Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими томонидан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича фотомухбири Мақсад Ҳабибуллаев суратлари асосида “Мўйноқ: кеча ва бугун” номли онлайн кўргазма ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Оролбўйи ҳудудини, шу жумладан, Мўйноқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш борасида кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда.
Туман марказидаги эски бинолар ўрнига замонавий иншоотлар, аҳоли дам олиш масканлари ва хиёбонлар қад ростламоқда. Электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви тармоқлари қайта янгиланди. Ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, мевали ва манзарали дарахт ҳамда турли гул кўчатлари экилмоқда. Қисқа вақт мобайнида мўйноқликлар бир қанча янгиланишларнинг гувоҳи бўлди. Туманда мактабгача таълим ташкилотлари, спорт комплекси, амфитеатр, маданият саройи ва бошқа қатор объектлар янгидан фойдаланишга топширилди. Шунингдек, бир қатор ишлаб чиқариш корхоналари қурилиб, ишга туширилди. Бир сўз билан айтганда, Мўйноқ ҳақиқий жадал ривожланаётган масканга айланиб бормоқда.
— Онлайн кўргазма томошабинларда катта қизиқиш уйғотмоқда, — дейди Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими бош илмий котиби Ахмет Хожамбергенов. — Фотомухбир Мўйноқда тонг отиши, кун ботиши, униб чақаётган турли ниҳоллар, барча соҳаларда меҳнат қилаётган одамлар ҳаётини моҳирлик билан объективга олган. Онлайн кўргазмани томоша қилган одам ўзини худди Мўйноқда юргандек ҳис қилади. Келгусида бошқа мавзуда ҳам ҳамкорликда кўргазмалар ташкил этиш режалаштирилган.
Мазкур кўргазмада фотомухбирнинг Мўйноқ туманида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, ҳудуднинг ўзига хос табиати, турли соҳалардаги ўзгаришлар жараёнидан туширилган 50 дан зиёд фотосурати ўрин олган.
Д.Абибуллаев.




