Юртимизда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ижтимоий муҳитни соғломлаштириш борасида ўзига хос тажриба тўпланган, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича институционал ва ҳуқуқий асослар яратилган. Ушбу масала ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг энг муҳим вазифаларидан бири этиб белгилангани боис Ички ишлар вазирлигида Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бош бошқармаси тузилган.
Шунингдек, милиция таянч пунктларида профилактика инспекторлари тизими шакллантирилган, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари фаолияти йўлга қўйилган. Бундан ташқари, маҳаллаларда ҳам умумий ва ўрта махсус таълим муассасалари билан биргаликда ўқувчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ёшларни фойдали машғулотларга жалб қилиш чоралари кўрилмоқда. «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги ва «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонунлар бу борада мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Мазкур қонун ҳужжатларида профилактика тизимига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан бир қаторда, таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари ҳам киритилган. Чунки, ўсмирларнинг ҳуқуқбузарлик содир этишига таълим-тарбиянинг яхши йўлга қўйилмагани, таълим олувчиларнинг бўш вақти кўнгилдагидек ташкил қилинмагани, шунингдек, ёшларнинг иш билан таъминланмагани каби омиллар сабаб бўлади. Йўлга қўйилаётган ҳамкорлик тизими бундай камчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
«Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонунда таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари раҳбарлари ички ишлар органларига ҳуқуқбузарлик фактлари ҳақида, одамларнинг ҳаётига ёки соғлиғига таҳдид соладиган низолар тўғрисида ва таълим олувчи шахснинг ғайриижтимоий хулқ-атвори, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган шахслар ҳақида хабар қилиши шартлиги мустаҳкамланган.
Таълим муассасаларининг вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдаги иштироки билан боғлиқ қоидалар «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги қонунда ҳам мустаҳкамланган. Хусусан, унинг 13-моддасида таълимни бошқариш органлари ва таълим муассасалари зиммасига вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш билан боғлиқ муҳим вазифалар юкланган. Қонуннинг ушбу моддасига кўра, таълимни бошқариш органлари ўз ваколатлари доирасида вояга етмаганларда қонунга итоаткорлик хулқ-атворини шакллантиради, дарсларга ўз вақтида қатнашишини таъминлайди, уларга психологик ёрдам кўрсатади, якка тартибдаги профилактика ишларини олиб боришда иштирок этади, вояга етмаганларнинг бандлигини таъминлашда қатнашади. Таълим муассасалари ҳам вояга етмаганларга ижтимоий-психологик, педагогик ёрдам кўрсатади, дарсларга доимий қатнашишини таъминлайди, уларни спортга жалб этади, болаларининг тарбияси қийин бўлган оилаларга ёрдам кўрсатади.
Таълимни бошқариш органлари ва таълим муассасалари кўпроқ вояга етмаганларнинг онгига таъсир кўрсатиш, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш орқали кўзланган мақсадга эришишлари мумкин.
Жорий йилнинг 9 январь куни Президентимизнинг «Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони билан жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш «шахс — оила — маҳалла — таълим муассасаси — ташкилот — жамият» принципи бўйича тизимли ва узвий ташкил этилиши белгилаб қўйилди.
Фармон билан тасдиқланган Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепциясининг асосий йўналишларидан бири сифатида таълим муассасаларида ҳуқуқий саводхонликни ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Концепция доирасида «Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганиш» ва «Инсон ҳуқуқларини ўрганиш» махсус ўқув курсларини барча таълим турлари бўйича ўргатиш жорий этилиши белгиланди.
Таъкидлаш лозимки, таълим хусусияти ва вояга етмаганларнинг ёшидаги тафовут туфайли умумий ўрта таълим ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларидаги ҳуқуқий таълим фарқланади. Масалан, «Давлат ва ҳуқуқ асослари» фани 8-9-синфларга ҳафталик умумий 2 соат ҳажмда ўтилади. Бунда масаланинг икки жиҳатига эътибор қаратиш зарур. Биринчидан, бу фаннинг 8-синфдан бошлаб ўтилиши ҳуқуқий таълимнинг кечикишига сабаб бўлса, иккинчидан, ажратилган ўқув соатинингкамлигидир (бир йилга 34 соат), икки йил давомида (9-синфдан «Конституциявий ҳуқуқ асослари» фани ўтилади, у ҳам 34 соат) давлат ва ҳуқуқ асослари тўғрисида мухтасар билим эгаллашни сезиларли даражада мураккаблаштиради. Натижада ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш, ёшларни ҳуқуқий маданиятли, қонунга итоаткор қилиб тарбиялаш, жамиятда қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш сингари олий мақсадларга эришиш жараёни секинлашади.
