Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 27 йиллигига бағишлаб пойтахтимиздаги Очиқ театрда бўлиб ўтган “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” театрлаштирилган адабий-мусиқий хореографик байрам тантаналаридан репортаж.
Чиндан ҳам, халқимиз бу кунни интиқлик билан кутади. Чунки, мустақиллик аждодларимизнинг асрий орзуси рўёбга чиқиб, халқимизга эркинлик, тенглар ичра тенг бўлиш имкониятини берган улуғ байрамдир. Шунинг учун ҳам бундан 27 йил муқаддам қўлга киритилган ушбу тарихий ғалабани бутун халқимиз энг улуғ, энг азиз айём сифатида алоҳида кайфият, ўзгача қувонч билан нишонлайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 28 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 27 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги махсус қарори асосида Республикамиз бўйлаб кенг кўламли тадбирлар амалга оширилди.
Хусусан, “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот ишлари олиб борилди. Шу билан бирга байрам арафасида бир қатор саноат, ижтимоий-маданий объектлар ишга туширилиб, халқимизнинг фаровонлиги учун фойдаланишга топширилди.2018 йил 30 август. Пойтахтимиздаги очиқтеатр, унинг ён атрофи юртимиз мустақиллигини, меҳнаткаш халқимизни, халқлар дўстлигини улуғловчи шиорлар, кишига завқ бағишлайдиган ранг-баранг гуллар, турли ранглардаги ёритиш чироқлари билан безатилган. Айниқса, байрам арафасида қад ростлаган 55 метр баландликдаги, эни 8, узунлиги 15 метрлик Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат байроқлари пойтахтимизга ўзгача кўрк бериш билан бирга юртдошларимизда ифтихор ва завқ туйғуларини пайдо қилади.
Соат 19.30. Чорлов мусиқаси билан байрам тантаналари бошланиб, сўз Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязовга берилди.
Республикамиз раҳбари йиғилганларни, бутун халқимизни мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллик байрами билан қизғин табриклади.
Таъкидланганидек, мустақил юртимиз байроғи остида яшаб ва меҳнат қилаётган халқимиз учун меҳр-мурувват, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик юксак қадрият даражасига кўтарилгани, юртимизда тинчлик ва барқарорлик ҳукм сураётгани ҳеч нарса билан таққослаб бўлмайдиган бебаҳо бойлигимиздир. Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган хайрли ишлар натижасида халқимиз турмушида ижобий ўзгаришлар ва янгиланишлар юз бермоқда. Юртимиз иқтисодиёти тобора юксалиб бормоқда. Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярмида бюджет даромадларининг ортиғи билан бажарилиши ҳисобига 487 миллиард сўмга яқин маблағ халқимиз фаровонлиги учун қолдирилиши, ўтган ойлар давомида Россия, Хитой, Туркия, Жанубий Корея, Германия, Латвия, Швейцария ва бошқа мамлакатлар билан 360 миллион долларлик савдо айланмаси йўлга қўйилгани халқимиз учун янги имкониятлар эшигини очмоқда.
Шу билан бирга “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари асосида 234 миллиард сўмлик қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилмоқда.
Шундан сўнг Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари янгради. Мониторда мустақиллик йилларида қўлга киритилган ютуқлар, бугунги кунда амалга оширилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари намойиш этилди.
Байрам томошалари “Ниҳол” мукофоти соҳиби Шираз Турсинбаев ижросидаги “Хуш келдингиз қорақалпоқ элига» қўшиғи билан бошланди, ундан кейин ватан, туғилган ер, мустақиллик тўғрисидаги қўшиқ ва рақслар ижро этилди.
Мустақил юртимизда ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол инсон бўлиб вояга етиши, уларнинг чуқур билим олиши, ўзларининг алоҳида қобилиятларини рўёбга чиқаришлари учун барча шароитлар яратилди. Бу пойтахтимиздаги 1, 12 ва 22-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари, Нукус шаҳар маданият бўлими қошидаги “Гулдаста” ансамбли аъзолари ижросидаги “Бахтли болалик” композициясида ўз аксини топди.
Кейинги йилларда юртимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу спортчиларимизнинг халқаро ареналарда юксак натижаларни қўлга киритишида ўзиниинг ижобий самарасини кўрсатмоқда. Жорий йилнинг ўзида спортчиларимизнинг дунёнинг турли мамлакатларида қўлга киритган, юртимиз байроғини юксакка кўтарган бундай ажойиб ғалабалардан кўплаб мисоллар келтиришимиз мумкин. Бугунги кунда Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида давом этаётган XVIII ёзги Осиё ўйинларида академик эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси таркибида қатнашган, “Мард ўғлон” давлат мукофотининг соҳиби Исломбек Мамбетназаров кумуш ва бронза, оғир атлетика бўйича энг оғир вазн тоифасида Рустам Жангабаев кумуш медали билан тақдирланганлиги спортчиларимизнинг байрамга ўзгача туҳфаси бўлди. Тадбирнинг “Спортчи ёшлар” композициясида Республика ва халқаро мусобақалар ғолиблари сафланиб, ёш спортчиларнинг кўргазмали чиқиши намойиш этилди.
Юртимизнинг ҳудудий яхлитлигини, чегараларимиз осойишталигини, халқимизнинг фаровон турмушини таъминлашда туну-кун хизмат қилаётган мард аскарларимиз билан халқимиз доимо фахрланиб келган. Шунинг учун ҳам миллий армиямизнинг мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш, аскарларимизнинг яшаш шароитини яхшилаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Байрам томошаларидан ўрин олган Шимолий-ғарбий ҳарбий округ аскарларининг танатанали чиқиши, улар томонидан ижро этилган ватанпарварликни тараннум этувчи қўшиқлар йиғилганларда чуқур таассурот қолдирди.
Республикамизда турли миллат вакиллари бир оила аъзоларидек ҳамжиҳат яшаб ва меҳнат қилиб келмоқда. Уларнинг миллий урф-одатларини ривожлантириш, фарзандларининг ўз она тилларида билим олиши учун кенг имкониятлар яратилди. Тадбирда туркман, рус, украин, корейс, қозоқ халқларининг маҳорат билан ижро этилган миллий қўшиқ ва рақсларини йиғилганлар давомли қарсаклар билан томоша қилди.
Республикамизнинг таниқли санъат усталари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Равшан Намозов, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси яккахони А.Собиров ижро қилган қўшиқ ва рақслар байрам томошаларини янгича мазмун билан бойитди.
Байрам тадбири “Ҳур Ўзбекистон” қўшиғи билан якунланди. Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 27 йиллигига бағишланган бундай тадбирлар, халқ сайллари Республикамизнинг барча туман ва қишлоқларида давом этмоқда.
Д.Абибуллаев,
Қорақалпоғистон хабар агентлиги мухбири.



