14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисм полигонида Шимоли-ғарбий ҳарбий округида «Мен албатта аскар бўламан!» номли ҳарбий-спорт эстафетасининг финал босқичи бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ёшлари иштирок қилди.
Мусобақада Нукус ва Урганч шаҳарларида юқори натижаларга эришган, жами 10 та умумтаълим мактаблари жамоалари ўзаро куч синашди.
Тадбирда округ қўшинлари қўмондонининг ўринбосари, полковник Ш.Эшчанов ва бошқалар сўзга чиқиб, иштирокчиларни Ватан ҳимоячилари куни билан самимий табриклади.
Ҳарбий-спорт эстафетасини ташкил қилишдан кўзланган мақсад – ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, спортга қизиқишини ошириш ва турмушга тайёрлашдан иборатдир.
Мусобақа иштирокчилари тўсиқлар йўлагини енгиш, гранатани узоққа улоқтириш, нишонларга пневматик қуролдан ўқ отиш ва яна бошқа жисмоний синовлардан ўтдилар.
Октябрда бошланган мусобақада Қорақалпоғистон пойтахти Нукус шаҳридаги 10 та мактаб ва Хоразм вилоятининг Урганч шаҳридаги 10 та мактаб ўқувчилари иштирок этган.
Кичик дала ўқув майдонида қизғин бахсларда ўтган эстафетада ёшлар бир жамоа бўлиб ҳаракат қила олишини исботлашди.
Мусобақа якунида Урганч шаҳридаги 28-сонли умумтаълим мактаби жамоаси биринчи, Нукус шаҳрининг 19-сонли умумтаълим мактаби жамоаси иккинчи, 36-сонли умумтаълим мактаби жамоаси учинчи ўринни эгаллади.
олиблар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Хоразм вилояти ҳокимлигининг қимматбаҳо совғалари ва округ қўмондонининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.
Тадбир иштирокчиларига И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейига экскурсия ташкил қилинди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.