Юқоридаги стандартларни таҳлил қиладиган бўлсак, унда 1-4-синфларда ўқувчилар давлат тушунчасини, давлатнинг рамзий белгиларини, Ватан туйғусини англаши, ҳуқуқ ва ҳуқуқбузарлик ҳақида тасаввурга эга бўлиши, оилада фарзанднинг бурчини билиши шартлиги белгилаб қўйилган.
5-9-синфлар ўқувчилари эса давлат ва ҳуқуқ асосларига оид 18 турдаги билим, кўникма ва малакаларни эгаллашлари шартлиги мустаҳкамланган. Улар ҳуқуқий таълим, давлат тузилиши, бошқарув шакллари, бошқарув усуллари, давлат органлари, ахлоқ ва ҳуқуқ, ҳуқуқ меъёрлари, ҳуқуқ тизимлари, унинг соҳалари, ҳуқуқни қўллаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, ҳуқуқлардан фойдаланиш, ҳуқуқий давлат, уни шакллантириш йўллари ва муаммолари, инсонпарвар, демократик, ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти қуриш асослари, ўзбек миллий давлатчилиги, Ўзбекистон Конституцияси, инсон ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликлари тизимлари ва улардан фойдаланиш кафолатлари, Конституция ва қонунларга риоя қилиш, уларни ҳурмат қилиш, миллий давлат ва унинг маъмурий-ҳудудий тузилиши, давлат ҳокимият тизими: қонун чиқарувчи, ижро этувчи, суд ҳокимияти, Ўзбекистон Президентининг давлат бошлиғи сифатида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига, Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларига риоя этилишига кафил бўлиши, республика суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини муҳофаза қилиш, иқтисодий, сиёсий, маънавий, маърифий соҳаларга оид қонунлар, таълим соҳаси ва ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий тамойиллари, ёшларнинг маънавий, маърифий, жисмоний камолотининг ҳуқуқий асослари билан боғлиқ.
Шу билан бир қаторда, давлат ва ҳуқуқ асосларига оид билим, кўникма ва малакалар юзасидан қуйидаги фикрларни билдириб ўтиш лозим. Ҳуқуқий таълимда ҳуқуқбузарлик ва унинг оқибатлари учун ёшига қараб боланинг ўзи ёки унинг васий ҳамда ҳомийси жавобгар бўлиши маcалаларини алоҳида белгилаб қўйиш мақсадга мувофиқ бўлиб, бу ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга, болаларни қонунга итоаткор этиб тарбиялашга хизмат қилади.
Вояга етмаганларнинг ҳуқуқий таълимини самарали ташкил этишда Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 7 августдаги «Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Бизнингча, келгусида давлат ва ҳуқуқ асосларига, ҳуқуққа ихтисослашган синфлар тузиш амалиётини ҳам жорий этиш мақсадга мувофиқдир.
Шунингдек, умумтаълим мактабларининг 2-9-синф ўқувчилари учун ўтиладиган тарбиявий соатлар мавзуларини таҳлил қиладиган бўлсак, уларда асосий эътибор йўл ҳаракати қоидаларига қаратилган. Гарчанд, тарбиявий соатлардан кўзланган мақсадлардан бири ўқувчиларни тартиббузарлик, тамаки чекиш, спиртли ичимликлар истеъмол қилишнинг зарари ҳақида огоҳлантириш бўлса-да, ўтиладиган мавзулар доирасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалалари етарли даражада қамраб олинмаган. Умумий ўрта таълимнинг барча синфларида Конституцияга бағишланган дарслар борлиги эътиборга лойиқ. Аммо аксарият мавзулар йўл ҳаракати қоидалари билан боғлиқ бўлиб қолган.
Шу боис, фикримизча, умумтаълим мактабларида ўтиладиган тарбиявий соатларда айнан қонунга итоаткорликнинг мазмун-моҳиятини, жамият ва давлат тараққиёти учун аҳамиятини кўрсатиб берадиган мавзуларни кўпайтириш зарур.
Мухтасар айтганда, юқорида таклиф қилинаётган янгиликларни жорий этиш, шу жумладан, «Давлат ва ҳуқуқ асослари» фанини ўқитишни эртароқ, масалан, 5-синфдан бошлаш ва дарс соатларини юқори синфларга ўтган сари кўпайтириб бориш вояга етмаганларни юксак ҳуқуқий маданиятли этиб тарбиялашга, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга, қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
У.Нормуродов,
Нукус ҳарбий прокурори катта ёрдамчиси,
адлия майори.



