Уй ҳайвонларини ҳужжатлаштиришнинг фойдаси нимада?


Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг маълумотларига қараганда, шу йилнинг саккиз ойи давомида жами 2074 ҳайвоннинг тишлаб ҳужум қилиши натижасида бир қанча шахс ва ҳайвонлар жабр кўрган. Уларнинг кўпчилиги дайди итлардир.

— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 июлдаги 202-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида республикамизда қутириш касаллигининг олдини олиш бўйича, шу йил февраль ойида қутириш касаллигига қарши курашиш ойлиги ўтказилган эди, — дейди қўмитанинг ҳайвонлар саломатлигини муҳофаза қилиш бўлими раҳбари С.Сагизбаев. — Шу йилнинг ўтган ойлари давомида жами 200 минга яқин хонадонлар кўздан кечирилиб, 151 мингдан ортиқ итлар рўйхатга олинди. 90 мингга яқин итга гувоҳнома берилди.

Қутириш касаллигига қарши жами 108 минг 986 ит ва мушуклар эмланди. Оммавий ахборот воситалари орқали мунтазам равишда тарғибот ишлари олиб борилиб, аҳоли орасида суҳбатлар ўтказилмоқда. 2834 жойда маърузалар ўқилиб, ушбу касаллик ва унинг олдини олиш йўллари акс эттирилган 64 минг­дан ортиқ брашюра, 30 та плакатлар тарқатилди.

Куз мавсумининг кириб келиши боис, эндиликда  тегишли ташкилотлар билан биргаликда бу борадаги ишларни янада кучайтириш талаб этилади. Чунки, ушбу мавсумда ҳайвонларда қутириш каби юқумли ва хавфли касалликлар кўпаяди.

Ҳар хил тушунмовчиликлар келиб чиқмаслиги учун  ҳамда ўз саломатлигини таъминлаш мақсадида фуқароларимиз қаромоғида бўлган ит ҳамда мушукларини ҳужжатлаштириб олиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Ҳайвонларга паспорт олиш оддий ва осон амалга оширилади.

Бунинг учун ҳар бир фуқаро ўз ҳудудидаги (туман ёки шаҳар) ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимларига хабар бериши лозим. Шу ердаги ходим итни клиник текширувдан ўтказиб, 3 ойлигидан бошлаб қутириш касаллигига қарши вакцина билан эмлаб, ёки бошқа касалликлари бўлса аниқлайди. Қутириш касаллигига қарши вакцина билан эмлаш йилига бир маротаба ҳар йили амалга оширилади.

Қорақалпоғистон хабар агентлиги.