Ватан– бу инсон ва унинг авлод аждодлари киндик қони тўкилган муқаддас даргоҳдир. Ватан – бу аждодлар маскани эл юрт, халқ вояга етган, унинг тили, тарихи, маданияти, урф одатлари, қадриятлари чинакамига шаклланиб, камол топиб борадиган заминдир.
Ватан деганда ҳамиша ўзимиз туғилиб ўсган, кўз очиб кўрган, таълим тарбия олиб вояга етган, неча-неча аждодларимиз яшаб ўтган, уларнинг ақл- идроки, меҳнати сарф қилинган юрт кўз олдимизга келади.
Ватан она каби азиз ва муқаддас. Ватан инсонга бахт иқбол берадиган заминдир. А.Авлоний айтганидек: “Ҳар бир кишининг туғилиб ўсган шаҳар ва мамлакатини шул кишининг Ватани дейилур. Ҳар ким туғилган, ўсган жойини жонидан ортиқ суяр… Биз Туркистонликлар ўз Ватанимизни жонимиздан ортиқ суйганимиз каби араблар, қумлик иссиқ чўлларини, эски мослар Шимол тарафлар, энг совуқ қор ва музлик ерларни ва бошқа ерларни зиёда суярлар. Агар суймаслар эди, ҳавоси яхши Туронлик осон ерларга ўз ватанларини ташлаб ҳижрат қилурлар эди”.
Ватан – бу халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагидир. Ватан туйғуси– муқаддас қадрият. У инсоннинг киндик қони тўкилган жой, инсонни ижтимоий етимликдан асровчи манзил, маънавий камолот ва фуқаролик майдони, ҳаёт мактаби, фаровонлик ва бахт-саодат ўчоғидир.
Ватан туйғусини ўзида мужассам этган кишигина жамият ва халқ манфаати, унинг бахт-саодати учун курашади. Шундай экан, Ўзбекистонда яшовчи ҳар бир ёш авлод келажаги буюк бўлган давлатимизни дунёга танитишда ягона мақсад сари бирлашиши керак. Мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежи ўқувчиларида ватанпарварлик туйғусини шакллантириш муҳим аҳамият касб этади. Чунки, мазкур ўқув муассасаларида таҳсил олаётган ўқувчилар жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ўзларининг муносиб ўринларини топишлари, жамият ва Ватан равнақи учун сидқидилдан хизмат қилишлари, фидойилик кўрсатишлари, сафарбарлик хислатларини намоён қила олишлари учун уларда ҳарбий ватанпарварлик туйғусини шакллантириш ниҳоятда зарур.
Она еримиз, Ватанга бўлган муҳаббат, олижаноб туйғулар халқимиз қон қонига сингиб кетган миллий характерининг азалий фазилатларидандир. Бу қадрли инсоний фазилатларни асраб-авайлаш ва такомиллаштириш, ёшларни мустақил Ўзбекистоннинг муносиб ўғил-қизлари қилиб тарбиялашимизнинг асосий йўналишлари бўлиб қолиши керак.
Юртимизда мустақиллик йилларида ёш авлодни ватанпарвар, миллий ғурурли, маънавияти юксак инсонлар этиб тарбиялаш янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Чунки, миллий мустақиллигимизни айнан ватанпарвар, ҳар томонлама баркамол ёшлар мустаҳкамлайди, ривожлантиради, уни дунёдаги ривожланган мамлакатлар қаторига олиб чиқади. Бундай ёш авлодни шакллантириш борасида юртимизда бугунги кунда таҳсинга лойиқ ишлар амалга оширилмоқда. Ёшларга жаҳон стандартлари даражасидаги шароитларни яратиш, таълим-тарбия бериш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмунини ташкил этмоқда.
Ватанпарварликни энг олий туйғу сифатида ўтмиш мутафаккирлари алоҳида қайд этганлар ва ўзлари ҳам унга содиқ қолганлар.
Масалан Ситсерон бизга ота-оналар, болалар, яқин хеш-ақробалар қимматлидир, лекин муҳаббат бобидаги барча тасаввурларимиз биргина “Ватан” деган сўзда мужассамлашган.
Гегел (немис файласуф). Маърифатли халқларнинг ҳақиқий жасорати Ватан йўлида қурбон бўлишга ҳозир эканликларида акс этади.
Байрон (инглиз шоири). Кимки ўз юртини севмаса, у ҳеч нимани сева олмайди.
