Жорий йилнинг 23 март куни уруш ва меҳнат фахрийси, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист, “Шуҳрат” ва “Жасорат” медаллари соҳиби Нурулла Абдуллаев 95 ёшида вафот этди.
Н.Абдуллаев 1925 йил Хўжайли туманида туғилди. Ёшлигидаёқ Иккинчи жаҳон урушида қатнашиб, фашизмга қарши жангларда мардлик намуналарини кўрсатди.
Урушдан сўнгги йиллари Болтиқ бўйлари ва Туркистон ҳарбий округларида турли хил офицерлик лавозимларида хизмат қилди.
1946 йилда Харьков номидаги ҳарбий тиббиёт училищесини, 1951 йилда Москва Олий милиция мактабини муваффақиятли тамомлади.
1947 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига терговчи лавозимига ишга кириб, кейинчалик махсус бўлим бошлиғи, тергов бўлими бошлиғи, Қўнғирот тумани ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимларида фаолият кўрсатди.
1970-1981 йиллари Нукус шаҳри прокурори, шундан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари, Қорақалпоғистон Республикаси Давлат мулк қўмитаси юридик бўлими бошлиғи лавозимларида самарали меҳнат қилди.
У қайси лавозимда ишламасин ўзининг чуқур билими, меҳнатсеварлиги, талабчанлиги, юксак инсоний фазилатлари билан ажралиб, юқори ташкилотчилик қобилиятига эга раҳбар сифатида танилди ва жамоатчилик орасида катта ҳурмат-эътибор қозонди.
Н.Абдуллаевнинг юртимиз хавфсизлигини таъминлаш, тинчликни сақлаш, жамоат тартибини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ишларига қўшган салмоқли улушлари, шогирдлар тайёрлашдаги меҳнатлари муносиб баҳоланиб, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист, “Шуҳрат” ва “Жасорат” медаллари билан тақдирланди.
Халқимиз тинчлиги ва юртимизнинг янада ривожланиши йўлида фидокорона меҳнат қилган камтарин инсон, уруш ва меҳнат фахрийси, фидоий устоз Нурулла Абдуллаевнинг ёрқин хотираси халқимиз ёдида узоқ сақланиб қолади.
М.Ерниязов, Қ.Сариев, О.Ҳамраев, Х.Каримов, А.Темирханов, Ш.Уснатдинов, П.Торешов.



