“Орол фожиасидан энг кўп зарар кўрган асли шу — Мўйноқ аҳолиси. Уларнинг сабр-қаноати, ватанпарварлиги, меҳнаткашлиги учун раҳмат айтишимиз, шунга муносиб хизмат қилишимиз керак”.
Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Бугун биз шиддат билан ривожланиб бораётган бир даврда яшамоқдамиз. Мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг кўлами кишини ҳайратга солади. Бугун юртимизда инсон қўли ва тафаккури билан мўъжизалар яратилмоқда. Янги Ўзбекистоннинг ташаббус ва ғоялари бутун дунёни ўзига қаратмоқда.
Ана шундай янгиланишлар замирида биз ёшлар учун ҳам бугун янги бир давр бошланди. Ёшлар билан учрашувида Юртбошимиз юқори минбардан туриб ёш авлод вакилларига катта умид ва ишонч билдирди. Ёшларнинг катта куч-ғайратга эга эканлигини, барча марраларни ўз қўллари билан забт эта оладиган вақт келганини ишонч билан таъкидлади. Ҳар бир вазирлик, корхона ва ташкилотлар раҳбарларига ёшлар билан ҳамиша учрашиб туриш, барча йўналишларда улар билан бирга ишлаш кераклигини қайд этди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бу воқеа Ўзбекистон, айниқса Қорақалпоғистон ёшлари ҳаётида янги ва бетакрор йўл очди. Айниқса, Мўйноқ туманида ободонлаштириш, Орол денгизининг қуриган тубида ўрмонзорларни барпо этиш, табиатни қайта тиклаш ишлари амалга оширилаётган бир пайтда, Президентимизнинг мамлакатимиз ёшларига улкан ишонч билдиргани, бу ҳудуд аҳолисига хусусан ёшларга янада кўтаринкилик бағишлади. Янги мақсадлар сари олға интилишга чорлади.
Бугун Ўзбекистон ва Қорақалпоғистоннинг биз каби эзгу ишларга ҳисса қўшиш иштиёқида бўлган ёшлари Мўйноқ туманига, Оролнинг қуриган тубига селдай оқиб келмоқда. Қуриган Орол юрт фарзандларининг меҳр нури билан тўлиб тошмоқда. Ёшларнинг куч-ғайрати, шижоати, оташ қалби шимолнинг совуқ ҳавосига илиқлик олиб кирмоқда.
Мана бир неча кундан бери Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ тумани ҳудудида кўчалар, хонадонлар, кенгликлар ёшларнинг шодон кулгуларига тўлган. Кўнгилли суҳбатлар, бунёдкорлик, яратувчилик ишлари қизғин.
Бу ерда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Фавқулодда вазиятлар вазири, генерал-лейтенант Турсунхан Худайбергенов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Муса Ерниязов ва бошқа қатор вазирликлар, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, туманнинг турли ҳудудларида бўлиб, ёшлар билан қизғин учрашувлар ўтказмоқдалар. Қуш учса қаноти музлайдиган кенг саҳрода, орзулар каби қайноқ ва ловуллаб ёнган гулхан атрофида ёш авлод вакиллари билан чин дилдан суҳбат қуриб, истиқболдаги режаларни белгиламоқдалар.
Бундай учрашувлар Ёшлар иттифоқи аъзолари, ўқувчи ёшлар аскар-сержантлар, ёш офицерларнинг кўнглини тоғдай кўтармоқда.
Энг асосийси, юртимиз ва халқимизнинг фаровонлигини таъминлашда, ташаббусни қўлга олишда улкан ишонч билдирилаётгани, кучимизга-куч, ғайратимизга-ғайрат қўшмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси биз билан учрашувида Президентимизнинг — Ёшлар орасида “Мен Сизнинг ёнингизда туриб, камарбаста бўламан!” деб кўзи ёниб турган билимли, жасоратли йигит-қизлар борлигига ишонаман. Етакчиликнинг, ўз ортидан эргаштиришнинг энг тўғри йўли шахсий ўрнак ва намуна бўлишдир, — деган сўзларига алоҳида эътибор қаратар экан:
— Сизлардан бизнинг илтимосимиз шуки, Юртбошимиз сизларга кўрсатаётган эътибор ва ғамхўрликни қадрланг! Давлатимиз раҳбари, вазирлик, корхона ва ташкилотлар бугун сизларнинг ёрқин келажагингиз, бахтингиз учун эзгу ишларни мақсад қилиб турган бир вақтда сизлар ҳам шунга жавобан яхшиликни қадрлайдиган, ватанпарвар, саҳий, ҳалол, ҳақгўй фарзандлар бўлиб камолга етишингизни сўраб қоламиз! — деб ёшларни ўзаро якдиллик ва ҳамжиҳатликка чақирди.
