Яқинда Қўқон шаҳрида 100 дан ортиқ давлатлар ҳунармандлари иштирокида анжуман ўтказилиб, унда юртимизнинг барча ҳудудларидан ҳунармандлар қатнашди.
Таъкидлаш жоизки, юртимиздаги ҳар бир ҳудуд ўз ҳунармандчилик мактабига эга. Уларнинг барчаси қадимий ҳунармандчилик анъаналарини асраб-авайлаб келмоқда.
Мазкур тадбир доирасида И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейи олдидаги майдонда ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси бўлиб ўтди. Кўргазмада республикамизнинг барча шаҳар ва туманларидан ташриф буюрган ҳунармандлар томонидан яратилган буюмлар намойиш қилинди. Тадбир иштирокчилари Қўқон шаҳрида ўтказилган анжумандаги Президентимиз нутқини монитор орқали тинглашди.
Кўргазмада ҳунармандчилик буюмлари, рассомчилик ва амалий санъат асарлари, маҳсулотларни ишлаб чиқариш жараёнлари, соҳага оид ҳужжатли фильмлар, китоблар ва фотосуратлар намойиш этилди.
— Мен 1995 йилдан буён халқ ҳунармандчилиги билан шуғулланаман. Миллий чолғу-асбобларини ясайман. Ушбу кўргазмага чолғу-асбобларидан дуторларни олиб келдим, — дейди Нукус туманидан келган ҳунарманд-уста Жолдасбай Нуратдинов.
Бу анжуман ҳунармандчиликни кенг тарғиб қилиш, унинг анъаналари ва мактабини сақлаш, қайта тиклаш, шу соҳада илмий тадқиқотларни амалга ошириш, ўзаро тажриба алмашиш, истеъдодли ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш каби мақсадларга хизмат этиши билан аҳамиятлидир.
Кўргазма доирасида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирлар йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Хамраев иштирок этди.
Г.Балтабаева,
ҚМУ журналистика бўлими 4-курс талабаси.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.



