ЗАРАРКУНАНДАЛАРГА ҚАРШИ ЎН БЕШ КУН


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ўсимликлар карантини давлат инспекцияси томонидан юртимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг фитосанитария тозалигини таъминлаш, шунингдек, зараркунандаларга қарши оммавий курашишни ташкил этиш мақсадида шу йилнинг 5-20 май кунлари зараркунандаларга қарши курашиш бўйича “Долзарб ўн беш кунлик” эълон қилинди.

Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ҳудудий ­инспекциясининг маълумотларига қараганда, 5-11 май кунлари оралиғида агроном-инспекторлар томонидан 77 та дала назорати ўтказилиб, 223 гектар боғларда карантин тадбирлари амалга оширилган. Шунинг­дек, қўймахоналарда 12 та, иссиқхоналарда 19 та назорат тадбирлари олиб борилди.

— Биз агроном-инспекторлар ушбу карантин тадбирлари давомида деҳқон-фермерларга ва томорқа ер эгаларига ўсимликларни зарарли организмлардан муҳофаза қилиш бўйича маслаҳатларимизни бериб келмоқдамиз, — дейди Қонликўл тумани агроном-инспектори Мурат Ильясов. — Чунки, қишлоқ хўжалигида агротехник тадбирлар ўз вақтида олиб борилмаса, маҳсулотлар зарарланиб, нобуд бўлиши мумкин. Шу боис, зараркунандаларга қарши курашиш тадбирларини кечиктирмасдан ўз вақтида олиб бориш талаб этилади.

Масалан, олма қуртига қарши курашиш чоралари олиб борилмаса, маҳсулотнинг 50, ҳатто 70 фоизидан ажралиб қолишимиз мумкин.

Феромон тутқичларда зараркунандалар аниқланса, дарҳол уларга қарши дастлаб биологик усулда, яъни зараркунандаларга қарши тирик организмларни учириш йўли билан қарши курашиш зарур. Бу ўз натижасини бермаса кимёвий усулдан фойдаланиш керак.

Зарарли организмларга қарши курашиш чоралари ўсимликларнинг сифатини сақлаб қолиш, шунингдек, карантин объектлари ва бошқа  зараркунандаларнинг иккинчи бир ҳудудга тарқалишининг олдини олишга хизмат қилади.

Агар сиз ўзингизнинг боғингиз ёки томорқа ерингизда етиштираётган маҳсулотингизда зарарланиш ҳолатларини кўрсангиз, бизнинг (61) 223-94-04 ишонч телефон рақамимизга ёки Uzdavkarantin.uz бот каналимизга мурожаат қилишингиз мумкин.

А. Жиемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.