Ҳақиқатан ҳам давлатимиз раҳбарининг ёш авлодга қаратаётган эътибор ва ғамхўрлигига ўзимизнинг куч-ғайратимиз фидойилигимиз билан муносиб жавоб беришимиз керак. Бугун биз ёшлар билан Орол денгизининг қуриган тубида учрашувлар, ташкил этилаётганида ҳам чуқур маъно мужассам. Сабаби, ҳеч ким Орол тақдирига бефарқ эмас. Бундай эзгу ва савобли ишда биз ёшлар фаолликни зиммамизга олишимиз зарур. Шу боис ҳам бугун биз – фидойи ёшлар гуруҳи Оролнинг қуриган тубида она Ватанни ҳимоя қилиш йўлида, жон тани билан хизмат қилаётган ҳарбий сержантлар, ёш офицерлар ва тажрибали мутахассислар билан бирга меҳнат қилаяпмиз.
Ҳар бир фурсатни бой бермасдан меҳнат майдонида шижоат билан ишламоқдамиз. Барчамиз, яъни ёш йигит-қизлар механизаторларнинг ёнида туриб техникаларни бошқариб, жонажон Оролимиз учун саксовул дарахтларининг уруғларини олиб, орзу-умидларимиз нишони бўлган ниҳолларни ерга экаяпмиз. Қумларни қоқ ёриб, сувлар оқадиган ариқлар очаяпмиз.
Авиация самолётларида учиб, Орол денгизини кўклардан кузатар эканмиз, унинг дард-ҳасратларига даво бўлиб, ҳаводан саксовул уруғларини сепаяпмиз. Бу орқали биз ёшлар элимизнинг юкини елкамизга кўтаришга интилиб, оғинини енгил қилишга ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан мамнунмиз.
Аслида, булар билим ва тажрибамизни ошириш учун катта бир имконият. Меҳнат отрядлари, ҳақиқатан ҳам ҳаёт мактаби ҳисобланади. Юртимиз-катта имкониятлар юрти, отрядлар бўлса, ушбу имкониятларни юзага чиқарадиган ҳақиқий кураш майдони. Биз ёлғиз эмасмиз, кўпчиликмиз. Биз фидойи ва жонкуяр ёшлар отрядимиз.
Бундай жараёнларга тарихдан ҳам кўп мисоллар келтириш мумкин. Жумладан, 1940 йилда бир-бирига тиргак бўлган ёшлар 270 км узоқликдаги “Фарғона” каналини 45 кун ичида қазиб, катта жасорат кўрсатишган. Бугун ёшлар отрядлари Орол бўйи ҳудудида ана шундай фидойилик намуналарини кўрсатаётир.
Мутахассисларнинг таъкидлашича бу ҳудудда 2018-2019 йиллар орасида жами 500 минг гектар майдонга саксовул уруғлари экилган. 2019-2020 йилларда ўрмонзорлар барпо этиш ишлари 700 минг гектар худудни қамраб олиши назарда тутилган. Бугун Оролнинг қуриган тубида 2 минг 700 нафарга яқин ишчилар ҳашарга келган бўлса, энди ёшлар отрядлари ҳисобига уларнинг сони янада ошади.
— Мен фидойи ёшлар отрядида ишлаётганимдан ғурурланаман, — дейди гуруҳимиз аъзоларидан бири, ёш тадбиркор Соҳибжамол Утемуратова. — Бу ишга мени кимдир мажбур қилгани йўқ, ўз хоҳишим билан киришдим. Сабаби, тенгқурларим билан бир сафда бўлиш, келажакда мустақил ва эркин фикрловчи, айниқса, элимизга ва оиламизга керакли инсон қилиб тарбиялайди. Сабрни мустаҳкамлайди. Жисмонан соғлом бўласан.
Қолаверса, ўз меҳнатинг, пешона теринг эвазига топган иш ҳақингни қўлингга оласан. Бундан завқланасан. Гап иш ҳақида эмас, ўз меҳнатингнинг самарасини кўриш ва эл-юртга муносиб хизмат қилишдадир…
— Мамлакатимиз Президенти, Қуролли Кучларимиз Олий Бош Қўмондонининг биз ёшларга эътибори ва ғамхўрлиги боис, мен бугун муддатли ҳарбий хизматимни ўзим туғилиб ўсган Мўйноқда ўтамоқдаман. Бу менга икки ҳисса куч бағишлайди. Биринчидан мен яқинларим қучоғидаман. Иккинчидан, ўз овулим, шаҳрим фаровонлиги учун фарзандлик ҳиссамни қўшмоқдаман. Шунинг учун ҳам кўнглим тўқ, ишимда ривож, қалбимда қувонч, — дейди Мўйноқ туманида жойлашган Махсус табиатни тиклаш батальони муддатли ҳарбий хизматчиси, оддий аскар Бахитбай Медетов.
