Мислсиз ўзгаришларга ҳисса қўшайлик


Истиқлол бизга аввало инсон сифатида ўз қадримизни англаш имконини берди. Ўтган йилларда мамлакатимизда эркин демократик давлат, инсон манфаати ва ҳуқуқлари ҳар нарсадан устун турадиган фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида тарихий қадамлар ташланди. “Ислоҳотлар ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун!” тамойили жамиятимизнинг барча соҳаларини модернизация қилиш ва янгилаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотларнинг бош ғояси, асосий мақсадига айланди.

Мамлакатимизнинг шимолий минтақаси – Қорақалпоғистон Республикасида ҳам мустақиллик йилларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилган алоҳида эътибор юксак самаралар берди. Пухта ўйланган, бос­қичма-босқич амалга оширилаёт­ган изчил ислоҳотлар туфайли Қорақалпоғистон Республикаси оддий аграр ўлкадан замонавий ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий инфратузилмаси, транспорт-коммуникация тармоқлари ривожланган минтақага айланди.

Бугунги кунга келиб дунё ҳамжамиятининг эътибори Оролбўйини экологик соғломлаштириш ишларига қаратилган. Орол денгизининг қуриган ҳудудига саксовул уруғи қадалиб, терескен, боялич, астрагал, юлғун ва бошқа қурғоқчиликка чидамли буталар, қумда ўсувчи ўтлар ва ўсимликлар кўчатлари ўтқазилмоқда. Олимларнинг фикрича, ана шу ўсимликлар туфайли Орол тубида туз-қумли қуюнлар ва бўронлар пайдо бўлмайди. Туя ва йилқи уюрлари, сигир ва қўйлар подаси пайдо бўлади. Янги тармоқ — чорвачилик йўлга қўйилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Орол ҳудудини экологик соғломлаштириш дастури шу ва бош­қа ижтимоий-иқтисодий соҳаларни ривожлантиришга  қаратилган.

Мўйноққа кўп бораман. Ҳар сафар борганимда ўзим учун нимадир кашф қиламан. Ҳаммасини ўз кўзим билан кўраман, мислсиз бўй кўрсатаётган ўзгаришларни ҳис қиламан, амин бўламан, тушунаман. Шу йил 7 январь куни тонгда Мўйноқ туманига бир қатор фаол ёшлар билан сафарга отландик. Сафарим давомида кўплаб янгиликларга, саргузаштларга гувоҳ бўлдим.

Жумладан, Президент маслаҳатчиси, генерал лейтенант Турсунхан Худайбергенов ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Алишер Саъдуллаев билан шахсан учрашиб мулоқотда бўлдим. Бундан ташқари, 10 январь куни Халқаро пресс-клубнинг “Орол тақдири: Денгиз чекинаяпти, инсон чекинмайди” мавзусидаги жонли мулоқот дастурида иштирок этдим. Ёшлар сафари давомида Орол денгизи қуриши оқибатларини камайтириш учун саксовул уруғларини экишга ёрдамлашишди. “Орол тақдири учун ҳаммамиз жавобгармиз!” ушбу шиорни кўнгил дастхатига айлантирган ёшлар қизғин ­давом этаётган иш жараёнлари ҳақида мутахассислардан тушунтириш олгач ишга киришишди. Аввало, саксовул  уруғлари махсус иш самолётларига жойлаштирилиб, ичида ёшлар бўлган самолёт Орол устида парвоз қилди.

Саксовул уруғларини экиб чиқиш учун 150 та тракторлар шай эди. Фахр туйғусига эврилган меҳнат жараёни бошланди. Оролни қутқариш учун меҳнатга бел боғлаган ёшлар кишини қувонтиради. Бир сўз билан айтганда бугун нафақат мамлакатимиз эътибори, балки дунё нигоҳи ҳам Мўйноққа қаратилган.

Милоддан аввалги аср­ларда дунё юзида “Барча йўллар Римга олиб боради” ибораси машҳур бўлган. Сабаби, шу даврда Рим ислоҳотлар маркази эди. Бугунги асрда эса “Ҳамма йўллар Мўйноққа олиб боради” ибораси машҳур бўлиши керак.

Сабаби барча Мўйноққа ташриф ­буюриб бу ерда амалга оширилаётган оламшумул ишларни ўз кўзи билан кўриши керак. Бугун Орол­бўйи ва Мўйноқда амалга оширилаётган ишлар энг аввало Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари натижасидир. Биз шу жойда, шу хайрли ишларга ўз ҳиссамизни қўшиш орқали Президентимизга камарбаста, халқимизга мадад бўлишимиз керак.

Дилмурод Юлдошев,

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабаси.