Тинч юртга байрамлар ярашади


Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 28 йиллигига бағишланиб пойтахтимиздаги Очиқ театрда бўлиб ўтган “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” номли театрлаштирилган адабий мусиқали – хореографик байрам тантанасидан репортаж

Президентимиз раҳбарлигида юртимизда тинчлик ва бар­қарорликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини таъминлаш, Ватанимизни ҳар томонлама ривожлантириш, унинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” давлат дастури, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ҳар бир оила -тадбиркор”, “Ёшлар келажагимиз”, “Беш ижобий ташаббус” каби муҳим дастур ва лойиҳалар доирасида шаҳар ва туман марказларида, ҳаттоки, энг чекка ҳудудларимизда ҳам қурилиш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, халқимизнинг турмуш даражасини яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ёшлар, хотин-қизлар, кекса авлод вакиллари, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга ғамхўрлик кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти­нинг шу йил 8 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги махсус қарори асосида республикамиз бўйлаб катта тайёр­гарлик ишлари олиб борилди. Бу йилги байрамнинг “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида ўтказилишида чуқур маъно бор. Ҳар йилгидек, бу йилги байрам олдидан ҳам бир қатор ишлаб чиқариш, ижтимоий-маданий объектлар халқимиз манфаати йўлида фойдаланишга топширилди.

2019 йил 29 август. Пойтахтимиздаги Очиқ театр, унинг атрофи юртимиз мустақиллиги, меҳнаткаш халқимиз, ­халқлар дўстлигини улуғловчи чақириқ-шиорлар, инсонга завқ бағишлайдиган ранг-баранг гуллар, турли рангдаги чироқлар билан безатилган.

Соат 19.30. Чорлов мусиқаси билан байрам тантанаси бошланиб, сўз Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони М.Ерниязовга берилди.

Республикамиз раҳбари йиғилганларни, бутун халқимизни Ватанимиз мус­тақиллигининг 28 йиллик байрами билан қизғин табриклади.

Таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби республикамизнинг шаҳар ва туманлари ҳам янги қиёфа касб этиб, катта бунёдкорлик майдонига айланмоқда.  Шунинг натижасида биринчи ярим йилликда ялпи ҳудудий маҳсулотлар кўлами 7 триллион сўмни ташкил этган бўлса, йил якунига қадар бу кўрсаткич 15 триллион сўмга етказилиши кутилмоқда.

Ўтган олти ой давомида қурилиш ишларининг ҳажми 45 фоизга, инвестициялар ҳажми 19,4 фоизга, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 8,4 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳажми 5,4 фоизга, хизматлар ҳажми 18 фоизга ўсгани-иқтисодиётимизнинг шиддат билан ривожланиб бораётганидан далолат беради.

Шу йилнинг 20-21 август кунлари Президентимизнинг республикамизга қилган ташрифи, шунингдек, Нукус шаҳрида фаоллар билан бўлган учрашуви катта тарихий воқеаларни, қувончли дамларни, тараққиётимизнинг янги босқичини ўзида мужассам этди. Бўлиб ўтган учрашувларда давлатимиз раҳбари республикамизни ривожлантириш бўйича беш устувор вазифани белгилаб берди. Халқимизнинг истак ва тилакларидан келиб чиқиб, 2019-2022 йилларда жами 14 триллион 684 миллиард сўмлик 697 та лойиҳани амалга ошириш, шунинг ҳисобидан 14 мингга яқин янги иш ўринлари яратиш вазифаси белгилаб олинди. Шундан, чет эл инвестициялари ҳиссаси 914 миллион 735 минг АҚШ долларини ташкил этади.

Байрам олдидан бир қатор юрт­дошларимиз орден ва медаллар, давлат мукофотларини олишга муяссар бўлди. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязовга мамлакатимизнинг энг олий мукофоти – «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонининг берилиши ­Президентимизнинг халқимизга бўлган юксак ҳурмат ва ғамхўрлигининг ёрқин ифодасидир. Ушбу қувончли хабарни байрам иштирокчилари узоқ давом этган қарсаклар билан қарши олишди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари янгради. Бу ерда ўрнатилган монитор орқали кўрсатилган ­Президентимиз раҳбарлигида истиқлол йилларида қўлга киритилган ютуқлар, республикамизда жумладан, Мўйноқ туманида бугунги кунда амалга оширилаётган кенг кўламли қурилиш ишлари ҳар бир иштирокчига қувонч ҳамда фахр-ифтихор туйғуларини бағишлади.

Байрам томошалари Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларида хизмат кўрсатган артист, “Ниҳол” мукофоти совриндори Мақсет Утемуратов ижросидаги “Туўған жер” қўшиғи билан бошланди. Шундан сўнг Ватан, она юрт, мус­тақиллик тўғрисидаги қўшиқ ва рақслар ижро этилди.

Бугунги кунда юртимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдодларини юзага чиқариш учун барча шароитлар яратилган. Бу Нукус шаҳридаги 1, 12, 22-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаблари, Нукус шаҳар маданият бўлими ҳузуридаги “Наўше” намунали болалар эстрада ансамбли, Ёшлар маркази қошидаги “Шуғла” ва “Жулдизша” ансамбллари аъзолари ижросидаги “Беш ташаббус-беш имконият” компазициясида яна бир бор ўз ифодасини топди.

Юртимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда спортчиларимиз келгуси йили Японияда бўлиб ўтадган XXXII ёзги Олимпия ўйинларига лицензия олиш учун халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этмоқда. Бунда уларга омад тилаймиз. Байрам тантанасининг спорт бўлимида келажаги умидли ёш спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.

Мамлакатимизнинг ҳудудий яхлитлигини, чегараларимиз тинчлиги, халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлашда Қуролли Кучларимиз  ҳақиқий қўрғонга айланмоқда. Байрам томошасида Шимоли-ғарбий ҳарбий округи аскарларининг тантанали чиқиши, улар томонидан ижро этилган ватанпарварлик туйғуларини мадҳ этувчи қўшиқлар йиғилганларда ўзгача таассурот қолдирди. Республикамизда турли миллат вакиллари бир оила аъзоларидек ҳамжиҳатликда яшаб, меҳнат қилиб келмоқда. Тадбирда турк­ман, рус халқларининг миллий қўшиқлари маҳорат билан ижро этилди.

Байрам тантанаси Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театр артисти Сапарбай Шерманов ҳамда барча иштирокчилар ижросидаги “Гуллаган Ўзбекистон” қўшиғи билан якунланди.

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 28 йиллигига бағишланган бундай байрам тадбирлари, халқ сайиллари республикамизнинг барча ҳудудларида давом этмоқда.

Д.Абибуллаев.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.