Шу йилнинг 22 февраль куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг иккинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессия ишига Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Турсинхан Худайбергенов, Президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, Ёшлар иттифоқи Кенгаши раиси Алишер Саъдуллаев, Олий Мажлис Сенати аъзолари, Халқ қабулхоналари раҳбарлари ва 4 та сектор раҳбарлари, тегишли вазирлик, муассаса, корхона, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Муса Ерниязов очди ва олиб борди.
Дастлаб, сессияга қатнашаётган депутатларнинг электрон тизим орқали рўйхатдан ўтиши амалга оширилди. Сўнг сессия котибияти ва кун тартиби тасдиқланди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов сессия кун тартибидан ўрин олган Қорақалпоғистон Республикасида 2020 йилда ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш, тадбиркорлик, фермерлик, ҳунармандчилик фаолиятига жалб этиш ва ёшлар миграциясини тўғри ташкил этиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида иқтисодиётимизнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган чуқур ислоҳотлар, аниқ мақсад ва вазифаларни ўзида мужассам этган фармон ва қарорлар, дастурлар ҳаётимизда муҳим ўрин тутмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлашимиз лозимки, муҳтарам Президентимиз ўтган йилнинг август ойида Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга кенг имконият ва қулайликлар яратиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган вазифаларга алоҳида эътибор қаратган эди.
Шунга асосланиб, ёшларимизнинг ҳаёти ва келажаги билан боғлиқ Мурожаатнома қабул қилинди.
Бугунги кунда Қорақалпоғистонда 1 миллион 80 мингдан ортиқ ёшлар бор.
Бу эса ёшларимизнинг катта куч ва юртимизнинг юксак салоҳияти эканлигини яна бир бор исботлайди.
Шу боис, ёшларимизга барча соҳаларда кенг имкониятлар яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бугунги куннинг энг муҳим масалаларидан саналади.
Бу борада муҳтарам Президентимиз томонидан белгилаб берилган 5 та ташаббус ва ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” ҳаётимизда муҳим ўрин тутмоқда.
Шунингдек, ўтган йили ўтказилган меҳнат ярмаркаларида 3 минг 400 га яқин ёшларнинг бандлиги таъминланди.
Шулар билан бир қаторда ўтган йили “Ёшлар келажагимиз” дастури асосида 168 та бизнес лойиҳа учун 68 миллиард сўмдан ортиқ кредитлар ажратилиб, 500 га яқин янги иш ўринлари яратилди.
Бундан ташқари, “Ҳар бир оила-тадбиркор” дастури асосида 500 дан ортиқ ёшлар учун 14 миллиард сўмлик кредитлар ажратилди.
Уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 270 га яқин тадбиркор ёшларимизга ер майдонлари ва фойдаланилмай турган бўш бинолар ажратиб берилди.
Беруний, Қонликўл ва Мўйноқ туманларида “Ёшлар маркази” қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Шаҳар ва туманларда 22 та “Ёшлар меҳнат гузари” комплекси қурилаётган бўлса, бугунги кунга қадар Хўжайли, Элликқалъа, Беруний ва Мўйноқ туманларида мана шундай комплекслар фойдаланишга топширилди (уларда 136 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди).
Нукус шаҳри ва Хўжайли туманларида “Ёш тадбиркор” коворкинг марказларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Муҳтарам Президентимиз 27 декабрь куни мамлакатимиз ёшлари билан бўлиб ўтган учрашувида ёшлар масаласида энг муҳим 3 та тамойилга алоҳида тўхталиб ўтди. Яъни, жорий йил ёшларга оид давлат сиёсатини олиб боришда туб бурилиш йили бўлиши, ҳар бир раҳбар –ёшларга шахсий намуна бўлиши кераклиги, бугунги кунда юртимизда олиб борилаётган ўзгаришлар ва давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқишда ёшларимиз муҳтарам Президентимизга камарбаста бўлиши шарт эканлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, ёшларга жорий йилда қўшимча 20 минг гектардан зиёд ер майдонларини ажратиб бериш бўйича чоралар кўрилмоқда.
Хусусан, бугунги кунда Мўйноқ туманида ёшларимизга ва Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хизматчиларига 6 минг гектар ер майдонлари ажратиб берилмоқда. Ушбу ер майдонларига оқава сув етказиб бериш ва мелиоратив ҳолатни яхшилаш бўйича аниқ чоралар кўрилмоқда.
Шулар билан бир қаторда, ўтган декабрь-февраль ойларининг ўзида 200 дан ортиқ ёшларимизга 5 минг гектардан зиёд ер майдонлари ажратиб берилди.
Яна бир муҳим жиҳати шундаки, бугунги кунда 739 та фермер хўжалигини ёшлар бошқариб келмоқда (44 минг 483 га).
Мана, жорий йилда ҳам “Ёшлар келажагимиз” дастури асосида 283 нафар ёшларга 65 миллиард сўмлик, “Ҳар бир оила -тадбиркор” дастури асосида 727 нафар ёшларга 22 миллиард сўмлик кредитлар ажратиш режалаштирилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳар бир сектор ҳамда соҳа раҳбарлари камида 20 нафар болани оталикка олиши режалаштирилмоқда.
