Муаммолар жойида ҳал қилинмоқда


Барчамизга маълумки, бугунги кунда Муҳтарам ­Президентимизнинг топшириғига мувофиқ, аҳолининг, айниқса, энг олис ҳудудларда яшаб, меҳнат қилаётган инсонларнинг ҳолидан хабар олиб, уларнинг ҳаётида учраётган муаммо ва камчиликларни ижобий ҳал қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг 6 август куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ер­ния­зов Нукус шаҳридан 230 километрдан ортиқ узоқликда жойлашган Элликқалъа туманининг «Шуқирқақ» овул фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи аҳолининг ҳолидан хабар олди.

Маҳаллий аҳоли билан бўлиб ўтган учрашувда вазирлик ва ташкилотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, туман ҳокимлиги раҳбарлари, жамоат ташкилотлари ва оммавий  ахборот воситалари вакиллари иштирок қилди.

Президентимиз раҳбарлигида “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган  тамойил  асосида  ўтказиб келинаётган сайёр қабуллар халқимизнинг кундалик ҳаётида учраётган муаммоларнинг жойида ижобий ҳал қилинишига, шу тариқа аҳолининг ҳаётдан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда.

«Шуқирқақ» овул фуқаролар йиғини ҳудудида бугунги кунда 700 нафардан ортиқ аҳоли яшайди. Овул фуқаролар йиғини 2002 йил ташкил қилинган бўлиб, маҳаллий аҳоли асосан чорвачилик билан шуғулланади.

Ўтказилган учрашув давомида фуқаролар асосан йўл қурилиши, ер майдони ажратиш, алоқа хизмати, турар жой, таълим, мактабгача таълим, тиббий ва коммунал хизмат кўрсатиш каби масалаларда мурожаат қилди.

Аниқроғи, фуқароларнинг 40 дан ортиқ мурожаати тингланиб, шундан 20 га яқин мурожаат шу ернинг ўзида ҳал қилинди. Қўшимча ўрганиш ва вақт талаб қиладиган мурожаатлар юзасидан тегишли вазирлик ва ташкилотлар раҳбарларига аниқ топшириқлар белгилаб берилди.

Шунингдек, ҳудуддаги кам таъминланган оилаларга телевизор, гилам, озиқ-овқат маҳсулотлари, 33-сонли мактаб жамоасига эса, ҳар хил номдаги 100 дона бадиий китоблар, янги парта ва доскалар тақдим этилди.