— Тўғриси, олдин Орол ҳақида, бу ерда амалга оширилаётган ишлар ҳақида эшитганимда, оддийгина маъқуллаб қўяр эдим. Бироқ, бу ҳудудга келиб, оддий одамларнинг кунни кун, тунни тун, совуқни совуқ демай, машаққатли меҳнат қилаётганлиги, бир саксовул уруғини ундириб, униб чиққанидан кейин эса ниҳолларга ўзининг ёш боласидай қараб, қувонаётганлигини кўриб, тўлқинланиб кетдим, — дейди тенгдошларимиздан бири Руслан Сайловбаев.
— Ўтган йили чўл ва тузга чидамли ўсимликларни экиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқиб, август ойида Олмата шаҳрида ҳимоя қилдим ва халқаро грант ғолиби бўлдим, — дейди ёш биолог Гулбану Альменова. — Ўзим туғилиб ўсган элимнинг гуллаб-яшнаши йўлида оз бўлса ҳам ҳисса қўша олганимдан фахрланаман…
Шу йилнинг 10 январь куни Орол денгизининг қуриган тубида биз Қорақалпоғистон ёшлари, вазирлик, ташкилотлар раҳбарлари ва масъул ходимлар иштирокида Халқаро пресс-клуб кўрсатуви ташкил этилди.
Кўрсатувнинг бу сони Орол ва ёшлар масаласига бағишланиб, унда шу ҳудудда амалга оширилаётган эзгу ишларда ёшларнинг фаоллигини ошириш масаласи муҳокама қилинди.
Тадбирда Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Раиси Алишер Саъдуллаев 2020 йилда Орол денгизи ҳудудида амалга ошириладиган ишларда ёшларнинг иштироки, уларнинг ўз олдига қўяётган мақсадлари ҳақида сўз юритди.
Тўғридан-тўғри эфирга узатилган қизғин суҳбат айниқса, биз Қорақалпоғистон ёшларига кўтаринки кайфият бағишлаб, яратувчанликка ундади.
Маълумки ёшлар билан учрашувда Юртбошимиз “Ватан ифтихорлари” институтини жорий этишни таклиф этган эди. Бу институтнинг асосий вазифаси ислоҳотларимиз ва катта режаларимизни ёшларга етказиш, жойлардаги муаммоларни кўтариш ва уларни ҳал қилишдан иборат. Қорақалпоғистонлик ёшлар бу таклифни ҳам қўллаб-қувватлашди.
Бугунги кунда Орол бўйида мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилар экан, ҳар бир Ўзбекистон фуқароси шу ҳудудга бир марта бўлса ҳам келиб, ўзининг инсонийлик ҳиссасини қўшиши шарт — деган хулосага келинди.
Тадбир якунида нуронийлар ва тажрибали мутахассислар сўзга чиқиб, ёшларни Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида бўлаётган тарихий ўзгаришларда фаол қатнашишга чақирди. Шунингдек, тадбирда Ёшлар иттифоқи аъзолари ҳам сўзга чиқдилар. Улар Юртбошимизнинг катта эътибори ва ғамхўрликларига жавобан барча ёшларни ўзаро ҳамжиҳатлик билан жонажон Орол муаммосини ҳал қилишда бир ёқадан бош чиқариб, иштирок этишга чақирди.
Албатта, бундай эзгу мақсадлар сўзсиз амалга ошади. Орол денгизининг қуриган тубида улкан кўркам ўрмонзорлар пайдо бўлади. Йилдан-йилга бўй чўзиб ўсаётган саксовуллар кун келиб савлат билан саф тортади.
Ана шунда кўрасизлар қум барҳанлари тиниб қолади. Тузли қатламлар ўрнида ҳосилдор ерлар пайдо бўлади. Ўрмонлар орасида қуёнлар, кийиклар ва бошқа жонзотлар югуриб юради, уларни кўриб кўзимиз қувнайди.
