ВАТАННИ СЕВМОҚ – ФИДОЙИЛИК, САДОҚАТ, ЖАСОРАТ ВА МАРДЛИКДИР


Халқимиз энг улуғ энг азиз байрамимиз мустақиллигимизнинг 28 йиллик тантаналарини ҳар қачонгидан ҳам катта шодиёна, кўтаринкилик билан нишонладилар. Давлатимиз раҳбарининг байрам муносабати билан халқимизга йўллаган табригидаги «Бугун бир фикрни қатъият билан таъкидлашни зарур, деб биламан: Ўзбекистондаги демократик жараёнлар энди орқага қайтмайдиган, муқаррар тус олди.

Биз мана шу ёруғ кунлар учун курашиб, жон фидо этган ота-боболаримизнинг ҳаққи-ҳурмати, 33 миллионлик халқимизнинг ҳаққи-ҳурмати, бизга умид ва ишонч кўзи билан боқиб турган болаларимиз, набираларимизнинг ҳаққи-ҳурмати – мустақиллик ва истиқлол йўлидан ҳеч қачон қайтмаймиз! Ўз мақсадларимизга албатта етамиз – келажаги буюк Ўзбекистонни барчамиз биргаликда барпо этамиз!» деган сўзлари ватанпарварлик, фидойилик, ўз халқига садоқат руҳига йўғрилгандир.

Бу сўзлар албатта бетакрор Ўзбекистонимизнинг дунёга бахт ва фаровонлик, тинчлик ва осойишталик эшикларини очганини бутун жаҳон кўриб турибди.

Давлатимиз раҳбарининг яқиндагина Қорақалпоғистонга ташрифи ва шу ташриф давомида қорақалпоқ халқининг эртанги фаровон куни учун белгилаб берган кўламли вазифалари халқимизга изҳор қилган меҳрли сўзлари юртимизнинг кексаю-ёшини янги орзу мақсадларга руҳлантирмоқда.

Ҳар кунимизда бир янгилик, янги иншоотларнинг ишга тушаёт­гани, ижтимоий соҳаларга хизмат қилаётган биноларнинг очилаётгани, турли хушхабарлар оқими тинмайди.

Энг катта қувонч эса Президентимизнинг 28 август кунги фармони билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раи­си Ерниязов Муса Тажетдиновичга “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони берилганлиги бўлди. Бу улуғ мукофотда халқимиз Қорақалпоғис­тон Республикаси раҳбарининг мамлакатимиз иқтисодий салоҳия­тини мустаҳкамлаш, унинг жаҳон миқёсидаги шон-шуҳратини юксалтириш, Ватанимиз обод­лиги, турмушимиз фаровонлигини таъминлаш борасидаги улкан хизматлари, сўнгги йилларда юртимизда жадаллик билан олиб борилаётган туб ислоҳотлар жараёнидаги ташаббускорлиги ва фидойилиги, давлат ва халқ манфаатларини рўёбга чиқариш йўлидаги фидокорона меҳнати, ишлаб чиқариш ва ижтимоий-маънавий соҳалардаги кўп йиллик самарали ва ибратли фаолияти, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва ­умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга қўшган катта ҳиссаси ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки ва меҳнатларини рўй-рост кўрмоқдалар.

Шукуҳли азиз байрамимиз арафасида Қорақалпоғистонга ёйилган бу хушхабардан юртини севган, унинг фаровонлиги, ижтимоий иқтисодий ривожланиши учун фидойилик билан меҳнат қилаётган ҳар бир фарзандининг кўксига «Олтин Юлдуз» тақилгандай қувондилар. Бу қувончни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг мустақиллигимизнинг 28 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ қорақалпоғистонлик давлат хизматчилари, ишлаб чиқариш, ижтимоий-иқтисодий, фан, таълим, маданият ва санъат соҳаси ходимларини “Меҳнат шуҳрати”, “Дўстлик”, II даражали “Соғлом авлод учун” орденлари, “Шуҳрат”, “Жасорат” медаллари билан мукофотлаганлиги янада тўлдирди.

Қорақалпоғистонликлар элнинг равнақи, унинг ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ютуқлари, аҳоли турмуш фаровонлиги кун сайин ортаётганлиги, янгиланишлар, кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари самараси Давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоқ элига бўлган чексиз, самимий меҳри, катта эътибори, аниқ ва режали вазифалари, барча соҳаларга янги инновацион технологияларни жорий этилишини таъминлаётганлиги билан намоён бўлаётганлигини яхши англайдилар.

