Шу йил 17 январь куни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларини сайлаш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари депутатларининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов сўзга чиқиб, йиғилганларни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари депутати бўлиб сайлангани билан қутлади.
Сайлов кодексининг 78-моддасига мувофиқ қўшма йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари М.Истамов кириш сўзи билан очди. У ўз сўзида Қорақалпоғистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларига ўтказилган сайловларнинг якуни бўйича юқори баҳо берди. Шунингдек, Сайлов кодексига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларини сайлаш бўйича сайловни ўтказиш тартиб-қоидаларига тўхталиб ўтди.
Йиғилишда раислик қилишга 22-сонли “Наўайы” сайлов округидан Қорақалпоғистон Респубикаси Жўқорғи Кенгеси депутати А.Ҳамраевни тавсия этди. Бу таклиф депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.
Шундан сўнг қўшма йиғилиш ишини таъминлаш ва юритиш учун ишчи гуруҳ таркиби, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолигига номзодлар кўрсатиш бўйича Маслаҳат кенгаши, йиғилиш котибияти, ҳисоб комиссияси аъзолари ошкора овоз бериш йўли билан сайлаб олинди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари депуталаридан сайланган Маслаҳат кенгаши аъзоларининг бошқа хонада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларига номзодлар кўрсатиш бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Маслаҳат кенгаши раиси 45-сонли “Шоманай” сайлов округидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати У.Жалменов йиғилишда қабул қилинган қарор бўйича ахборот берди. Сенат аъзоларини сайлаш бўйича ўтказиладиган яширин овоз бериш бюллетенига киритиш учун танлаб олинган олти депутатнинг номзоди қўшма йиғилиш муҳокамасига киритилди.
Қўшма йиғилиш Маслаҳат кенгаши томонидан Сенат аъзоларини сайлаш бўйича сайлов бюллетенига киритиш учун 26-сонли “Жийдели-Байсын” сайлов округидан халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгаши депутати, “Қорақалпоқ адабиёти” газетаси Бош муҳаррири Г.Аннақличева, 36-сонли Хўжайли сайлов округидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиали директори О.Атанизова, 54-сонли “Халқабад” сайлов округидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси А.Данияров, 63-сонли “ҚаракҚл” сайлов округидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов, 29-сонли “Жамбасқала” сайлов округидан халқ депутатлари Тўрткўл туман Кенгаши депутати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмита раиси Б.Матмуратов, 46-сонли “Кетенлер” сайлов округидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, “Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раиси Ш.Уснатдиновлар тавсия этилди.
Очиқ-ошкоралик тарзда ўтган муҳокамалардан сўнг депутатларга номзодларнинг ҳар бирининг фаолияти, ҳаётий тажрибаси, ишчанлик қобилияти, ташкилотчилик фазилатлари бўйича фикрлар билдирилди. Ошкора овоз бериш йўли билан Маслаҳат кенгаши томонидан тавсия этилган олти депутатнинг номзоди яширин овоз бериш бюллетенига киритиш бўйича қарор қабул қилинди.
Шундан сўнг Сенат аъзоларининг сайлови бўлиб ўтди. Демократик тамойиллар асосида ўтган сайловда ҳар бир депутатнинг яширин овоз бериш йўли билан овоз бериши ташкил этилди.
Ҳисоб комиссияси аъзолари белгиланган тартибда номзодларга берилган овозларни санаб чиқди ва натижалар эълон қилинди. Овоз бериш натижалари бўйича кўрсатилган олти номзоднинг барчаси депутатлар томонидан юқори овозга эга бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари этиб сайланди.
Шу билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари депутатларининг қўшма йиғилиши ўз ишини якунлади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.