Бизчи дейсизми?! Йиллар ўтади… Биз сингари ёшлар ҳам ҳаётда ўз ўрнимизни топамиз оила қурамиз, кунлар ўтиб фарзандли ва неварали бўламиз. Ана шу вақтда невараларимиз билан шу ерга келиб, уларга: — Кўрдингизми, шу ердаги саксовулларни ўз қўлимиз билан экканмиз, — деб фахрланамиз. Кейин уларга шу бугунги кунни, яъни Мўйноқдаги қайноқ жараённи чин кўнгилдан ҳикоя қилиб берамиз.
Невараларимиз бўлса, сўзларимизни ҳайратланиб, афсонадек тинглайди. Сўзларимиздан таъсирланиб: “Шу айтганларингиз ҳақиқатми?! Наҳотки, шундай чек-чегарасиз ҳудудда уруғ экиб кўкартирилган бўлса?!
Биз бўлсак, уларга мийиғида кулиб қўямизда: “Ҳа буларнинг ҳаммаси ҳақиқат” деб жавоб берамиз…
Чинданда, ҳар бир халқ ўз тарихини ўз қўли билан яратади. Бу эзгу ишларимиз тарих саҳифаларида зарҳал ҳарфлар билан ёзилиб қолади.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида фан доктори З.Б.Новицкий таъкидлаганидек, “Ҳали Мўйноқ тумани гуллаб-яшнайди, албатта. Мўйноқда қурилиш гуруҳлари тузилади. Унга ғайратли, меҳнаткаш ёшлар жалб қилинади. Орол денгизининг қуриган тубида Мўйноқ ёшларининг уйлари бўй тиклайди. Юзлаб аскар ва сержантлар бу ерда ҳарбий хизматни ўтаб, она Ватанимиз ривожи учун ўз улушини қўшади. Қўли гул, ҳунарманд йигит ва қизлар бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларига қатнашади. Йигит-қизлар турли касблар бўйича ўқитилиб, қайта тайёрланади. Мана кўрасиз, ҳали бутун дунё халқи бизлар яратган мўъжизалардан ҳайратда қолади”.
“Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси Шараф Уснатдинов таъкидлаганидек, “Дунёда денгизи, дарёси қуриб қолган эллар бўлган, бироқ бундай ишлар ҳеч қаерда қилинмаган. Юртбошимизнинг бу ташаббуслари бутун дунёга намуна бўлмоқда. Биз биламиз, Орол денгизи 60-йиллардан бошлаб қуриб бошлади. 80-йилларда денгизимиз кўринмай қолди. Бироқ бизларга кимдир ёрдам беради, деган фикрлар билан яшадик.
2017 йилдан бошлаб Президент ташаббуси билан Орол денгизи тубида катта ишлар бошланди. Мамлакатимизнинг барча вилоятларидан раҳбарлар, ҳашарчилар келиб, денгиз ҳудудини яшнатишда фаоллик кўрсатмоқда, ўзини Ўзбекистон фуқаросиман деган инсон Мўйноққа келиши шарт. Президентимизнинг бу ташаббуси бошқа юртларга, дунё халқларига намуна бўлади. “Оғизбирчилик қаерда бўлса, барака шу жойда бўлади”. Бунинг учун фақат меҳнат қилишимиз шарт”.
Шунингдек, Ш.Уснатдинов барча ишда раҳбарлар ёшларга ўрнак бўлиши кераклигини алоҳида таъкидлади. Чунки, ёш авлод ўзидан катта авлод изидан эргашади, уларнинг ишини давом эттиради.
Хулоса қиладиган бўлсак бу эътибор ким учун?! Албатта, биз ёшлар учун, шундай экан бундан руҳланиб, бир гуруҳ қорақалпоғистонлик ёшлар юрагимиздаги сўзларимизни билдирдик. Бизларни қўллаб-қувватлайсиз, деб ишонамиз.
Бундан кўзлаган асосий мақсадимиз – муҳтарам Президентимизга чин кўнгилдан миннатдорлик билдиришдир.
Муҳтарам Президентимиз!
Сизга биз — ёшларнинг тақдирига жонкуярлигингиз, она Оролимизни қутқариш каби хайрли ишга бош бўлаётганингиз, ёш авлод учун яратиб бераётган катта имконият ва юксак даражадаги эътиборингиз учун чуқур миннатдорлик билдирамиз!
Бизнинг шиоримиз “Орол чекинса ҳам, биз чекинмаймиз! Унга қайта ҳаёт бахш этишдай эзгу йўлдан асло қайтмаймиз!”
Ҳурмат ва эҳтиром билан Қорақалпоғистон ёшлари номидан:
Ойбек Ўринбоев,
Ихтисослаштирилган табиатни тиклаш батальонининг муддатли ҳарбий хизматчиси, оддий аскар.