Шу билан бирга Президентимиз белгилаб бераётган бу устувор вазифаларни оғишмай амалга оширишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Муса Тажетдинович  Ерниязовнинг катта ташкилотчилик раҳбарлик қобилияти, кадрлар билан ишлашдаги алоҳида истеъдоди, одамлар орасида ўзининг камтарлиги билан ҳурмат қозонганлиги, ҳар бир фуқарони диққат ва эътибор билан тинглай биладиган салоҳияти, муаммоларни ҳал қилишдаги тажрибаларининг устунлигини ҳам халқимиз юксак қадрлаб келаётгани ҳақ гап.

Агар биз, М.Т.Ерниязовнинг ҳаёт йўлига назар ташласак, у қайси соҳада фаолият олиб боришидан қатъий назар – туман раҳбарими, ҳукумат таркибидаги раҳбарми, қурилиш соҳасида иш юритишими ҳамма-ҳаммасида Қорақалпоғистон юртининг эртанги куни обод бўлишини мақсад қилиб қўйганлигини кўрамиз. У ўз меҳнат фаолиятидаги ҳар бир вазифа, аниқ тузилган тадбир ва режалар самарасида қорақалпоқ халқининг асрий орзу умидлари рўёбга чиқишини истади. М.Т.Ерниязовга Давлатимиз раҳбари “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонини бериб, “Олтин Юлдуз” медалини тақиб қўяр экан албатта, бу мукофот бугун ҳам, келажакда ҳам Қорақалпоғистоннинг обод ҳаётини таъминлашда ёруғ йўлчи юлдуз, катта дастуриламал бўлишига чин дилдан ишонди.

Бугун бу ишонч халқимиз томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Бу эътирофларда Мўйноқнинг мутлақо янги ҳаёти ва янги қиёфаси бор. Бу эътирофда янгидан тикланган Бўзатов туманининг ишончли келажаги бор.

Муҳтарам Президентимиз Қорақалпоғистонни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлган 5 та асосий вазифани белгилаб  берди. Булар, инвестицияларни кенг жалб қилган ҳолда саноатни жадал ривожлантириш, соҳаларда ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил қилиш, тадбиркорликка кенг йўл очиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалигига замонавий технологияларни жорий қилиш, ҳосилдорликни ошириш, ишлаб чиқариш корхоналарини ишга тушириш ва халқимиз учун замонавий инфратузилмани яратиш, Оролбўйи хал­қининг яшаш шароит­ларини яхшилаш вазифаларидир. Шунингдек, бу эътирофларда яна шу йилнинг олти ойи давомида  қурилиш ишлари кўлами 45 фоизга, инвестициялар кўлами 19,4 фоизга, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш кўлами 8,4 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини  етиштириш кўлами 5,4 фоизга, хизматлар кўлами 18 фоизга ўсгани ярқираб кўриниб турибди.

Энг асосийси, мустақилликнинг 28 йиллиги тантаналарида Давлатимиз раҳбарининг қўли билан кўксига «Олтин Юлдуз» таққан Ўзбекистон Қаҳрамони ­М.Ерниязовнинг истеъдодли қурувчи сифатидаги фаолияти алоҳида эътироф этишга лойиқ. Тўғри, бугунги кунда Ўзбекистоннинг ҳамма ҳудуди қурилиш майдонига айланган. Юртимизнинг янги қиёфасини янада кўркам қилган бу бунёдкорлик ишлари кеча-кундуз давом қилмоқда.

Биз фахр билан айтамизки, Қорақалпоғистоннинг кейинги икки йил ичида шу даражада ўзгариб янгиланганлиги, албатта Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи М.Ерниязовнинг изчил раҳбарлиги, тиниб-тинчимаслиги, талабчанлиги, қурилишлар суръати ва сифатини назоратдан четда қолдирмай амалга ошираётганлигининг натижаси эканлигини у билан ёнма-ён туриб бирга фаолият олиб бораётган барча раҳбарлар, халқимиз ҳам яхши биладилар.

Мустақиллик байрами қувончлари энг самимий, энг покиза қувончдир. Ўтган 28 йил давомида аҳолимизнинг етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган инсонлари ўзлигини англаб, аждодлар қолдирган мероснинг ҳар бир ҳикматини ўз ҳаётига ҳамоҳанг тарзда Ватан учун, халқ учун жон фидо қилиб яшашни ўрганди. Муҳтарам ­Президентимиз мустақилликнинг 28 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида таъкидланганидек, “Ўз Ватанини, она халқини равнақ топтириш учун ўзини аямасдан меҳнат қилиш: бу – жасорат ва мардлик, бу – она юртга муҳаббат ва садоқат, бу – тўғри тарбия ва амалий намуна демакдир.”

Гулистон Аннақиличева,

Қорақалпоғистон халқ шоири.

Сенатор.