Нукусда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва бир қатор вазирлик ва ташкилотларнинг (ЮНЕСКО, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик ( UNFPA) жамғармаси, БМТ нинг Тараққиёт ва Кўнгиллилар дастурлари) “Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосидаги Траст фондини ташкил этиш орқали Орол фожеасидан зарар кўрган аҳолининг турмуш шароити даражасини мустаҳкамлаш” қўшма дастури доирасида “Репродуктив саломатлик ва ҳуқуқ: асосий вазифалар ва режалар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Ибрагимова бошқариб борди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори ўринбосари Д.Алимжанова, БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги ижроия вакили, дастурни мувофиқлаштирувчи К.Иномходжаев ва бошқалар сўзга чиқиб, республикамизда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш кенг жамоатчилик эътиборидаги масала эканлигини, бу борада жорий йил 11 март куни “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлигини қайд этишди.
Таъкидланганидек, давра суҳбати “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” ҳамда Каир Ҳаракатлар Дастури қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланди. Шу йилнинг 12-14 ноябрь кунлари Кениянинг Найроби шаҳрида Каир Ҳаракатлар Дастури қабул қилинганининг 25 йиллиги нишонланди. Унда Ўзбекистон Республикаси делегацияси республикада барча фуқароларнинг репродуктив саломатлигини таъминлаш мақсадида соғлиқни сақлаш ходимлари билан тўлиқ қамраб олиниши ҳамда Ўзбекистонда 2018 йили қабул қилинган Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш стратегияси асосида репродуктив ҳуқуқлар ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга доир мамлакатимизнинг истиқболдаги ваифалари 2030 йилга қадар амалга оширилишини тасдиқлади.
Маълумот учун, БМТ нинг Оролбўйи ҳудудидаги ташаббуслари доирасида хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш орқали оилаларда соғлом фарзанднинг дунёга келиши, ота-оналар масъулиятини ошириш ва оилаларнинг ҳаёт даражасини яхшилашга қаратилган тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.
Қўшма дастур доирасида жорий йилнинг 28 октябридан бошлаб БМТ нинг Аҳолишунослик жамғармаси ҳамда “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикасининг 8 та ҳудудида хотин-қизлар билан ишлашиш ва оилаларда маънавий ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассисларнинг билим савиясини ошириш мақсадида семинар-тренинглар ҳамда маҳаллий хотин-қизларнинг репродуктив саломатлик бўйича билимларини баҳолаш мақсадида сўровномалар ўтказилди.
Семинар-тренинглар давомида 160 нафар мутахассис репродуктив саломатлик бўйича ўз билим ва кўникмаларини оширди. Ўтказилган давра суҳбатида аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш борасида истиқболли режалар белгилаб олинди.
Давра суҳбатининг асосий мақсади, Қорақалпоғистон Республикаси халқининг репродуктив саломатлиги бўйича ҳолатни ўрганиш ҳамда муаммоларни муҳокама қилиш, репродуктив саломатлик ва ҳуқуқ соҳасидаги маълумотлар сифати ва улардан фойдаланиш имкониятларини ошириш бўйича самарали тадбирларни белгилашга қаратилган.
Тадбир давомида Қорақалпоғистон Республикасида репродуктив саломатлик ҳолати, никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтиш, унинг мониторингини ўтказиш тизимини ўрганиш ва таҳлил қилиш каби бир қатор масалалар бўйича маърузалар тингланди ва муҳокама этилди. Шунингдек, сессияларда репродуктив саломатлик ва ҳуқуқ соҳасида аҳолининг хабардорлигини оширишнинг самарали усулларини аниқлаш, жинсий йўл билан юқадиган касалликлар ҳамда ОИВ/ОИТС бўйича аҳоли билимларини ошириш мақсадида музокалар ўтказилиб, бу борада таклифлар кўриб чиқилди.
— Бугунги тадбирда барча мутахассислар, давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари иштирокида сўнгги йилларда амалга оширилган дастурлар, лойиҳалар натижалари таҳлил қилиниб, хулосалар чиқарилди. Суҳбатимиз қизғин муҳокамаларга бой бўлди. Сабаби, бу ерда турли ташкилотлар билан биргаликда муаммоларни ўргандик ва муҳокама қилдик, — дейди БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси миллий мутахассиси Б.Юсупов. — Сўнгги тўрт-беш йил ичида фаолиятимиз давомида учраган муҳим муаммоларни таққослаб, уларнинг ечимини биргаликда ҳал этишга ҳаракат қилдик. Келажакда Қорақалпоғистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда иш олиб борамиз.
М.Пирназарова,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.



