Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманидаги Халқ қабулхонаси раҳбари Қ.Жамалов ҳамда туман ҳокими, 1 сектор раҳбари Ж.Ермашевлар фуқароларни қабул қилди.
Сайёр қабулда туман сектор раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари, корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари иштирок этиб, аҳоли мурожаатларини ўрганиб чиқишди.
Тумандаги “Мустақиллик” овул фуқаролар йиғинида жойлашган 15-сонли умумтаълим мактабида ўтказилган қабулда фуқаролар асосан, ишга жойлашиш, фуқароликни расмийлаштириш, коммунал хизматлар, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш каби масалалар юзасидан мурожаат қилишди.
— Бугунги кунда аҳоли мақсад-муддаолари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини тўғри англай билишни даврнинг ўзи талаб этмоқда, — дейди Хўжайли туманидаги Халқ қабулхонаси раҳбари Қ.Жамалов. — Мазкур сайёр қабулда ҳар бир мурожаат кенг муҳокама этилди. Фуқаролардан 15 та мурожаат келиб тушган бўлса, улардан иккитаси жойида ҳал этилди. Қолганлари тегишли соҳа раҳбарлари томонидан назоратга олинди.
Жумладан, Ш.Қидирниязованинг ногирон боласига ёрдам сўраб қилган мурожаати ижобий ечимини топди.
— Фарзандим ногирон бўлишига қарамасдан қўшиқ айтишга қизиқади, — дейди Ш.Қидирниязова. — Бугун унинг саҳнага чиқиб қўшиқ ижро этиш ҳақидаги орзуси рўёбга чиқадиган бўлди. Чунки, туман маданият бўлими раҳбари туманимизда бўлиб ўтадиган концерт-дастурларда фарзандимнинг ҳам иштирок этишини маълум қилди. Келажакда юртимиз ривожига ҳисса қўшадиган комил инсон бўлиб етишишига ишонаман.
— Мен овулимизда аҳолига хизмат кўрсатиш шахобчасини очган эдим. Бугунги қабулда шахобча биносига электр таянч устунини қўйиб беришни сўраб мурожаат қилдим. Ушбу мурожаатим шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди, — дейди фуқаро М.Утегенова. — Бунинг учун Президентимизга, Халқ қабулхонаси раҳбариятига ўз миннатдорлигимни билдираман.
М.Пирназарова,
Қорақалпоғистон хабар
агентлиги шарҳловчиси.
Гульшад Сабурова,
ҚДУ 4 курс талабаси.