Бунда ҳар бир раҳбар оталикка олинган ёшларни тадбиркорликка жалб этиши, фермерликни ўргатиши, янги иш ўринларини яратиш орқали уларнинг бандлиги таъминлаши, шу орқали ёшларнинг ўз даромадига, хусусий мулкига, ҳаттоки, автомашинасига эга бўлишига эришиши лозим.
Ушбу масалаларнинг натижаси бўйича йил якунида сектор ва соҳа раҳбарларининг ҳисоботлари тингланади.
Жорий йилнинг яна бир муҳим вазифаларидан бири – бу соҳа раҳбарлари ва ташаббускорлар томонидан ишлаб чиқилган Режанинг тўлиқ ва сифатли бажарилишини таъминлашдан иборат.
Ушбу Режа асосида жорий йилнинг дастлабки 6 ойи давомида Мўйноқ ва Беруний туманларида ёшларни тикувчилик, трактор ва махсус техникаларни бошқариш курсларида ўқитиш, томорқа хўжалиги, иссиқхоналарда маҳсулотлар етиштириш ва бу борада амалга оширилаётган ишларда ёшлар иштирокини таъминлаш, “Ёшлар қурилиш отряд”ларини ташкил этиш, қурилиш, экология ва саломатлик масалалари бўйича волонтёрлик гуруҳларини тузиш, “Ҳар бир ёшга 20 туб кўчат” шиори остида манзарали ва мевали дарахтлар кўчатларини ўтқазиш каби вазифалар белгилаб олинди.
Орол денгизи тубида жорий мавсумда 626 минг гектардан зиёд майдонга саксовул, қандим, қарабарақ ва бошқа чўлга чидамли ўсимликлар экилди. Ушбу тадбирларга бугунги кунда 1500 дан ортиқ ишчи ва механизаторлар, 850 та техника, 4 та кичик самолётлар жалб қилинган. Жумладан, ўзларининг 500 дан ортиқ техникалари билан вилоятлардан келган 900 га яқин ишчи – механизаторлар, фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳарбий хизматчилари, ўрмон хўжалиги мутахасссислари фидокорона меҳнат қилмоқда.
Бугунги кунда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга барча имкониятларни яратиб бериш бўйича тегишли соҳа раҳбарларига, ҳокимларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Ҳаётимизда юз бераётган мана шундай ўзгаришлар ва янгиланишларга қарамасдан, ёшлар орасида оилавий ажримлар, жиноятчилик, ташқи муҳит таъсирига тушиб қолиш ҳолатлари ҳам учрамоқда.
Бунда албатта, ёшлар учун янги иш ўринларини яратиш, уларнинг бандлигини таъминлаш масаласи муҳим ўрин тутади.
Лекин, Бандлик дастури асосида белгиланган режага таққослаганда ўтган йили Нукус шаҳрида 2766, Тўрткўл туманида 1202, Беруний туманида 1054, Кегайли туманида 881 ёшларнинг бандлиги таъминланмаган. Шунингдек, ўтган йили ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар сони Мўйноқ (2018 йили 6 та, 2019 йили 7 та жиноят ) ва Нукус (2018 йили 13 та 2019 йили 16 та жиноят) туманларида ошган.
Ўтган йили ёшлар томонидан Нукус шаҳрида 97 та жиноят юз берган (2018 йили 139 та жиноят), Тўрткўлда 44 та (2018 йили 54 та), Берунийда 34 та (2018 йили 49 та), Қўнғиротда 32 та (2018 йили 39 та), Амударёда 27 та (2018 йили 30 та), Хўжайлида 24 та (2018 йили 37 та), Элликқалъада 14 та (2018 йили 33 та) жиноят содир этилган. Бундай камчиликлардан ҳар бир ҳоким, ҳар бир раҳбар-ходим ўзларига тегишли хулоса чиқаришлари керак.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Т.Худайбергенов ва Президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, Ёшлар иттифоқи Кенгаши раиси А.Саъдуллаев сўзга чиқиб кун тартибидаги масала юзасидан йўл қўйилаётган хато-камчиликлар ва навбатдаги вазифалар бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш, тадбиркорлик, фермерлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш, ёшлар миграцияси бўйича Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Х.Каримов, Ички ишлар вазири А.Темирханов ва Солиқ бошқармаси раҳбари Х.Бекчановларнинг ахборотлари тингланди.
Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари А.Данияров ва С.Хожамуратовлар сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдирди.
Сўнг кун тартибидаги масала бўйича тегишли қарор қабул қилиниб, шу қарор асосида ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича ишлаб чиқилган махсус “Йўл харитаси”, ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича манзилли режа, “Йўл харитаси”да белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳ таркиби тасдиқланди.
Сессия ишида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми таркибини тасдиқлаш, Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосарлари ва Вазирлар Кенгаши аъзоларини тайинлаш, Жўқорғи Кенгес Президиумининг тегишли қарорларини тасдиқлаш бўйича масалалар кўрилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
А.Жиемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.



