Нукус шаҳар ҳокимлигида Фуқаролик ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси суди раиси лавозимига номзод Камал Тариховни кенг жамоатчиликка таништириш мақсадида йиғилиш бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси Сағиндиқ Турманов бошқариб борган бу йиғилишда судларнинг раислари, шаҳар Кенгашининг депутатлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва ўзини-ўзи бошқариш органлари раислари, жамоат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок қилди.
Кун тартибидаги масала бўйича Ўзбекистон Республикаси Судялар олий кенгашининг аъзоси Рахат Исмайлов сўзга чиқиб, юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамиятини барпо этиш, қонун устуворлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар хусусида тўхталиб ўтди ва йиғилганларни номзодларнинг таржимаи ҳоли ва меҳнат фаолияти билан таништирди.
Таъкидланганидек, мустақил юртимизда суд ҳокимиятининг ҳақиқий эркинлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини муҳофаза қилишнинг кафолатларини кучайтириш борасида кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони суд ҳокимиятининг чин маънода мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолиятининг самарадорлигини ва нуфузини ошириш, судларнинг тузилма ҳамда судьялик лавозимига номзодларни танлаш ва тайинлаш тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилмоқда. Шундай экан, судьялар фаолиятига, биринчи навбатда халқнинг ўзи баҳо беради. Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Судьялари олий кенгаши ташаббуси билан судьялик лавозимига тавсия қилинаётган номзодларни кенг жамоатчиликка таништириш ва уларнинг розилигини олиш механизми жорий қилинди.
Фуқаролик ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси судининг раиси лавозимига номзод Камал Тарихов сўзга чиқиб, ушбу масъулиятли лавозимга лойиқ деб топилса, судларнинг чин маънода «адолат қўрғони»га айланишига, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга бор билим ва тажрибасини сафарбар қилишини билдирди.
Йиғилишда Нукус шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар Хотин қизлар қўмитаси раиси Г.Абибуллаева, суд тизими фахрийси Қ.Муханов, «Нуроний» жамғармаси Нукус шаҳар кенгаши раиси К.Қалендеров, «Тинишлиқ» маҳалла фуқаролар йиғини раиси З.Палўанова, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Нукус шаҳар кенгаши раиси вазифасини бажарувчи П.Қазақбаевлар сўзга чиқиб, номзодни қўллаб-қувватлашди.
Д.АБИБУЛЛАЕВ,
Қорақалпоғистон хабар агентлиги мухбири.



