Маънавият ва маърифат маркази Қўнғирот тумани бўлинмаси томонидан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлашга қаратилган муҳим йўналишида белгиланган вазифаларни амалга ошириш доирасида “Бағрикенг Ўзбекистон умумий уйимиз” шиори остида турли миллат вакиллари иштирокида фестиваллар ташкил қилинди.
Жумладан, тумандаги 36-сонли мактабда ташкил этилган “Миллий таомларнинг ўзига хослиги” мавзусидаги кўргазмада турли миллат вакиллари ўзларининг миллий таомлари билан қатнашди. Унда, миллий таомларимиз, айниқса ота боболаримиз севиб истеъмол қилган, йўқолиб бораётган таомлар намойиш этилди.
Шунингдек, Қўнғирот тумани маданият бўлимида “Дунё рақслари” фестивали ҳам бўлиб ўтди. Фестивалда тумандаги мактаб ва мактабгача таълим муассасаларидаги турли миллат вакиллари дунё рақслари бўйича беллашди.
“Есемурат жираў” номидаги 10-сонли мусиқа ва санъат мактабида ўтказилган «Миллий чолғу асбоблари» кўрик-танловида эса мусиқа мактаби ҳамда Баркамол авлод болалар маркази ўқувчилари турли миллат вакилларининг чолғу асбобларида мусиқалар чалишди.
Баркамол авлод болалар марказида ўтказилган миллий либослар “Жозиба” танловида ҳунармандлар турли миллатлар либосларини намойиш этишди.
Фестиваль якунида барча иштирокчиларга ташкилотчилар томонидан диплом, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Бундай фестивалларнинг ташкил қилиниши жамиятда миллатлар тотувлиги ва ижтимоий барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
У.Тилеумуратова,
Республика Маънавият ва маърифат маркази Қўнғирот туман бўлинмаси раҳбари.



