Тадбиркорлар мурожаатлари ижобий ечимини топди


Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязовнинг тадбиркорлар билан сайёр қабули бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Қорақалпоғис­тон Республикасидаги Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси билан биргаликда ташкил этилган тадбирда секторлар, вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, тижорат банклари раҳбарлари, Нукус шаҳри ва Нукус тумани тадбиркорлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Президентимиз ташаббуси билан юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг кундалик фаолиятида учраётган ҳар қандай муаммоларни ҳал этиш ва қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ жойларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил этилиши тадбиркорларимиз оғирини енгил қилиб, муаммоларнинг жойида ечим топишига хизмат қилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязовнинг навбатдаги сайёр қабулида асосан, имтиёз­ли кредит, ер майдони ажратиш, коммунал хизмат, бўш турган биноларни “ноль” баҳода сотиб олиш, йўл қурилиши, зарур жиҳозлар билан таъминлаш, солиқ ва божхона имтиёзлари ва бошқа масалаларда 50 нафардан ортиқ тадбиркорларнинг мурожаатлари қабул қилинди. Ушбу мурожаатларнинг кўпчилиги шу ернинг ўзида ҳал этилган бўлса, вақт талаб қилинадиган масалалар бўйича тегишли ташкилот раҳбарларига топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.

— Ўзбекистон  Республикаси Бош вазирининг жойлардаги бундай қабулхоналари тадбиркорларимиз учун алоҳида ғамхўрлик бўлди, — дейди Нукус шаҳридаги “Суўен балиқ” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Баҳадир Шалабаев. — 2017 йили уч томонлама шартнома асосида Нукус шаҳридаги бўш турган биноларнинг бирини олиб бу ерда нон ишлаб чиқариш цехини очдим. Натижада 8 нафар кишининг бандлиги таъминланди. Бино масаласида қабулда мурожаат қилган эдим. Тегишли соҳа раҳбарлари томонидан ушбу масала кўриб чиқилиб, яқин кунларда ижобий ҳал этиладиган бўлди.

Ҳудудларда ҳам мана шундай тадбиркорлар иштирокидаги қабуллар давом этмоқда.

Қорақалпоғистон хабар агентлиги.