаларга қаратилмоқда. Президентимиз қарорида таъкидланганидек “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, шунингдек, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” давлат дастури, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ҳар бир оила-тадбиркор”, “Ёшлар-келажагимиз”, “Беш ижобий ташаббус” каби муҳим дастур ва режалар доирасида олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг маъно-мазмуни ва руҳи мужассам этилишига алоҳида эътибор берилмоқда.

Мустақиллик байрами энг улуғ байрам. Эрк ва миллат шаъни, озод ва обод ҳаёт, халқимизнинг шукроналиги, бугунги куннинг ҳар бир дақиқасидан рози бўлиб яшаш, бу байрамнинг гўзал шукуҳида, тантанавор бахтли давраларда қайта-қайта намоён бўлмоқда. Бу давраларнинг иштирокчилари қалбидан қўшиқлар отилиб чиқади.

Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон,

Озод ва обод давроннинг кўркидир инсон.

Истиқлолнинг ҳар кунида, яшарган юртим,

Ёш авлодлар орзусида, бахтингни кўрдим.

Янгиланган умр учун чексиз ташаккур,

Аждодларнинг руҳий кучи олий тафаккур!

Истиқлолнинг ҳикматидур, шиддатли қадам,

Ватан! Сенинг қудратингга таъзимда олам.

Янгиланган ота юртим, Қорақалпоғистон!

Ўзбекистон гул боғида, мангу бўл омон.

Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА,

Қорақалпоғистон Республикаси

Жўқорғи Кенгеси депутати, Сенатор.