Белинский (рус танқидчиси). Кимки ўз Ватанига даҳлдор бўлмаса, у инсониятга ҳам даҳлдор эмас.
Гюго (франсуз адиби). Ўз Ватанига доғ тушуриш уни сотиш деган сўз.
Ватан туйғуси бўлган кишидагина ватанпарварлик жўш уради. Ҳарбий ватанпарварлик ҳаммамизнинг ўз ишимизга масъулият билан қараш, ватаннинг бойликларини кўз қорачиғидай асрашдир.
Ватанпарварлик бир сўз билан айтганда ўз ижобий ишларимиз, бунёдкорлик ҳаракатларимиз билан унинг куч-қудратига, гуллаб яшнашига имкон даражасида ҳисса қўшиш:
-она юртимизда тинчлик, барқарорликни ва осойишталикни сақлашга интилиш;
-ватан, миллат манфаатларини биринчи ўринга қўйишдир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 49-моддасида «Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асрашга мажбурдирлар» деб таъкидланган. Бу ҳар бир соғлом авлодда ўз халқининг аънаналарига, тили ва маданиятига муҳаббат ва ҳурматни тарбиялаш билан бирга, ўз Ватани, миллатининг бутунжаҳон ҳамжамиятида тенг ҳуқуқли мустақил давлат сифатида намоён бўлишига ҳисса қўшувчи ҳақиқий инсонни шакллантиришни тақозо этади.
Ватанпарварлик тушунчаси инсонпарварлик тушунчаси билан уйғундир. Ватанпарварлик учун интилиш, ватанпарварлик учун курашнинг заминида инсонпарварлик ётади.
Инсонпарварлик бу халқимиз миллий руҳиятининг ажралмас фазилатидир. У пур маъно ва сермазмун тушунчадир. Инсонпарварлик инсон, халқнинг ажралмас хислати тарзида кўзга ташланади. Қуръони Карим инсонпарварлик ғоялари асосида қурилган Муҳаммад алайҳиссалом ҳадислари ватанпарварлик ғояларига бой ҳикматлар мажмуасидир. Инсонпарварлик кишиларнинг бир-бирига ҳурматида, қадр-қимматида, меҳр шафқатида, диёнатида, ўзаро кўмаклашувида ҳамдардлигида, бошқалар қайғусига шерик бўлиб, қувончидан ва бахтидан севинишида, халқ бахти ва ютуқларидан фахрланишида кўринади. Халқимиз доимо инсоният дардини куйлаб келган. Ал-Хоразмий, Ал-Беруний, Ибн Сино, аз-Замаҳшарий, Паҳлавон Маҳмуд, А.Навоий, Ажиниёз, Бердақ каби бир қатор аждодларимиз асарларидаги ғоялар ватанпарварлик-инсонпарварлик руҳи билан ажралиб туради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида “Биз аждодларимизнинг донишмандлик анъаналарига амал қилиб, теран англаган ҳолда, қатъий ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз, мамлакатимизнинг янги қиёфасини шакллантириш йўлидан бормоқдамиз” деб таъкидлаб ўтдилар.
Ёшларга ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбия беришда аждодларимиз тўплаган бой тажрибаларга асосланган ҳолда иш олиб бориш бугунги кунда ҳам долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда.
Ўқитувчи ёшларда соғлом куч, тафаккур, иймон ва пок виждонни шакллантириш, Ватан олдидаги масъулият, миллат манфаати билан яшаш, Ватан тараққиёти, миллат обрўсига ҳисса қўшиш, фойда келтириш, фидойилик ва ҳалоллик билан сидқидилдан меҳнат қилиш, халқнинг шон-шуҳратини, манфаатини ўйлаш, инсонпарвар бўлишига даъват этишнинг турли усул ва воситаларини топсагина ватанпарварлик туйғусини шакллантира олади. Ёшларда ватанпарварлик туйғусини шакллантириш учун янги педагогик технологияларнинг барча шаклларидан фойдаланиш, унинг янги-янги усулларини излаб топиш ва яратиш, энг аввало, ёшларни мустақил фикрлашга, ижодкорликка ўргатиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш ва янада ривожлантириш йўлларини излаб топиш – бугунги таълим-тарбия тизимининг барча бўғинларида фаолият кўрсатаётган ҳаммамизнинг муқаддас бурчимиздир!
Қувондиқ Қодиров,
Нукус ДПИ Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори.



