Тадбиркорлар мурожаатлари эътиборда


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари томонидан ўтган қисқа вақт ичида самарали ишлар амалга оширилди.

Жумладан, тадбиркорликни ривожлантириш, бизнес учун қулай муҳит яратиш, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш мақсадида ваколатли давлат органлари иштирокида мунтазам фаолият юритувчи ишчи гуруҳ, штаб ҳамда жамоатчилик Кенгаши ташкил этилди.

— Жорий йилнинг ўтган даврида тадбиркорлар томонидан асосан, ер участкалари ва бинолар, кредит ажратиш, рухсатномалар олиш (ҳужжатлаштириш) ва бошқа масалалар бўйича 69 та мурожаат кўриб чиқилди, — дейди Нукус шаҳридаги Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси раҳбари Ажинияз Қайраддинов.  — Шундан ўз фаолиятини бошламоқчи бўлган 22 тадбиркорлик субъектига тегишли тартибда ҳуқуқий тушунчалар берилди. Бундан ташқари 47 та ёзма мурожаат қабул қилиниб, ягона ҳукумат порталига киритилди.

Тадбиркорларни ҳамда хорижий инвесторларни қабул қилиш бўйича шаҳар ҳокимлиги билан тасдиқланган “Сайёр қабул режаси” га мувофиқ давлат бошқаруви органлари, тегишли корхона, муассаса, ташкилот раҳбарлари билан биргаликда маҳаллаларда учрашувлар ўтказилмоқда. Жорий йилнинг август-сентябрь ойларида 11 ўринда сайёр қабуллар ташкил этилиб, уларда 235 тадбиркорлик субъекти фаолиятини ривожлантириш, учраётган айрим муаммолар бўйича мурожаат этишди. Уларнинг кўпчилиги ижобий ечимини топди, айримларига эса ҳуқуқий тушунчалар берилди.

Жумладан, “Dae young medical” масъулияти чекланган жамияти ўз фаолиятини кенгайтириш ва янги иш ўринларини яратиш мақсадида АК “Қишлоқ қурилиш банк”нинг Нукус филиалидан 500 миллион сўм кредит олиш учун ёрдам сўраб мурожаат қилган. Уларнинг ушбу мурожаати ижобий ҳал этилиб, кредит маблағи тўлиғи билан ажратиб берилди.

“Нукус регионал агромаш торг” хусусий корхонасидан ҳам мурожаат келиб тушган. Унда корхонанинг янгидан қурилган биносига газ тармоғини тортишда Нукус шаҳар газ таъминоти участкаси ходимлари томонидан таклиф этилган нархга норози эканлиги билдирилган. Бу масала Қорақалпоғистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан биргаликда ўрганиб чиқилди. Натижада, корхонага газ тармоғи тортилиб берилди ҳамда ортиқча ҳисобланган маблағ ҳисобварағига ўтказилди. “Аллаяр Кегейли” масъулияти чекланган жамияти Нукус туманидаги “Орнек” овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган биноларни хусусийлаштириш мақсадида “E-IHRO AUKSION” майдончасига “1сўм” қийматда чиқарилишини сўраб мурожаат қилган. Ушбу мурожаат Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилиб, ижобий ҳал этилди.

Қабулхона ходимлари тадбиркорлардан мурожаатларнинг келишини кутиб ўтирмасдан, тегишли орган ва сектор раҳбарлари билан биргаликда жойларда сайёр қабуллар ўтказмоқда. Унда тадбиркорлар фаолиятида учраётган муаммолар ҳар томонлама ўрганилиб, уларнинг ечими бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда. Бу эса аҳолининг тадбиркорлик фаоллигини ошириш, қулай тадбиркорлик муҳитини яратиш, бандлигини таъминлаш ва уларнинг иқтисодий фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Д. Абибуллаев,

Қорақалпоғистон хабар агентлиги.