ТАДБИРКОРЛАР МУАММОЛАРИ ИЖОБИЙ ЕЧИМ ТОПМОҚДА


Ўзбекистон Республикаси­ Президентининг 2019 йил 14 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони тадбиркорлар, айниқса хорижий инвесторлар билан ишлашни самарали ташкил этиш, улар билан очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқотни таъминлаш, уларнинг қонуний талаблари ҳамда муаммоларини ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шунингдек,  ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда тадбиркорларнинг ҳиссасини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, шу орқали уларнинг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Дарҳақиқат, фармоннинг қабул қилиниши билан тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва уларни ҳимоя қилишнинг янги тизими яратилди, десак асло муболаға бўлмайди. Шунингдек, тадбиркорлар билан давлат органлари ўртасидаги ҳамкорлик ҳам ўз самарасини бермоқда. Зеро, тадбиркорлардан келиб тушаёган ҳар бир мурожаат давлат органлари, шу жумладан, маҳаллий ҳокимият, савдо-саноат палатаси, кадастр, банк ва ­бошқа ташкилотлар вакиллари иштирокида кўриб чиқилиб имкони борича ҳал этилмоқда.

Туманимиз мисолида гапирадиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган даврида тадбиркорларимиздан 15 та мурожаат келиб тушган бўлса, шундан 6 таси ижобий ҳал этилди. Қолганлари тегишли органлар томонидан ўрганиб чиқилмоқда. Хусусан, “Қоракўл Регион Трейдинг” масъулияти чекланган жамияти корхона биносига табиий газ ва электр тармоғини тортиб бериш, “Шахноза-Динара” масъулияти чекланган жамиятининг солиқ инспекцияси томонидан ёпилган ҳисоб варағини очиб бериш, “Ас профил Қораўзак” масъулияти чекланган жамияти, “Кенесбай -Қалжан” хусусий корхонаси, “Минайхан Шилимбетова”, “Лазаров Нурлан” каби якка тадбиркорларнинг савдо терминали  билан таъминлашда ёрдам беришини сўраб қилган мурожаатлари ижобий ҳал этилди.

Келгусида ҳам тадбиркорлар фаолиятида учраётган ҳар қандай масалалар, уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаёт­ган муаммолар маҳаллий давлат органлари билан биргаликда ўрганиб чиқилиб, имкониятига қараб ҳал этилади.

Айбек Тўреев,

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак туманидаги қабулхонаси раҳбари.